Нодавлат спорт-таълим муассасаларида Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

0
139
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни тайёрлашда давлат ва нодавлат спорт-таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, хусусий таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ–5280-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида:

1. 2022 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасасини (кейинги ўринларда – нодавлат спорт-таълим муассасаси) давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилсин:

ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ҳамда совриндор бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт-таълим муассасаси фаолиятини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларни 2024 йил 1 январга қадар ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) уларга тақдим этиш;

2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар нодавлат спорт-таълим муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларини 50 фоизга камайтириш.

2. Нодавлат спорт-таълим муассасалари Солиқ кодексига асосан ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланиши маълумот учун қабул қилинсин.

Спортни ривожлантириш вазирлиги (М.Исмаилов) ҳамда Молия вазирлиги (Д.Султанов) нодавлат спорт-таълим муассасалари учун Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ имтиёзлари бўйича кенг тушунтириш ишларини ҳудудлар кесимида амалга оширсин.

3. Спортни ривожлантириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда нодавлат спорт-таълим муассасасини божхона божини тўлашдан озод қилишни (қисман озод қилишни) назарда тутувчи қонун лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 октябрдаги “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчилари ва уларнинг тренерларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 878-сон қарорига мувофиқ нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган давлат спорт-таълим муассасалари тренерларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари нодавлат спорт-таълим муассасаларида фаолият юритаётган тренерлар учун ҳам татбиқ этилади.

5. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Р.Ирматов) ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) билан биргаликда икки ой муддатда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда нодавлат спорт-таълим муассасаларининг иқтидорли спортчиларини аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция), шунингдек, уларни Ўзбекистон Республикаси терма жамоаларининг асосий ва захира таркибларига таклиф этишнинг тартибини тасдиқласин ва амалиётга жорий қилсин.

6. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилиш мақсадида:

Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Р.Ирматов) ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) билан биргаликда бир ой муддатда ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ҳамда совриндор бўлган спортчилар билан учрашиб, нодавлат спорт-таълим муассасасини ташкил қилиш ниятини билдирган спортчиларнинг аниқ рўйхатини шакллантирсин ҳамда ушбу рўйхатни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига етказсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов) билан биргаликда бир ой муддатда давлат тасарруфидаги бино ва иншоотларнинг манзилли рўйхатини шакллантирсин;

Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (Р.Ирматов), Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхатга биноан давлат тасарруфидаги бино ва иншоотларнинг нодавлат спорт-таълим муассасасини ташкил қилиш ниятини билдирган спортчиларга ижара шартномаси асосида белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кучимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти тўғрисида махсус кўрсатувлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

8. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Нодавлат спорт-таълим муассасаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

9. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Р.С.Ирматов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М.Ташходжаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.