Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи чоғида муқаддас Макка шаҳрида ҳам бўлиб, умра амалларини бажарди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Давлатимиз раҳбари динимиз арконларига мувофиқ эҳромга кириб, намоз ўқиди, талбия айтиб, Масжидул Ҳарамга борди.
Маълумки, Каъбатуллоҳнинг ичига кириш мусулмонлар орзу қиладиган улуғ шарафдир. Президентимиз ана шундай шарафга муяссар бўлиб, Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди.
Сўнг, Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилинди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари, уламо ва зиёлилар билан биргаликда юртимизга тинчлик ва тараққиёт, халқимизга саломатлик ва фаровонлик тилаб дуолар ўқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига давлат ташрифи билан — муқаддас Мадина шаҳрида бўлиб турганида мусулмон оламининг энг муқаддас масжидларидан бири Масжид-ул-Набавий ҳудудидаги Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дафн этилган Равзаи Муборакни зиёрат қилганди.
Президентимиз энг олий мартабали меҳмонларгагина киришга рухсат бериладиган Оиша (р.а.) онамизнинг Ҳужраи-Саодатларига кириб, Ўзбекистон халқи номидан Пайғамбаримизга (с.а.в.) саломларни етказдилар.
Шунингдек, ушбу муборак масканда дафн этилган халифалар Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ҳамда Умар ибн Хаттоб (р.а.) ҳаққига дуо қилдилар.
Яратгандан Ватанимиз, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қилдилар. Кўпнинг дуоси кўл. Айниқса, Аллоҳнинг назари тушган инсонларнинг. Аллоҳим, солиҳ бандаларингни дуоларини ижобат қилгайсан.