Зарафшонда ойна ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди

0
129
марта кўрилган.

Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида “Зарафшон ойна” корхонасини ишга туширишга бағишланган маросим бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Маълумки, ойна саноат, қурилиш ва маиший ҳаётда энг кўп ишлатиладиган маҳсулотлардан. Хусусан, юртимизда қурилиш ойнасига бўлган талаб йилига 38 миллион квадрат метр. Навоий вилояти эса пардозбоп тош, кварц қуми, базальт ва каолин захираларига бой.

Шу боис давлатимиз раҳбари 2018 йилда вилоятга ташрифи чоғида ойна ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган эди. Бугунга келиб, 250 миллион долларлик ушбу лойиҳа ҳаётга кўчди.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, “Зарафшон ойна” корхонасини ишга туширди.

— Ҳозиргача бундай корхоналар Фарғона ва Жиззахда бор эди. Мана, уларнинг сафига янги барпо этилган, кенг турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Зарафшон ойна” корхонаси ҳам қўшилмоқда. У келгусида янада ривожланиб, халқимизга хизмат қилишига ишонамиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 миллион квадрат метр. Маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга экспортга ҳам мўлжалланган. Бу ерда 700 киши иш билан таъминланган.

Тадбирда Ғозғон шаҳридаги “Maрмаробод” корхонаси билан ҳам видеоалоқа орқали боғланилди. У мармар ва гранит тошларни қазиб олиб, қайта ишлашга ихтисослашган. Хитой ва Эрон давлатларидан ускуналар олиб келиниб, муҳандис ва мутахассислар жалб қилинган. 300 киши иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари Навоий шаҳридаги “Гидро Станко Сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Навоий вилояти саноатлашган ҳудуд. Бу ерда тоғ-кон, металлургия, кимё, энергетика корхоналари кўп. Уларга, умуман, юртимиз саноати ва қишлоқ хўжалигига машинасозлик маҳсулотлари доим зарур.

“Гидро Станко Сервис”да айнан шулар ишлаб чиқарилади. Бу ерда кооперация орқали 100 дан ортиқ қурилма ва мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар маҳаллийлаштирилган. Натижада 2021 йилда 12 миллион доллардан зиёд валюта маблағларини тежашга эришилган. Жорий йил якуни билан ишлаб чиқариш миқдори 23 миллион доллар бўлиши кутилмоқда.

Корхонага ускуналар Германия, Туркия, Италия ва Хитойдан келтириб ўрнатилган. 370 киши иш билан таъминланган.

Бугунги кунда корхонада қуюв цехи ташкил этиш ва маҳсулотлар турини кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда.

Президентимиз мутасаддиларга маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Бугунги кунда Навоий вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида қиймати 1 триллион сўмга яқин 113 та лойиҳалар амалга оширилмоқда. Буларнинг натижасида жорий йилнинг ўзида 100 миллион долларлик импорт қисқартирилишига эришилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.