БМТнинг сиёсий кун тартибидаги муҳим масалалардан бири – гендер тенглигини таъминлашдир. “БМТ-аёллар” тузилмасининг вакили Улзийсурен Жамсран билан учрашувда ҳам айнан шу масала диққатимиз марказида бўлди.
Музокаралар давомида тузилманинг гендер тенгликни таъминлашга қаратилган илғор тажриба марказини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласини батафсил муҳокама қилдик.
Ўзбекистонда аёллар ва қизлар манфаатларини таъминлаш борасидаги тизимли ишларда айнан БМТ тавсиялари бирламчи аҳамиятга эга омил сифатида инобатга олинган. Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти каби халқаро платформанинг ташкил этилиши ҳам “БМТ-аёллар” ташкилоти билан тизимли ҳамкорликнинг бевосита амалий натижасидир.
Ишонаманки, Тошкент шаҳрида “БМТ-аёллар” тузилмаси билан ҳамкорликда илғор тажриба маркази ташкил этилиши Ўзбекистон тажрибасини глобал миқёсда илгари суришга хизмат қилади ва мамлакатимизни жаҳон саҳнасида халқаро ташаббуслар драйвери сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлайди.
*******
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска билан “Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш орқали тенгликка эришиш” қўшма лойиҳаси Кенгаши мажлисида лойиҳа бўйича йил якунлари ва 2023 йилги иш режасини муҳокама қилдик.
Лойиҳанинг мақсади — гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш билан бирга жамиятда мустаҳкам ўрнашиб қолган стереотипларни ўзгартиришдан иборат.
Ҳамкорликда ўтказилган умуммиллий тадқиқот ҳар бир ҳудуд бўйича гендер стереотиплар, жамиятда мавжуд бўлган камситиш ҳолатларининг турли шаклларини аниқлашга йўналтирилган.
Эътиборимиз марказида бўлган яна бир масала — хотин-қизлар учун ижтимоий-иқтисодий имкониятларни яхшилаш орқали уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва гендер тенгликка зид ижтимоий нормаларни ўзгартиришга эришишдир.
Аёлларимиз ҳар қандай ижтимоий меъёр ва қолипларнинг қурбони бўлмасликлари зарур.
Танзила НОРБОЕВА телерамм каналидан