Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари

0
113
марта кўрилган.

Президент ҳузурида    Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда, дея хабар берилади  Президент матбуот котиби Шерзод Асадов телеграмм каналида.

Давлатимиз раҳбари бу соҳада муаммолар тўпланиб қолгани, уларни ҳал этиш учун транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизимини ўзгартириш зарурлигини қайд этди.

Айрим вилоят марказларида жамоат транспортини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилмагани, жойларда айрим автобус йўналишлари ишламаётгани, бекатлар етишмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Транспорт корхоналари кунлик “тушум плани”ни бажаришга боғланиб қолиб, куннинг “энг даромадли” пайтида (эрталаб соат 8-10 да, кечқурун соат 17-19 да) ҳаракатланишга одатлангани танқид қилинди. Қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур.

Шу муносабат билан Президент соҳада молиялаштириш, автобус йўналишларини ташкил этиш, автопаркни янгилаш ва инфратузилмани такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий қилиш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Эндиликда маблағ автобуснинг юрган масофаси ва одамлар бу хизматдан розилигига қараб берилади.

Хизмат сифатига – автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади.

Бунда, ташувчи тадбиркор ҳар 1 километр учун 10 фоиз рентабеллик билан кафолатли тўловни олади.

Шу пайтгача бўлган кунлик тушум “плани”ни белгилаш амалиёти бекор қилинади.

Бундан ташқари, аҳолига қулай йўл ҳақи тарифларини (йиллик, чораклик, ойлик, кунлик, соатлик) жорий қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Президент йил якунига қадар барча автобус маршрутлари аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилиши шартлигини таъкидлади.

Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Транспорт университети билан биргаликда 1 июлга қадар барча вилоят марказларининг Транспорт бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказиб, уларнинг фикрларини олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Автобуслар паркини кенгайтириш учун ташувчи тадбиркорларга автобус паркини янгилашни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Жумладан:

— ташувчиларни танлашда автобуснинг янгилигига қараб, йўналишда йўловчи ташишнинг кафолатланган муддатлари 7 йилгача узайтирилади (10 ёшдан ошган автобуслар бўйича шартнома тузилмайди);

— тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилади;

— автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.