Инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

0
70
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 март куни инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳити самарасида сўнгги йилларда чет эл корхоналари 5 мингтадан 16 мингтага кўпайди. Ҳар бир туман ва шаҳарга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди.

Экспорт қилувчи корхоналар сони беш йилда 4 минг 500 тадан 7 минг 200 тагача кўпайди. Экспорт қилинаётган маҳсулот турлари ҳам 1 минг 500 тадан қарийб 3 мингтагача ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага етди. Тайёр маҳсулот экспорти 2 бараварга, уларнинг товарлар экспортидаги улуши 50 фоиздан 65 фоизга ошди.

Бу суръатни изчил давом эттириб, жорий йилда қарийб 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳудудларда 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган.

Энди уларни амалга ошириб, халқ манфаатига йўналтириш керак.

Йиғилишда мутасаддилар шу борадаги ишлар юзасидан ҳисобот берди. Йил бошидан 764 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилгани, 1 минг 300 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилгани қайд этилди. Экспорт 3 миллиард долларни ташкил қилган.

Давлатимиз раҳбари бу натижалар етарли эмаслигини, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда икки карра кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.

Ускуналарни олиб келиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишда логистика масалалари кундан-кунга долзарб бўлиб бормоқда. Бу ҳолатда хорижий инвестициялар жалб қилиш ҳам қийинлашмоқда. Аниқ лойиҳалар ва инфратузилма масаласи ҳам долзарб.

Шу боис Президентимиз ишга тушадиган лойиҳалар ижросини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида кунлик назорат қилиб, муаммоларни ҳал қилиб бориш зарурлигини таъкидлади. 304 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида шу йилнинг ўзида 10 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва 200 миллион долларлик экспорт қилиш имкониятлари мавжуд.

Ташқи бозорларни доимий таҳлил қилиб, янги бозорларни ўзлаштириш, янги транспорт йўлакларини топиш бўйича кўрсатмалар берилди. Рақобат кучайиб бораётган айни пайтда маҳсулотлар сифатини ошириш ва таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Юқори технологик ва қўшилган қийматли маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш тизимини жорий қилиш, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Саноат сиёсати тадқиқотлари марказини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.