Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг даромадларини ошириб бориш мақсадида:
1. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилсин.
2. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 347 000 сўм;
ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 677 000 сўм;
ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 747 000 сўм;
меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 747 000 сўм;
1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 296 000 сўм;
белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 747 000 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 535 000 сўм;
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўмдан қўшилсин;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўлансин.
3. 2023 йил 1 майдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилсин.
4. 2023 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм;
базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгилансин.
5. Белгилансинки:
бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақларини ошириш билан боғлиқ харажатлар – Ўзбекистон Республикасининг “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини, шунингдек, айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлар учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан;
пенсиялар ва нафақалар миқдорларини ошириш билан боғлиқ харажатлар – Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
6. Мазкур Фармон талабларини бажариш учун талаб этиладиган қўшимча маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети харажатларини ошириш ҳисобига молиялаштирилсин.
Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.
7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д. Кудбиев белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев