Куз-қиш мавсумига тайёргарлик: 1 минг 487 та мактабга қуёш панеллари ўрнатилди

0
83
марта кўрилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда? Келаётган қиш фаслида таълим масканларида иситиш тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлаши таъминланадими?

Умумтаълим мактабларидаги иситиш тизимининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлаши, улардаги муҳандислик-коммуникация тармоқларининг мунтазам шай ҳолатда сақланиши долзарб вазифалардан.  

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда республика бўйича жами 10 минг 118 та умумтаълим мактаби ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолият юритмоқда. Ушбу умумтаълим мактабларининг 3 минг 284 таси ёки 32,5 фоизи табиий газ ёқилғисида, 23 таси ёки 0,2 фоизи суюқ ёқилғида, 6 минг 807 таси ёки 67,3 фоизи кўмир ёқилғисида, 4 таси ёки 0,04 фоизи электр энергияси билан иситилади.  

Шунингдек, мавжуд 6 минг 386 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг 2 минг 300 таси ёки 38,7 фоизи табиий газ ёқилғисида, 3 минг  599 таси ёки 60,6 фоизи кўмир ёқилғисида, 37 таси ёки 0,6 фоизи электр энергияси билан иситилмоқда. Вазирлик тизимидаги 1 минг 128 та таълим ташкилоти, жумладан 511 та мактаб ҳамда 617 та боғча биноси марказий иситиш тармоғига уланган. 158 та мактаб биноси қўлбола печларида иситилади.  

Қайд этилишича, таълим ташкилотларида электр таъминотини тежаш мақсадида бугунги кунга қадар қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 390 та ҳамда маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 1 минг 97 та мактабга қуёш панеллари ўрнатилди. 2 минг 107 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 511 тасига қуёш панеллари ва 100 тасига қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда 2 минг 229 та мактабгача таълим ва 2 минг 335 та мактабнинг локал иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш белгиланган. 

Мазкур ҳужжатга асосан, айни вақтда режага киритилган таълим ташкилотлари локал иситиш тизимларини кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича тегишли вазирлик ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.