Ўзбекистон Президентига Туркий давлатлар ташкилотининг олий мукофоти топширилди

0
97
марта кўрилган.

Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени”ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Ташкилот давлатлари раҳбарлари номидан мукофотни Қозоғистон Президенти топширди.

– Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан, — деди маросимда давлатимиз раҳбари, ҳамкасбларга миннатдорлик билдириб.

Охирги даврда Туркий дунёнинг нуфузи ва салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ юксалаётгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга аъзо бўлиб кирганидан буён мамлакатимиз томонидан туркий мамлакатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Мамлакатимизнинг ташкилотга раислиги даврда 100 дан зиёд турли тадбирлар ўтказилди, амалий ҳамкорликнинг янги самарали механизмлари яратилди, нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар билан яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилди.

Ташкилотга аъзо барча давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалар изчил кенгаймоқда, стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди, савдо ҳажмлари ортмоқда, кооперация кучаймоқда.

– Барчамизнинг орзу ва мақсадларимиз, интилиш ва ҳаракатларимиз уйғун ва ҳамоҳангдир. Азалдан дўст ва қардош бўлган туркий халқларимиз бундан кейин ҳам аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, ёруғ келажакни биргаликда бунёд этадилар, — деди давлатимиз раҳбари.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.