Олимпия шаҳарчаси илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади

0
51
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Маълумки, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари юртимизда ўтказилади. Шу боис Олимпия шаҳарчасида мазкур мусобақалар дастурига киритилган барча спорт турлари учун шароит бўлади. Унинг майдони 100 гектар. Асосий иншоотлар — 10 минг ўринли стадион ва 2 мингдан томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуаларидир.

Шунингдек, 4 қаватли маъмурий бино, 15 та очиқ спорт майдони, югуриш йўлаклари, боғлар барпо этилади. Умуман, шаҳарчанинг 54 фоиз майдони яшил ҳудуд бўлади. Бунинг учун 37 гектарда сунъий кўллар ташкил қилинади.

Лойиҳа 70 та мамлакатда спорт иншоотлари қурган Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Бундан бир йил олдин, 9 ноябрь куни давлатимиз раҳбари мазкур шаҳарча қурилишига тамал тоши қўйган эди. Бугунги кунда асосий биноларнинг пойдевор ишлари тўлиқ бажарилган. 5 та мажмуанинг конструкциялари тикланиб, қад кўтариб қолган. Қурилишга мингга яқин ишчи ва муҳандислар, махсус техникалар жалб қилинган.

Давлатимиз раҳбари шаҳарчани эксплуатация қилиш бўйича хорижий тажрибани жорий этиш, хавфсизлик чораларини кўриш ва қулайликларни ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.

— Осиё ўйинлари ўтгандан кейин мажмуалар бўшаб қолиши керак эмас, халқимизга хизмат қилиши керак. Бу ерда машғулотлар билан бирга спорт таълими, илми, тиббиёти мужассам бўлиши зарур. Яъни, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинчалик бу ерда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, Ўзбекистон давлат спорт академияси ва бошқалар фаолият кўрсата бошлайди. Майдончаларда юртдошларимиз ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.

— Келажакда бу шаҳарча билан болалар спорт мактабларини ҳам боғлаш керак. Оммавий спортдан профессионал спортга ўтиш кўприги бу, — деди Президент.

Шаҳарчада паралимпия ўйинлари ҳам ўтказилгани боис жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулай йўллар ва алоҳида секторлар ташкил этилади.

Президентимиз тавсиясига мувофиқ, мажмуада қайта тикланувчи энергиядан ҳам фойдаланилади. Йиллик қуввати 10 мегаватт 56 минг квадрат метр қуёш панеллари ўрнатилади.

Шу ерда Тошкент шаҳри бўйича ўтган йили тақдимот қилинган инвестиция дастурига мувофиқ, бу йил ишга туширилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 360 та лойиҳа бажарилиб, жами 20 мингта иш ўрни яратилган. Шунингдек, келгусида Янги ҳаёт туманида 650 гектар майдонда янги авлод саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.

Эслатма: Бундан бир йил олдин, 9 ноябрь куни давлатимиз раҳбари мазкур шаҳарча қурилишига тамал тоши қўйган эди. Ўша даврдан суврат.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.