Давлатимиз байроғи қабул қилинганлигига 32 йил тўлди

0
216
марта кўрилган.

1991 йилнинг 18 ноябрь санаси «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинган сана сифатида тарихга муҳрланди.

Конституциямизда белгиланган Давлатимиз рамзларидан бири – байроқ. Конституциямизнинг 5-моддасида шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўзбек давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Байроғи, герби, мадҳияси каби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, тимсолидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари ўтказилган VIII сессиясида 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган эди. Мана шунга ҳам ўттиз икки йил тўлди.  Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб,  “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Чунки, барча  давлат байроғидан фойдаланиш тартибини яхши билиши зарур.  Бу борада ушбу йил миллий  қонунчиликимизда   ўзгаришлар бўлди.

Президентимиз томонидан 2023 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун имзоланди. Қонун билан байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан қуйидагиларда фойдаланилишга рухсат берилди: жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида, спорт мусобақаларида, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбобларининг, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, қонунда байроққа нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлиш ҳоллари ҳам  белгиланди: байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги ўчган ҳолда ва бошқа номаъқул тарзда, бирор-бир нарса учун устки ёпинғич, кийим, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, шунингдек буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш, байроқни столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки унинг тасвирини тушириш ва ундан қоплама сифатида фойдаланиш, шунингдек уни ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки унинг тасвирини тушириш, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.

Фарзандларимизга  байрақимизда белгиланган рамзларни ҳам қайта-қайта гапириб англатишимиз керак. Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи бугунги Ўзбекистон сарҳадини қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзидир. Бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шухрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлатининг байроғи ҳам мовий рангда бўлган.

Оқ ранг муқаддас тинчликни ифодалайди, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг поклик, беғуборлик, софликни ҳамда ички гўзалликка интилишни ҳам ўзида ифодалайди.

Яшил ранг — табиатнинг янгиланиши рамзи. У умид, навқиронлик ва шодумонлик тимсолидир.

Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Навқирон ярим ой тасвири бизниг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни кунда қўлга киритилган мустаққиллигимиз рамзидир.

Юлдузлар барча учун руҳий қувват, илоҳий тимсол ҳисобланади. Байроғимиздаги 12та юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги қуёш йилномамизга бевосита алоқадордир. Бизнинг 12 юлдузга бўлган эътиборимиз мамлакатимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида”Нужум илми” тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Шунингдек, у ўзбек халқи маданияти қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушиниш лозим.

Байроғимиз халқаро ташкилот БМТи биносида ҳилпираганда, расмий учрашувларда, спорт майдонларида баланд кўтарилганида қалбимизни фахр туйғуси қамраб олиши ана шундандир. Азиз фарзандларимиз,  миллий фахримиз бўлган, ўзлигимизни англатувчи байроғимизни авайланг, асранг ва уни бурчим дея билинг!

Саёҳатларга чиқишни хуш кўраман. Жамоа бўлиб  саёхатга қадимий масканларга уюштирилган тадбирларда.  атрофни кузатаман. Сингапур, Малайзия, Таиланд, Индонезия саёҳатчиларининг  етакчилари қўлида мўъжазгинаўз мамлакатининг рамзи байроғи бўлади. Тўпланадиган пайтда байроқ юқори кўтарилади. Ана шунга қараб бир-бирини топиб олишади.  У халқни бирлаштирувчи кучга  эга гўзал анъанадир. 

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.