21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.__
Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат етакчиларининг жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош ассамблеяси йиғилиши доирасида ўтган учрашувида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Турли ҳамкорлик форматларида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Етакчи компанияларнинг кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда Жанубий Кореянинг банк-молия институтлари билан янги шериклик дастурини шакллантиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Қўшма Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини жорий йил охиригача ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентлари бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.