Муҳаммадали Қўшмоқов: ШЕЪРЛАР

0
123
марта кўрилган.

Муҳаммадали Қўшмоқовни эслаб: Олим ва хассос  шоир, бош муҳаррир Муҳаммадали Қўшмоқов билан “Соғлом авлод учун” журнали таҳририятида 2-3 йил бирга ишлаганман. Таҳриятимиз Бобур Мирзонинг бобоси қурдирган қадимий мадраса ёнидаги тўрт қаватли бинода жойлашган эди. Бу ерда  доимо ижодкорлик, самимият, фикрлашиб ва маслаҳатлашиб ишлаш кайфияти кезарди. Мўъжазгина жамоамиз орасида аёллардан — Гулчеҳра Муҳаммаджон ва мен. Тушликни жамоамиз билан бирга ўтказардик. Рўзғор учун барча шароит яратилган эди. Гулчеҳра овқат пиширарди, мен ёрдамлашардим. У пайтларда ташқарига чиқиб тушлик қилиш учун “маош ва чўнтак” кўтармасди. Мен  болаларга аталган уйнинг кредитини тўлардим. Дастурхон атрофига ёшу кекса барчамиз йиғилардик. Адабий гурунг янада қизир эди. Журналимизнинг техник ва ижодий ишларини ҳам шу йиғинда  келишиб олардик. Журнал атрофига кўплаб олим, шоир, хуллас ижодкорлар йиғилган, уюшган эди.

Шоир Абдулла Шернинг ташбеҳга бой шеърларини, Шомирзонинг  олимона теранг фикрларини жони дилимиз билан тинглардик. Мен шу анъанани, бир дастурхон атрофида ўтириб фикрлашишни  кейинчалик “Соғлом авлод” журналига бош муҳаррир бўлганимда давом қилдирдим.

Муҳаммадали Қўшмоқов олим, шоир, раҳбар бўлиш билан бирга сермулоҳазали, ўзганинг фикрини ҳурмат қиладиган, диққат билан тинглай оладиган, серфикрли, сермулоҳазали, самимий инсон эди. Инсон кишилик жамиятида уйғунликда яшар экан, атрофидаги кишилардан ниманидир ўрганади, эзгуликларни ўзига сингдиришга  ҳаракат қилади. Муҳаммадали ака Қўшмоқов ўзидан бахшиларга хос шеърлар ва чуқур илм билан суғорилган публицистик асарлар, илмли, салоҳиятли гўзал фарзандлар қолдирди. Халқона қилиб айтсак, яхши излар қолдирди. 

Муҳаммад аканинг охирати обод бўлиб, ётган жойи нурга  тўлсин!

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова

Хуршид Даврон ўзининг kh-davron.uz сайтида Муҳаммадали Қўшмоқовни шундай хотирлайди: «Муҳаммадали ака ҳақида роппа-роса 10 йилча аввал мана буни ёзган эканман: Мен Муҳаммадали Қўшмоқовни ўзбек шеъриятининг мазмуни, оҳанги ва тафаккурига ўзгартириш киритмоқни мақсад қилган, шу ниятда тинимсиз изланган, кўпинча айни шу изланишлари туфайли «калтакланган» шоирни ўз авлодининг ёрқин вакили деб биламан. У ўзбек шеъриятида миллий заминга оёқ тираган — бугун кўп тилга олинадиган атама билан айтсак — модерн шоир, яъни ўзига хос шоирдир. Адабиёт тараққиёти ҳамиша ўз овозини, ўз сўзини излаб, шеър биёбонини адашиб кезган, йўл излаб дунёнинг тўрт томонига баробар кўз тиккан айни шундай шоирлар ижодига ҳам боғлиқ эканини унутмаслик керак…» .

Муҳаммадали Қўшмоқов: ЁМҒИРДАН КЕЙИНГИ УМР…

Ёшим — ўн уч,

Сентябрь.

Пахтазорда,

кўсакдек мудраб кетибман;

бир булбул тушимга кирди.

…Онамдан ўрганган дуони

пичирлардим, кўзларимда ёшлар қалқарди;

«Ёмғирдан кейинги

атиргулга айланиб қолсин қўлларим:

майли, қўлимнинг фақат биттаси

атиргулга айланса ҳам…

Шу булбул қўнсин қўлимга;

майли, мен уни тутиб олмайман,

Ахир, атиргул бўлиб қолди-ку қўлларим,

мен тутолмайман,

бир қўнсин шу булбул қўлимга,

майли, сўнгра, учиб кетса…»

Ўша булбул ҳалиям тушларимга кирар;

қўлларим бўлса,

зориқиб кутарлар атиргулга айланишларини…

***

Ёмғир эса умр дегани — шу тоза чаман узра ёға-ёға адо бўлсин:

офтоб эса ҳаёт дегани —шу тоза чаман узра ёрга ёлчиган йигит кўнглидай тўлсин;

осмонли, баҳорли, булбулли ёруғ жаҳон бодомдай эрта гуллаган менинг умидларим билан

шу тоза чаман ичра бирга-бирга боғи кўкариб кулсин…

***

Мажнунтолнинг чилвир новдаларини

Қорасувлар кўзи билан кўрсангиз —

Англардингиз мени.

Турналар кўчганда,

Мезонлар учганда,

Симоб каби эриб, балқиб турсангиз —

Англардингиз мени.

Нозанин тераклар барг ёзган лаҳза

Кўзингиз намланса завқнинг зўридан —

Англардингиз мени.

Ўт бўлиб қўлимдан тутган чоғингиз,

Тушунсангиз тошлар, юлдузлар тилин —

Англардингиз мени.

Бемаҳалда босган сел, жалалардан

Асролсангиз ғунча бокиралигин —

Англардингиз мени.

***

Бошоқ тортар буғдой…

Шабнам жон бергудай унинг пойида.

Бошоқ тортган буғдой зса,

қуёш ўйида.

Одамзод юрагидир —

бошоқ торттан буғдой.

Ўзанига қайтади тошган сув;

У, гўё кўз —

тушлардан толиққан;

оч қашқирнинг жағидек қаришмиш

хаёллари—

тўлқинлар чолиққан.

Одамзоднинг қайғусидир бу.

Ўрик бешикларнинг устида

ўргилиб ўтирар жувонлар,

қоратол бешиклар устида

гул бўлиб ўтирар жувонлар —

одамзоднииг шодлигидир бу.

***

Ойдан ёғдингизми?..

Кундан ёғдингизми?..

Муҳаббат деганлари

Сизмидингиз, ёруғлик?..

Шу кунгача яшаб улгурганларим,

яшаб улгурмоққа шайланиб турганларим

Сархушлик эдими —

тарқади-кетди;

Шу кунгача топганларим,

экканларим, тикканларим, йўқотганларим

топмаганларим, экмаганларим, тикмаганларим,

йўқотмаганлариммиди ? —

ҳа десам — ҳа дегулик эмас,

йўқ десам — йўқ дегулик эмас…

Ойдан ёғдингизми?..

Кундан ёғдингизми?..

Муҳаббат деганлари

Сизмидингиз, ёруғлик?..

ШОИР ҲАМЗА ЁДИ

Бир куни тонг олди эшитдики,

бир чинор новдасига дерди:

«Новдалик ҳам эви билан,

Энди чинор бўл, бўтам!»

Шунда у қалбан унди.

Қараса, бир қизил гул — чаккага тақса таққулик,

уздию чаккага тақди:

Лекин куни дастурхони теграсида ўтадиган мусича

Тумшуғини қаноти остига беркитиб туриб:

«Э, юртбузуқи…» — деди —

Шунда у дунёга қараб, сал жилмайиб, хўрсинди.

Қуёши тиккага келган сари

Наҳрлардан ошди,

Чўлларда дарёдай шошди —

Шунда: «Энди оламга келгандекман, —

деган хаёл элтди уни.

Улуғ шаршаралар оқимига

кўзини, сўзини, юлдузини тутди,

Шунда: «Энди оламга келгандекман», —

деган хаёл элтди уни.

Бу боғларни у ўн тўрт кунлик ойлатиб қўйди,

Бу гулзорини у тараққос бойлатиб ҳўйди,

Шунда: «Энди оламга келгандекман», —

деган хаёл элтди уни.

****

Шудринг бўлиб қалқар тошлар янги ой чиққан кеча,

Йўл бошлар қайрилма қошлар янги ой чиққан кеча.

Увоққина бу жаҳон мезон-мезон чуволиб,

Кўкимда соллона бошлар янги ой чиққан кеча.

Бошланур юлдуз қуюни бу сунбула кўнгилда,

Симобдай эрир бардошлар янги ой чиққан кеча.

Нигоронлик завқига сира ҳам чидам етмас —

Киприкка сизади ёшлар… Янги ой чиққан. Кеча.

Таҳририятдан: Устозлик мақомига эришган, кўплаб шогирдларни кенг йўлга йўллаган Муҳаммадали ака Қўшмоқовнинг оила аъзоларига,  яқинларига, дўстларига чуқур таъзиямизни  билдирамиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.