Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мамлакатимиз Конституциясининг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланган. Шунга мувофиқ, 2023 йил 1 июнда аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича фармон қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
Ўтган вақт мобайнида ўндан ортиқ давлатнинг тажрибаси чуқур ўрганилди, малакали экспертлар жалб қилинди. Шу асосда олиб борилган таҳлилларга кўра, бу соҳа 30 йил олдинги тизимда қолиб кетган, фақат давлат ажратган пулни тарқатиш билан шуғулланган. Бу айрим одамларни ўзини ўнглаб олишга эмас, ёрдам кутиб яшашга ўргатиб қўйган.
Мисол учун, меҳнатга лаёқатли кишиларга ҳам нафақа тўлаб келинган. Ногиронлиги борларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали ҳаётга қайтаришга етарлича эътибор берилмаган.
Давлатимиз раҳбари бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
– Бу соҳада умумий ишлаб бўлмайди. Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда шу борадаги устувор вазифалар белгиланди. Аввало, ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Сўнгги ойларда кам таъминланган оилалар манзилли ўрганилгани ҳамда тизим шаффоф қилингани натижасида доимий даромадга эга оилалар бундай тоифадан чиқарилган. Аксинча, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшаётган 2 минг кишига ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.
Умуман, ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмини ҳам билмайди.
Шу боис 1 июндан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини аниқлаш тартиби ва улар билан ишлаш тизими ўзгаради. Бунда эҳтиёжманд тоифани аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилади ва уларнинг айнан қандай ёрдамга муҳтожлиги аниқ белгилаб берилади. Муҳтожларнинг ҳар бири бўйича индивидуал ижтимоий хизматлар дастури бўлади.
Бу борада ягона саволнома жорий қилинади. Хонадонга “маҳалла еттилиги”нинг қайси вакили киришидан қатъий назар, оиладаги муаммо ва имкониятлар аниқланиб, “ижтимоий портрети” чизилади. Ёрдамдан сўнг хонадонда нима ўзгаргани мониторинг қилиб борилади.
Бу ерда гап маблағни қисқартириш ҳақида эмас, уни ўз эгасига – ҳақиқий муҳтожларга бериш ва жамиятга интеграция қилиш ҳақида кетмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати, маҳалладаги барча ижтимоий хизматларни босқичма-босқич ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси орқали тақдим этиш йўлга қўйилади. Бунда хизмат кўрсатувчи ҳам, ёрдам олувчи ҳам ўзига мажбурият олади.
Энди нафақа олувчилар рўйхатига, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, ота-онаси йўқ, боқувчисини йўқотган, касаллиги ва бошқа сабабга кўра узоқ муддат ишлай олмайдиганларнинг оилалари киритилади. Бошқа фуқароларни “ижтимоий реестр”га киритишда уларнинг фақат даромади эмас, балки харажатлари ҳам баҳоланади.
Шу йил 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали молиялаштирилади. Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги борларга қаровчиларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.
Йиғилишда ногиронлиги бўлган инсонлар манфаатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилган. Бундай шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар берилган.
Лекин кўп муассасалар, кўчалар ва бекатлар имконияти чекланган шахслар ҳаракатланиши учун мослашмаган. Мактаб ва коллежларда шароит йўқлиги сабабли ота-оналар ногиронлиги бор фарзандини узоқдаги махсус интернатга жойлаштиришга мажбур. Бу оила учун, айниқса, бола учун жуда оғир.
Шу боис энди ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим бўлади. Ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилади. Бунда ногиронлик касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланади.
Туман марказий шифохоналарида тиббий реабилитация хоналари ташкил этилади. Протез воситалари 18 турдан 30 турга, ажратилаётган маблағ эса 1,5 баробар оширилиб, улар билан таъминлаш электрон шаклда бўлади. Бундай воситаларни уйдан туриб, ваучер орқали онлайн ёки “Инсон” маркази ёрдамида исталган ишлаб чиқарувчидан олиш мумкин бўлади.
Бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаcи ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади. Жамоат транспорти, бекатлар ва чорраҳаларда улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилади.
Ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилади. Бундай шахсларни касбга тайёрлайдиган 4 та ихтисослашган мактаб саноат тармоқларига бириктирилади. Ногиронлиги борлар касаначилик ва ҳунармандчилик асосида яратган маҳсулотларни электрон платформа орқали сотиш йўлга қўйилади.
Спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилиб, ногиронлиги бор шахслар маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб қилинади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларда умид ва ўзига ишонч уйғотадиган бадиий асарлар яратилади.
Ота-она меҳрига муҳтож болаларни тарбиялаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Энди жойларда васийлик ва ҳомийлик масалалари, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар билан маҳалладаги ижтимоий ходимлар шуғулланади. Бунинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик комиссиялари тугатилиб, 1 августдан уларнинг ваколати “Инсон” марказларига ўтказилади.
Етим ва назоратсиз қолган болаларни қарамоққа олиш бўйича “ихтисослашган тутинган оила” тизими жорий этилади. Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич “ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинади.
Ота-онасидан айрилган йигит-қизларга кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Энди “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида уларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади.
Ички ишлар тизимидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари “Ҳаёт мактаби” сифатида қайта ташкил қилинади. Улар тарбияси оғир болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган масканга айлантирилади.
Етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга уй-жой бериш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Бунда “Инсон” марказлари томонидан ҳақиқатда уй-жойга муҳтож ёшлар рўйхати шакллантирилади. Уларга бериладиган уй-жойнинг нархи бозор баҳосидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида белгиланади.
Мутасаддиларга ҳозирда навбатда турган етим болаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.
Зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар реабилитация билан етарлича қамраб олинмагани қайд этилди. Шу боис бу борада маҳалла даражасида алоҳида тизим яратилади. Қийин вазиятдаги ёш оналарни қўллаб-қувватлаш, гўдаклар етим қолишининг олдини олиш учун “Оналар маскани” хизмати ташкил этилади. Шунингдек, туман шифохоналарида зўравонликка учраганларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган хоналар очилади.
Йиғилишда Бош вазир, соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар ишни ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берди.
– Жамиятимизда ижтимоий адолат ва инсон қадрини таъминлаймиз десак, бу янги тизимни жойларда самарали ишлатиб, муҳтож инсонларга мадад ва умид бағишлашимиз керак, – деди Президент.