Ўзбекистон Республикаси Президенти Душанбега келди ва расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

0
29
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Пойтахт аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди ва икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди. Ўзбекистон Президентини кутиб олишда Тожикистон ёшлари ва ижодий жамоалари вакиллари ҳам қатнашди.

Сўнг Президентимиз “Дўстий” майдонига ташриф буюриб, Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гул қўйди.

Душанбедаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар. Биргаликда суратга тушилди.

Айни пайтда давлат раҳбарлари икки томонлама учрашув ўтказмоқда.

Таъкидлаш жоизки, олий даражадаги музокараларда етакчилар Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, халқаро ва минтақавий даражадаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашадилар.

Ташриф дастурида икки мамлакат санъат усталарининг концертини биргаликда томоша қилиш ҳамда «Made in Uzbekistan» маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.

Давлат ташрифи доирасида бир қатор тадбирлар, шу жумладан хотин-қизлар форуми, Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар, олимлар ва тарихчилар конференцияси, миллий таомлар ва туризм салоҳияти фестивали бўлиб ўтди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида Ректорлар форуми ва Душанбе шаҳрида бизнес форуми ўтказилган эди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.