Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича ахборот берилди

0
53
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ушбу анжуманнинг нуфузи ва кўлами тобора ошиб бормоқда. 2022 йилда ўтган илк форумга 56 мамлакатдан мингдан зиёд хорижий меҳмонлар келган бўлса, бу йил 84 та давлатдан қарийб 2 минг 500 киши қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида ҳукумат вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, БМТ, ЕТТБ, ОПЕК, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар бор.

Шу боис форумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилди.

Форум мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларини кўрсатиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни келишиш учун қулай майдондир. Шу боис унинг доирасидаги тадбирлар, муҳокама қилинадиган масалалар кўп. Жумладан, шўъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби 40 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган. Шунингдек, юртимиздаги қатор лойиҳаларни ишга тушириш маросими кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари форумни юқори даражада ташкиллаштириш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини тўла намоён этиш бўйича кўрсатмалар берди.

3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ҳам ўтказилади.

Маълумки, ушбу кенгаш жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беради. Бу галги мажлисда ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.