Чарм ва ипак саноатини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди

0
69
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 май куни чарм ва ипак саноатини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимизда кўплаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, тез фурсатда иш ўрни ва экспортбоп маҳсулот яратадиган, юқори даромад келтирадиган кичик ва ўрта корхоналар ҳам керак. Бу борада энг катта имконият маҳаллий саноат тармоқларида.

Сўнгги йилларда бу йўналишларда тадбиркорлик учун кенг шароит яратилди. Масалан, чармга ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси ташкил қилинди. Янги лойиҳалар учун 40 миллион доллар арзон ресурс берилди.

Ўтган йили чарм саноатида ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 3 триллион сўмга етган. Лекин шунинг ярми Андижон ва Фарғона вилоятларига тўғри келган. Тери хомашёси кўп бўлган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмда бу кўрсаткич паст.

Тармоқ экспортида бирламчи маҳсулот ўрни юқори, тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз атрофида. Терини қайта ишлаш даражаси ҳам етарли эмас. Бунда чорвачилик кластерларидан тўла фойдаланилмаяпти.

Шу боис энди “Чармсаноат” уюшмаси фаолияти ўзгартирилиб, бу тармоққа Халқ банки бириктирилади. Вилоят ҳокимлари билан биргаликда, чармга ихтисослашган кичик саноат зоналарида 100 миллион долларлик лойиҳалар шакллантирилади.

 Шунингдек, Шароф Рашидов ва Оҳангарон туманларида чарм кластерлари ташкил қилинади. Уларда сув тозалаш иншооти ва бино қуриш учун 40 миллион доллар арзон ресурс йўналтирилади. Лойиҳаларга табиий ва сунъий чармдан маҳсулот чиқарувчи хорижий брендлар жалб этилади. Бунинг учун сорсинг компанияларига сарфланган корхона харажатининг 30 минг долларгача қисмини қоплаб бериш йўлга қўйилади.

Чорвачилик кластерларига озуқабоп экин учун ер ҳамда зотли қорамол учун кам фоизли кредитлар ажратилади.

Йиғилишда ипакчилик тармоғи ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

Охирги йилларда бу йўналишда ҳам кластер тизими жорий этилди. Жумладан, 74 та пилла-ипакчилик кластери ва 11 та уруғчилик корхонаси ташкил қилинди. Тут майдонлари 40 минг гектардан 55 минг гектарга кенгайди. Буларнинг натижасида пилла етиштириш ҳажми 2,5 баробар ошиб, 26 минг тоннага етди, ипак маҳсулоти экспорти 3 баробар кўпайди.

Лекин ипак қуртини парваришлаш, касалликдан сақлаш агротехникаси етарлича ривожланмаган. Оқибатда пилла олишда йўқотиш нисбатан кўп. 

Асосий экспорт ҳалигача хомашё бўлиб қолаяпти. Шу боис пиллани чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ҳажмини, мато ва уй текстили қувватларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу орқали дунёда ипак маҳсулотлари импортининг 45 фоизи тўғри келаётган Европа бозоридан ўрин олиш керак.

Пиллачиликда энг долзарб масала – озуқа. Бунинг учун янги навли ҳосилдор тут экишни кенгайтириш зарур. Шунингдек, пахта майдонлари четига бир-икки қатордан тут экилса, қўшимча озуқа манбаи яратилади.

Ҳокимларга янги тутзорлар ташкил қилиш учун 105 минг гектар ер ажратиш топширилди. Бу ерлар лотларга бўлиниб, аукцион орқали аҳолига берилади, аукционда ернинг бошланғич нархи 10 фоиз этиб белгиланади. Банд бўлмаган аҳоли, жумладан аёллар мономарказлар ва пиллачилик кластерларида қисқа курсларда ўқитилади.

Шу пайтгача пилланинг харид нархи пастлиги учун одамларда манфаатдорлик паст эди. Президентимизнинг куни кеча имзоланган ипакчиликни ривожлантиришга оид фармонига кўра, пилланинг харид нархи 25 фоизга оширилди. Пиллакорлар даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди, тутзорлар учун ер солиғининг 10 фоизи тўланадиган бўлди.

Тармоқда самарадорликни оширишнинг яна бир йўли – муқобил усулларни қўллаш. Масалан, Хитойда канакунжут қуртини парваришлаб, ипак олиш кенг йўлга қўйилган. Бу янги йўналишни ўзимизнинг иқлим шароитимизга мослаб, татбиқ қилиш мумкин.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига канакунжут ўсимлиги ҳамда қурти уруғларини олиб келиб, Ипакчилик институтида синовдан ўтказиш топширилди.

Ҳокимлар ва соҳа мутасаддиларига пилла мавсумини сифатли ташкил этиш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Аҳоли бандлиги ва маҳаллий саноатда гилам ишлаб чиқаришнинг ҳам ўрни бор. Ўтган йили бундай корхоналарга марказлашган ҳолда полипропилен олиб келиш йўлга қўйилгани ўз самарасини берди. Бу тажриба давом эттирилиб, маблағ икки карра кўпайтирилиши, валюта тушумигача бўлган вақт инобатга олиниб, тадбиркорларга полипропилен 1 йилгача муддатга берилиши айтилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ушбу саноат тармоқларидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди. Уларнинг муаммолари ва таклифлари асосида мутасаддиларга Европа сертификатини олишда тадбиркорларга кўмаклашиш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, чет эллардаги савдо уйларида миллий чарм, гилам ва ипак маҳсулотларини ҳам жойлаштириш, малакали ўрта бўғин ходимларини тайёрлаш ва бошқа масалалар бўйича кўрсатмалар берилди.

Кун тартибидаги иккинчи масала – Сайхунобод тажрибасининг жойлардаги ижросига қаратилди.

Бу борадаги ишлар натижасида апрель ойининг ўзида 365 минг аҳоли бандлиги таъминланган ва тадбиркорликка жалб қилинган. Банклар ўз мижозларининг муаммоларини ҳал қилиб, 115 минг кишининг ишли бўлишига шароит яратган. Маҳаллаларда 70 мингта микролойиҳа амалга оширилган. 465 минг гектар томорқага экин экилган.

Лекин айрим ҳудудларда сусткашликлар ҳам бор. Масалан, ўрганиш ўтказилган 7 та туманда ўнлаб томорқаларда маҳсулот экилмаган.

Сусткашликка йўл қўйгани учун туман даражасидаги 382 нафар масъуллар ишдан олингани маълум қилинди.

Президентимиз бандлик ва аҳоли даромади масаласи бирламчи аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидлаб, барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирди.

Сайхунобод тажрибаси бўйича ишларни туман ва маҳалла кесимида сифатли ташкил этиш, аҳолига доимий иш ўрни ва даромад манбаи яратиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Маҳаллалардаги яна бир муҳим масала – тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси.

Жорий йилнинг тўрт ойида 115 минг нафар хорижда ишлаётган фуқаролар юртимизга қайтиб келган. Йил охиригача яна 250-300 минг нафари қайтиши кутилмоқда. Уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан интеграция қилиш вазифаси қўйилди.

Муҳокама қилинган вазифалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.