Ҳаётда оддий қаламнинг, сўзнинг қудрати, мўъжизаси беқиёс аҳамиятга эгадир. Бу — исбот талаб қилмас ҳақиқат. Негаки, оламшумул ғоялар, муҳим тарихий воқеа-ҳодисалар, буюк алломаларнинг асарлари ҳам дастлаб қалам орқали қоғозга муҳрланган ва шу аснода авлоддан-авлодга етказилган. Не бахтки, бугун дунё шу қадар ривожланган, инсоннинг ақли шошадиган ахборот технологиялари тараққий этган замонда ҳам қалам ва сўзнинг қадри ошса ошиб бормоқдаки, асло камайган эмас. Албатта, биринчи энг муҳим омил бу — қай юртда тинчлик ва хотиржамлик, ривожланиш ва юксалиш ҳукм сураётган бўлса, барча неъматларнинг қадри баланд бўлиши, эъзозланиши тайиндир. Нетонгки, бугун дунё иккига бўлинган бир олманинг икки палласини гўё симобга қўйилгани каби қалқиб тургани ҳам айни ҳақиқат. Ахир қанчадан-қанча юртларда уруш ва нотинчлик сабаб миллионлаб одамлар ўз Ватанидан, уйларидан айро, эртасининг қандай бўлишини билмасдан хавотирда тонг оттираётгани, гулдек болаларнинг кўзларидаги ёшни артиб қўйишга эса имконлари бўлмаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Демак, фақат тинчлик ва фаровонлик ҳукм сурган юртдагина юқорида биз айтган қалам ва сўзнинг қадри бошқа неъматлар каби баланд бўлиши мумкин экан-да.
Шу ўринда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар жараёнида сўз ва матбуот мустақиллигининг таъминланаётгани, соҳада меҳнат қилаётган ижодкорларга кўрсатилаётган рағбат ва эътиборнинг юксаклигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Дарҳақиқат, бугун Президентимиз томонидан жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, ҳур фикрлиликка кенг шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат медиа соҳасига ҳам том маънода янгиланиш нафасини олиб кирмоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, оммавий ахборот воситаларини чинакам “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисобдорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани асли ана шундан.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати туфайли нафақат қўшни давлатлар, балки узоқ ва яқиндаги хорижий мамлакатлар билан алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ўз навбатида жаҳон журналистларининг Янги Ўзбекистонга қизиқишини сезиларли даражада ошираётганига гувоҳмиз. Яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташкилотчилигида бир гуруҳ юртимиз журналистларининг Озарбайжонга қилган ижодий сафаримиз давомида ҳам бунга гувоҳ бўлдик. Озарбайжонда бир қанча ижодий жамоаларда бўлиб, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларга, журналистларга яратиб берилаётган имкониятларга катта қизиқиш, ҳавас билан қарашларининг шоҳиди бўлдик. Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ўрни, очиқлик сиёсатининг устуворлиги йўлида эришилган натижалар ҳақида мезбон ҳамкасбларимизга мамнуният ила сўзлаб бердик. Озарбайжонлик ҳамкасбларимизнинг юртимизда журналистларга берилаётган имконият ва рағбатлар ҳақида биз ўйлагандан-да кенгроқ маълумотларга эга эканлигидан мамнун бўлдик. Жумладан, журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловимиз ҳақида ҳам илиқ фикрлар эшитдик.
Демак, чиндан ҳам мамлакатимиздаги бундай нуфузли танловлар жаҳонни қамраб олаётгани муболаға эмас.
Навбатдаги “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими муҳташам “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида юксак савия ва янги форматда бўлиб ўтди.
Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ўрни, обрўси йилдан йилга ошиб бораётганига Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бош омил бўлмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Нуфузли танловнинг тақдирлаш маросимига бу йил ҳам, одатдагидек, таниқли журналистлар, фахрий-устозлар, республикамиз ОАВ раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда медиа соҳа вакиллари, журналистика йўналишидаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар, халқаро ташкилотлар ва элчихоналарнинг вакиллари, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлардаги медиа уюшмаларининг мутасаддилари таклиф қилинди. Қолаверса, миллий медиа соҳасида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ўртасида ўтказиладиган турли танловлар кўплигига қарамасдан, ҳар бир ижодкор “Олтин қалам” соҳиби бўлишни орзу қилади. Чиндан ҳам “Олтин қалам” танловининг нуфузи баланд, бу мукофот ижод майдонида юксак эътироф рамзига айланиб улгурди.
Бу йил ушбу танловда 550 дан ошиқ журналист ва ОАВ вакиллари 4 мингдан зиёд ижодий ишлари билан иштирок этди. Бу ўз навбатида, жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнида ҳамкасбларимизнинг фаоллигини кўрсатади.
Барчамизга маълумки, “Олтин қалам” Миллий мукофоти Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ташаббуси билан 2006 йилда таъсис этилган эди. Ўтган йиллар давомида танловнинг ўрни ва салоҳияти янада такомиллашиб, қамрови кенгайиб борди. Бош миллий мукофот 2007 йили жорий этилган бўлса, асосий номинациялар қаторига интернет-журналистика йўналиши ҳам киритилди. Ҳар бир йўналиш бўйича 1-, 2- ва 3-ўринлар белгиланди. 2021 йилдан бошлаб эса “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси асосий мукофотлар қаторига қўшилди. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда, таклиф ва тавсиялар асосида “Олтин қалам” танлови низомига ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Президентимизнинг юқорида тилга олганимиз “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2023 йилдан бошлаб “Олтин қалам” танлови рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага оширилди.
Унга кўра, бош миллий мукофот соҳибига енгил автомобиль берилиши белгиланди. Хабарингиз бор, ўтган йили “Олтин қалам” XVII танловининг бош миллий мукофоти Президент совғаси — “Gentra” автомобили Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети жамоасига муносиб кўрилган эди. Бу йилги ушбу нуфузли мукофот “Uzreport TV” аҳлига насиб этди. Уларга Юртбошимиз совғаси — “Tracker” автомашинаси тантанали топширилди.
Танловнинг 1-ўрин соҳибларига Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблашнинг 200 баравари, 2-ўрин соҳибларига 175 баравари, 3-ўрин соҳибларига эса 150 баравари миқдорида пул мукофоти берилди. Шунингдек, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бир ғолиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирландилар.
“Олтин қалам” танлови демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар йили танлов Ҳакамлар ҳайъати таркибига йўналишлар бўйича устоз журналистлар, медиа соҳанинг таниқли вакиллари киритилади. Тақдим этилган ижодий ишлар эса мавзунинг ижтимоий аҳамияти, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, сўзга масъулият ва ифода маҳорати, ижодий фаолиятга янгича ёндашув каби мезонлар асосида холис баҳоланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги танловга телевидение йўналишида мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат телеканалларида фаолият олиб бораётган 98 нафар журналист ўз материалларини тақдим этган бўлса, радио йўналишида 26 нафар, босма ОАВ йўналишида эса энг кўп — 178 нафар, интернет нашрлари йўналиши бўйича 75 нафар, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида ҳам ҳар йилгидан кўп — 40 дан ортиқ давлатдан 100 нафарга яқин журналист қатнашди.
Шу боис хорижлик журналистлар орасидан ғолибларни аниқлашда ҳакамлар анча тер тўкишига тўғри келди.
Ўзбек адабиётининг ёрқин намояндалари асарларини тожик тилига таржима қилган ва ўзбек тили ривожига салмоқли ҳисса қўшган журналист, Тожикистон маориф вазирлигининг Ўзбек тили ҳайъати раҳбари Сулаймон Эрматов мазкур номинация бўйича 1-ўринга сазовор бўлди. “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси бўйича 2-ўрин тўрт нафар хорижлик журналистга берилди: “ТАСС” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Валерий Бирюков Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ҳар соҳада ривожланиб бораётганини акс эттирган мақолалари учун, “The Economic Times” газетасининг дипломатик муҳаррири Дипанжан Рой Чаудҳури мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни Ҳиндистонда тарғиб қилган материаллари учун, АҚШнинг “The Hill” газетаси жамоатчи мухбири Жеймс Дурсо Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, муҳим сиёсий жараёнлар ҳақидаги таҳлилий мақолалари учун, “Euronews” телеканалининг франциялик мухбири Галина Полонская эса Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақидаги туркум телелавҳалари учун мазкур эътирофга муносиб деб топилдилар.
Бу йилги танловнинг яна ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, одатда, ҳар йили жамоавий қатнашувчи таҳририятлар сони 10-15 та бўларди. Жорий йилда олдинги йилларга нисбатан жамоавий иштирок этувчилар сони 2 баробар ошган, яъни 38 та таҳририят танловга ижодий ишларини тақдим этди.
“Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловда “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун” йўналиши 12 та номинациядан бири сифатида белгиланган. Ушбу номинация бўйича 22 нафар журналист 30 га яқин публицистик жанрдаги китоблари билан иштирок этди.
Танловнинг “Энг яхши фоторепортаж учун” номинацияси ғолиби эса 47 нафар фотожурналистнинг 1500 га яқин ижодий ишларини баҳолаш орқали аниқланди. Бу йўналишда иштирок этган ижодкорлар сони ҳам ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар ошгани фотожурналистнинг жамият ҳаётида фаоллигидан далолат беради.
“Олтин қалам” XVIII танловида халқаро ҳамкорлар томонидан таклиф этилган рағбатлантирувчи номинациялар эълон қилингани алоҳида эътиборли. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан жорий қилинган 2 та номинация, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан киритилган 1 та номинация бўйича ижодий ишлар қабул қилинди.
Халқаро ҳамкорларнинг рағбатлантирувчи номинациялари ғолиблари махсус диплом ва совғалар билан тақдирландилар. Ғолиблар Хитой Халқ Республикаси ва Туркия Республикасига бепул саёҳатга бориш йўлланмасига эга бўлишди.
Албатта, гап мукофот миқдори, совғаларда эмас. Ҳамма гап эътибор ва муносабатда. Мазкур танловнинг ғолиб ва совриндорлари йиллар давомида қилган ҳалол меҳнатлари муносиб эътироф этилганларидан хурсанд бўлишмоқда. Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимизнинг ижод аҳлига бўлган меҳри, эътибори туфайли улар учун ишда, изланишда бу танлов энг катта рағбат, мотивация асосига айланганини айтишмоқда.
Ўзи рости ҳам шу. Ўтган йиллар давомида юзлаб журналистларнинг, фидойи мухбирларнинг заҳматли меҳнати қадрини “Олтин қалам” олтинга айлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Танлов тантанаси пойтахтимизнинг энг муҳташам саройи “Ўзбекистон” анжуманлар саройида ташкил этилгани, унда мамлакатимизнинг энг машҳур санъаткорлари ўзларининг бетакрор куй ва қўшиқлари билан хизматда бўлгани… буларнинг бари учун маҳаллий ва хорижий ҳамкорларимизга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси номидан миннатдорлик билдиришни истардим. “Олтин қалам” танлови ғолиб ва совриндорларини эса чин юракдан қутлаймиз, уларга бахт ва саодат, келгуси ижодий ишларида омад, муваффақиятлар ёр бўлсин. Юртимиз равнақи, истиқболига хизмат қилиш ва шу йўлда барча ҳамкасбларимизга ҳамиша юзи ёруғ ҳолда барака ва файзли тақдирлар насиб этишига доимо тилакдошмиз.
Холмурод САЛИМОВ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б., “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ташкилий қўмитаси раиси