Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли маданият ва санъат намояндалари!
Бугун юртимизда катта шодиёна – санъат ва маданият байрами. Азим Тошкент шаҳрининг қоқ марказида халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб муаззам ҳайкал очилмоқда.
Мана шу қувончли воқеа муносабати билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари, шогирд ва мухлисларини, бутун халқимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Муҳтарам дўстлар!
Муқаддас юртимиз заминидан асрлар давомида не-не буюк аллома ва шоирлар, адиб ва меъморлар, муҳандис ва рассомлар, ҳофиз ва бастакорлар етишиб чиққанини яхши биламиз. XX асрда ана шундай улуғ зотларнинг муносиб давомчиси бўлиб Ботир Зокиров санъат майдонига чиқди.
Барчамизга маълумки, у Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокиров ва хонанда Шоҳиста Саидова оиласида, зиёли бир муҳитда туғилиб, вояга етган эди.
Тақдир Ботир Зокировнинг зиммасига ўзбек эстрада санъатининг асосчиси бўлишдек улуғвор бир вазифани юклади ва бу вазифани у шараф билан адо этди.
У санъат оламига қадам қўйганида республика ва собиқ иттифоқ саҳналарида бири биридан буюк ва бетакрор хонандалар шуҳрат чўққисига кўтарилиб улгурган эди. Ана шундай машҳур санъат дарғалари орасида муносиб ўрин эгаллаш осон эмас эди.
Аммо, Аллоҳ таолонинг ўзи Ботир Зокировга ато этган беназир истеъдод ва инсоний фазилатлар туфайли у санъат оламида чинакам мўъжизалар яратди.
Бундай юксак даражага эришиш учун у аввало халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятига, мумтоз мусиқа меросимиз, миллий ва умумбашарий қадриятларга таянди.
Ботир Зокиров ҳаёт машаққатларидан қўрқмайдиган, ҳар қандай шароитда ҳам фақат эзгу мақсад сари интиладиган беқиёс ирода ва матонат соҳиби эди.
Хонанда 1955 йилда, айни кучга тўлган пайтида оғир дардга йўлиқди. Хасталик туфайли бир неча марта ғоят мураккаб тиббий операцияларни бошидан ўтказди. Шифокорлар ҳофизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун унга қўшиқ айтишни тақиқлашга мажбур бўлдилар.
Аммо “Куйламоқ – яшамоқ демакдир” деган эътиқодни ҳаёт мазмуни деб билган, исми жисмига мос ўзбек ўғлони қўшиқ айтишдан тўхтамади. Қалбидаги эзгу туйғуларни янада тўлиб-тошиб куйлади. Ҳеч шубҳасиз, бундай жасорат, санъатга бундай фидойилик чексиз ҳайрат ва таҳсинга лойиқдир.
Азиз юртдошлар!
Ботир Зокиров яшаб ижод қилган мураккаб замонда унинг истеъдоди, шон-шуҳратига ғаразли кўз билан қарайдиган кимсалар ҳам, афсуски, йўқ эмасди. Лекин ҳаётни кураш майдони деб билган бу матонатли инсон барча тўсиқларни мардона енгиб ўтди.
Бетакрор ҳофизнинг биллурдек тиниқ овозида халқимизнинг асрий орзу-армонлари, ёруғ кунларга ишончи баралла янгради. У қисқа муддатда собиқ шўро маконида миллионлаб ихлосмандларга эга бўлган севимли санъаткорга айланди. Ботир Зокиров СССРдаги барча йирик шаҳарлар, дунёнинг манаман деган маданият пойтахтларида ўзбек санъатини зўр муваффақият билан намойиш этди.
Хонанданинг ижодий репертуари унинг гўзал ва ҳассос қалби сингари кенг эди. Уни ҳиндлар – ҳинд деб, французлар – француз, араблар – араб қўшиқчиси деб қабул қилишар эди.
Айниқса, 1966 йили Парижга қилган ижодий сафари Ботир Зокировга оламшумул шуҳрат келтирди. Ушбу шаҳардаги машҳур “Олимпия” театри саҳнасига кўтарилиб, икки марта куйлаш – эътибор беринг, икки марта куйлаш – дунёда камдан-кам ижрочига насиб этган. Ноёб истеъдоди билан жаҳонни забт этган бундай афсонавий санъаткоримиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.
Қадрли маросим қатнашчилари!
Ботир Зокиров жуда қисқа – бор-йўғи 49 йил умр кўрди. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Салкам 30 йиллик фаолияти давомида ўзидан ранг-баранг ва бой ижодий мерос қолдирди. Ўлмас ҳофизимизнинг сеҳрли овози юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб бориб, санъатимиз олтин фондидан, халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
У умр бўйи янгиликка интилиб яшаган, изланишдан чарчамайдиган, одамларга меҳрибон, олижаноб бир инсон эди. Шарқ фольклори ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштириб, “Мюзик-холл” ижодий жамоасини ташкил этгани, хонанда ва композитор сифатида кўплаб истеъдодли ёшларга меҳр кўрсатиб устозлик қилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хусусан, республикамизда хизмат кўрсатган “Ялла” ансамблининг ташкил топишида Ботир Зокировнинг хизматлари беқиёсдир. Мана, 50 йилдирки, ушбу мусиқий жамоа ва унинг раҳбари, 6 та мамлакатнинг “Халқ артисти” деган шарафли унвонга сазовор бўлган машҳур хонандамиз Фаррух Зокиров жонажон Ўзбекистонимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этиб келмоқда.
Бугунги даврамизда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокировани, Равшан ва Баҳодир Зокировларни, Зокировлар сулоласининг бошқа кўплаб вакилларини кўриб турганимдан хурсандман. Айниқса, Гавҳар Зокированинг маънавиятимиз фидойиси сифатида кўплаб шаҳар-қишлоқларимизни кезиб амалга ошираётган эзгу ишлари, ёш авлод тарбияси йўлидаги катта хизматлари учун чин қалбимдан ташаккур билдираман.
Муҳтарам дўстлар!
Ботир Зокиров том маънода ватанпарвар инсон эди. Она Ўзбекистонимизни, азим Тошкентни чексиз фарзандлик меҳри билан севар, маҳоратли рассом, талантли адиб ва актёр сифатидаги фаолиятида ҳам Ватанга муҳаббат туйғуси жўш уриб турар эди.
У ўтган асрнинг 70-йилларида халқ қаҳрамони Спитамен ҳақида “Сўғд элининг қоплони” опера либреттосини яратган ва бу асар Алишер Навоий номидаги академик катта театрда муваффақият билан намойиш этилган эди.
Буларнинг барчаси Ботир Зокировнинг олмосдек серқирра истеъдод эгаси бўлганини тасдиқлайди.
Ҳурматли юртдошлар!
Инсон қадрини улуғлаш – Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Айни шу мақсадда буюк санъаткоримиз Ботир Зокировнинг сўнмас хотирасини эъзозлаш, унинг ижодий меросини ўрганиш бўйича мамлакатимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йили алоҳида қарор қабул қилиниб, хонанданинг 85 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланди.
Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган мана шу гўзал ва обод кўчага у кишининг табаррук номи берилди. Улуғ ҳофизимиз номидаги миллий мукофот таъсис этилди, эстрада ижрочиларининг республика кўрик-танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ботир Зокиров ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильм ва спектакллар яратилмоқда, илмий анжуманлар, ижодий учрашув ва кечалар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида, кўриб турганингиздек, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилди. Ушбу олийгоҳда таҳсил олаётган навқирон ёшларимиз орасидан Ботир Зокиров каби улуғ санъаткорлар албатта етишиб чиқади, деб ишонамиз ва уларнинг барчасига омад ва зафарлар тилаймиз.
Яқинда Ботир Зокировнинг хотира кечаси мамлакатимиз жамоатчилиги ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган, у кишининг дўстлари бўлмиш атоқли санъаткорлар иштирокида катта шодиёна сифатида ўтказилди.
Ушбу мусиқий анжуман халқимизнинг ўз ардоқли фарзандига бўлган юксак эҳтиромининг яна бир ёрқин намоёни бўлди.
Муҳтарам дўстлар!
Албатта, бугун сизларнинг иштирокингизда очилаётган ушбу муҳташам ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир.
Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Ҳозирги кунда юртимиздаги юзлаб мусиқа ва санъат мактабларида, техникум ва коллежлар, маданият йўналишидаги институтларимизда, консерваториямизда минглаб истеъдодли ёшларимиз билим ва тарбия олмоқда. Биз ана шундай иқтидорли ўғил-қизларимизни миллий санъатимиз ворислари, баркамол, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказсак, атоқли санъаткоримизнинг руҳи албатта шод бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ботир Зокиров ижодий феномени миллий санъатимиз тарихида бутун бошли бир даврни ташкил этади.
Улуғ санъаткоримизнинг хотирасини абадийлаштириш, бой меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ушбу масала бўйича янги қарор лойиҳасини тайёрлаш топширилади.
Қарорда, жумладан, Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ташкил қилиш, маданият ва санъат олий ўқув юртларининг талабалари учун Ботир Зокиров номидаги давлат стипендиясини жорий этиш, “Ботир Зокиров” бадиий фильмини яратиш, Ботир Зокиров номидаги жамғарма ва Миллий эстрада симфоник оркестри фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби вазифалар кўзда тутилиши лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ҳудудни обод этишга муносиб ҳисса қўшган барча юртдошларимизга, қўли гул қурувчи ва муҳандислар, ҳайкалтарош ва меъморларга самимий миннатдорлик билдираман.
Барчангизни бугунги шодиёна кун билан яна бир бор табриклайман. Бу жой пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун қутлуғ зиёратгоҳга айланади, деб ишонаман.
Дунёга Ботир Зокировдек буюк зотларни берган халқимиз омон бўлсин!
Миллий санъатимиз доимо гуллаб-яшнасин!