Муҳандислик касблари таълими бўйича таклифлар кўриб чиқилди

0
41
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Inno” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида бўлди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ушбу технопарк уч йил олдин бунёд этилган. Бу ерда саноат соҳаларини ривожлантириш учун инновацион ғоя ва ихтиролар ишлаб чиқилади. Ёшларни замонавий касбларга ўргатиш мақсадида олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили 15 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар иштирокида семинар, амалий машғулотлар ташкил этилади.

Юртимизда бундай инновацион марказлар кўпайиб бормоқда. Саноат, энергетика ва ахборот технологиялари ривожланиб, янги-янги мажмуалар ишга туширилмоқда. Улар учун замонавий билим ва малакага эга муҳандис ва техниклар керак.

Шу ерда Тошкент давлат техника университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Тошкент давлат Транспорт университети, Фарғона политехника институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида ташкил этилаётган олий муҳандислик мактаблари тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги қарорида бу борада қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, қарорга мувофиқ, муҳандислик-техника йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолияти такомиллаштирилмоқда. Амалдаги ўқув дастурларининг замонавий технологиялар ва иш берувчилар талабига мувофиқлиги ўрганилиб, тубдан ўзгартирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарига шулар ҳақда маълумот берилди.

Дастлабки босқичда 10 та олий таълим муассасаси ҳузурида олий муҳандислик мактаблари очилади. Мактабнинг кузатув кенгашига олимлар билан бирга ҳамкор корхоналар вакиллари аъзо бўлади.

Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Биринчи йил талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йил янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

Президент олий таълим муассасаларидаги илмий изланишларнинг ҳаётийлиги ва самарадорлигига аҳамият берди. Таълим тизимига қаратилаётган эътибор илм-фан ютуқларида ўз ифодасини топиши кераклиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари олимларнинг ихтиролари, илғор ишланмалар билан ҳам танишди. Жумладан, энергия тежамкор ускуналар, юклама ортиши сабаб трансформаторлар портлашидан ҳимояловчи совутиш тизими, нефт-газ соҳасида муҳим бўлган кимёвий реагентлар, бунёдкорлик, йўлсозликдаги замонавий ёндашувлар, сув иншоотлари учун муҳандислик лойиҳалари, ахборот технолгияларига оид замонавий ихтиролар ҳақида маълумот берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.