Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон раҳбари Қирғизистон Президентининг давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани ва мамлакатларимиз кўп қиррали ҳамкорлигида янги даврни бошлаб берганини таъкидлади.
Бу галги саммитга биргаликда жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани қайд этилди. Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес форуми, Ректорлар форуми, Авлодлар мулоқоти самарали ўтди. Шу кунларда мамлакатимиз ҳудудларида Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.
Ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтган бугунги музокаралар якунлари катта мамнуният билан қайд этилди.
Етакчилар кун тартибидаги барча долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар, Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг савдо-иқтисодий соҳадаги аниқ режаларини тингладилар.
Келгусида ўзаро ҳамкорликни янада юқори босқичига кўтариш учун асос бўлиб хизмат қиладиган Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ташрифнинг асосий сиёсий ҳужжати бўлди.
Президентлар раислигидаги Давлатлараро кенгаш тузиш бўйича келишувга эришилди.
Етакчилар бундан буён ҳам парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсат идоралари, тармоқ вазирликлари, ҳудудлар, ишбилармон ва жамоатчилик доиралари даражасида яқин сиёсий мулоқотни ривожлантириш ва фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Томонлар минтақавий ва халқаро платформалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ва бошқа форматлардаги ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттирадилар.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигининг янги кенг қамровли иқтисодий кун тартибини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
Шу мақсадда бугун ўзаро савдо ҳажмини ошириш дастури қабул қилинди. Бундан ташқари, мамлакатларимиз пойтахтларида савдо уйлари ташкил этилади, яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун узоқ муддатли экспорт-импорт шартномалари портфели тайёрланади.
Экспортни қўллаб-қувватлаш ва сертификатларни тан олиш воситалари жорий этилади, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотлари учун «яшил йўлак» ишга туширилади.
Етакчилар саноат кооперациясида, энг аввало, икки мамлакат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдирадиган тармоқларида янги ўсиш нуқталарини яратиш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Булар энергетика, автомобилсозлик, транспорт ва логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалардир.
Бугун Фарғона ва Наманган вилоятларида қуёш станцияларини қуриш, Чуй вилоятида автомобиллар, Қора-Балтада тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича муҳим лойиҳаларга старт берилди.
Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг устав капиталини 200 миллион долларга етказишга қарор қилинди.
Ҳудудлар ўртасидаги тизимли мулоқотни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши ишини фаоллаштиришга келишиб олинди. Ўзаро ташрифлар жадвали тайёрланиб, ҳамкорлик бўйича «йўл хариталари» янгиланади. Лойиҳалар портфелини йил якунига қадар 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Давлат раҳбарлари қишлоқ хўжалиги соҳасида янги имкониятларни белгилаб бердилар. Қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш, фьючерс битимларидан фойдаланган ҳолда интенсив боғлар ва агрокластерлар ташкил этиш шулар жумласидан.
Томонлар минтақада транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
— “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш стратегик лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани тарихий воқеа бўлди, — деди мамлакатимиз етакчиси.
Транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги янги лойиҳаларни ўрганиш учун экспертлар гуруҳини ташкил этишга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари энергетика соҳасидаги ҳамкорликка устувор аҳамият қаратдилар.
Томонлар кичик гидроэнергетика соҳасида алоҳида ҳамкорлик дастурини тайёрлашга келишиб олдилар.
— Қамбарота ГЭСи қурилиши тўғрисида уч томонлама битим қабул қилишни тезлаштириш чораларини кўрамиз. Ушбу мегалойиҳа, шубҳасиз, бутун минтақамизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Президенти.
Маданият, ёшлар, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол мулоқот ва алмашинувлар давом эттирилади.
Давлатимиз раҳбари сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш имкониятларини алоҳида қайд этди. Айни пайтда Тошкентдан Бишкек ва Томчига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги санаторий-курорт мажмуалари тўғрисида битим имзоланди. Июль ойи бошида Ўзбекистон томони учта объектни ишга туширди, улар меҳмонларни қабул қилмоқда. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Самарали музокаралар якунида ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларида салмоқли битимлар тўплами қабул қилинди.
Мамлакатимиз етакчиси сўзининг якунида музокаралар натижаларидан мамнунлигини изҳор этди ҳамда Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи самаралари ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитишга, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.