ҚУЙИДАГИ мақолага сўзбоши ўрнида: Яқинда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро ишлар бўйича проректори Абдурахим Абдумуталипович билан семинарда учрашиб қолдик. Мендан Эркин ака Зариповнинг синглиси эмасмисиз деб сўраб қолдилар. Акам билан ввзирликда бирга ишлаганлиги, устозларга хос салоҳиятга эга бўлган самимий инсонлигини таъкидлаб, ҳурмат билан тилга олди.
Акам раҳматлик тупроққа бош қўйганига деярли уч йил бўлди. Олимлар даврасига кирсам ҳамон эзгу сўзлар эшитаман. Ана шундай эзгу мақолалардан бири сайтимизга ҳам келди.
Илм – игна билан қудуқ қазиш, дейилади ҳалқ ҳикматларида. Акам микробиология илмий текшириш институтида сув ўтларининг фойдали хусусиятларини ўрганган бўлиб, шоличилик далаларида, парандачилик фабрикаларида тажриба ўтказган ва унинг натижалари орқали самарадорлигини исботлаган эдилар. Мен ўша пайтда Урганч туманидаги парандачилик фабрикасига ва Ўрта Чирчиқ туманидаги шоличилик тажриба майдонларига борган эдим. Ёқлаш арафасида эса Москвага таклиф этишди. Амалга оширган тажрибасини у ерда ҳам ўргатди ва у ерда ҳам тажриба ўтказиб исботлаб берди. У пайтларда сув ўтларини фойдали хусусиятларини ўрганиш фан олами учун янгилик эди. Бундан тўрт йил бурун Сочига борсам денгиз сув ўтларидан тайёрланган малҳамлар йод етишмовчилик касалликларида фойдаланиш учун сотилаётганининг гувоҳи бўлдим. Беихтиёр акамнинг фан оламига улуғвор ҳисса қўшганини англадим. Сотиб олдим ва акамга олиб келдим. Бир қарашда ҳа ҳақиқий сув ўтлари, дея жавоб берди.
Бу мақоламни ҳали давом қилдираман…
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
***** ***** ***** ***** *****
Дўстлар, яхшиларни авайлаб асранг,
Салом деган сўзнинг салмоғин сақланг!
Ўлганда юз соат йиғлаб тургунча,
Уни тирикликда бир соат йўқланг!
Мақсуд Шайхзода
Шундай инсонлар борки, улар билан бир-икки мулоқотда бўлганингдан сўнг, ҳаётга бўлган муносабатинг, дунёқарашинг, фикрлаш ва тафаккуринг ҳам тубдан ўзгаради. Дунёда самимият сарчашмасидан баҳрамандлиги юз-кўзидан сезилиб, бутун вужудидан уфуриб турадиган яхши инсон, Олим, биология фанлари номзоди, доцент, ЎзР “Халқ таълими аълочиси” Эркин Зарипов ана шундай инсонлардан биридир. Мен бу инсон билан тахминан 1998 йил май ойларида танишганман. Шу йили, яъни 1998 йил 11 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тест маркази таркибида «Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармасини ташкил этиш тўғрисида”ги 109-сонли Қарори қабул қилинди. Бешта бўлимдан иборат ушбу Бошқармага салоҳиятли, илмий даража ва унвонларга эга бўлган кадрларни танлаш учун тахминан 10 кишидан иборат комиссия ташкил этилган эди. Унга жуда кўпчилик кадрлардан ташкил топган номзодлар ҳужжат топширган эди. Шулар қаторида Эркин ака ва мен ҳам бор эдим. Эркин ака комиссия суҳбатидан яхши ўтиб, Бошқарманинг “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини аттестация қилиш” бўлимининг бош эксперти лавозимига қабул қилинди. Мени эса “Педагог, профессор-ўқитувчи ва раҳбар кадрларни аттестация қилиш” бўлимининг етакчи эксперти лавозимига қабул қилишган эди. Шундан кейин, Эркин ака билан бир ташкилотда кўп йиллар ишлаб, жуда қадрдон бўлиб кетдик. Бир-биримизни кўрмасак соғиниб қолар эдик, кўпинча телефон орқали ҳам боғланиб, у-бу жойда чойхўрлик қилиб, дилдан узоқ вақт суҳбатлашиб ўтирар эдик…
Эркин ака бош эксперт лавозимида фаолият юритиб, Республикада узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда, «Таълим тўғрисида»ги қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да белгиланган вазифаларнинг жойларда ижросини таъминлаш ва назорат қилиш, “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари”ни ва уларда фаолият юритаётган раҳбарлари, педагог-ўқитувчиларини, кадрларни Давлат аттестациясидан ўтказиш ишларида ҳамда аттестация жараёнига тегишли бўлган кўплаб меъёрий-ҳужжатларни тайёрлашда фаол иштирок этиб, бу тўғрисида Президент Девони, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирликларга маълумотлар бериб келган. У киши ўша йилларда ҳам асосий ишидан ташқари, илмий ишни педагогик фаолият билан бирга олиб бориб, ҳозирги ТДПУ, ТДАУ ва бошқаларда ҳам ўриндош ва соатбай асосида доцент, катта ўқитувчи лавозимларида фаолият юритиб келган.
Ушбу йилларда республикада фаолият юритаётган барча академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, ўринбосарлари, инженер-педагогларини ўз йўналишлари бўйича аттестациядан ўтказиш жараёнларида комиссия раиси, котиби ва аъзоси сифатида фаол қатнашиб келган.
Республикамизнинг барча Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўзимизнинг “Элхолдинг” ИИЧБ ва бошқаларда ишлаб чиқарилган ҳамда чет эллар (Япония, Жанубий Корея, Германия мамлакатлари)дан келтирилган замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, аппаратура ва қурилмалар, машина ва механизмларнинг жойларда самарали фойдаланилаётганлиги, уларнинг ўқув ва амалий машғулотларда қай тарзда ишлатилаётганлигини ўрганиш ва назорат қилиш, ўқув-амалий машғулотлар ўтказиш бўйича уларга фойдали методик тавсия ва йўриқномалар бериб келган. Улардан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича ҳудудлар кесимида семинар-тренинглар ташкил этиш жараёнларида ҳам фаол қатнашган.
Эркин Зарипов чет эл таълим тизимини ўрганиш ва ўзимизда жорий этиш мақсадида Туркия, Жанубий Корея, Германия, Россия каби давлатларида ҳам малака ошириб келганлигини биламан.
Эркин ака ўзига ва бошқаларга нисбатан талабчан, камтар, барчага бирдек хушмуомала, одилона ва адолатли эди. Шу жиҳатлари билан у киши инсонлар орасида ва жамоада катта обрў-эътиборга эга бўлиб келган.
Таълим соҳасининг малакали мутахассиси Эркин Зарипов кўплаб шогирд ва издошлар орттирган.
У кишининг муаллифлигида 200 га яқин илмий, илмий-услубий мақола ва рисолалари Хорижий, МДҲ ва Республика илмий журналларида, иккита монографияси ЎзР ФА нинг «Фан» нашриётида чоп этилган, 20 дан ортиқ ўқув-услубий адабиётлар ва илмий рисолалар яратилганлигини яхши биламан.
Домла 3 нафар фарзандларнинг ибратли отаси, ва 10 нафар невараларнинг суюкли бобоси сифатида, уларнинг ҳам таълим-тарбиясига алоҳида масъулият ҳисси билан ёндошганлигининг гувоҳи бўлганман. Фарзандларининг барчаси республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртларини тамомлаган ва улар ҳозирги кунда давлат ташкилотларида масъулиятли лавозимларда самарали фаолият юритиб келмоқдалар.
Йиллар ўтар, карвонлар ўтар,
Ҳеч ким абад қолмагай асло.
Лаҳза мисол замонлар ўтар,
Боқий бўлиб турмагай асло.
Ҳаёт ўзи гўёки бир он,
Чақмоқдайин ўтади, аммо.
Имон билан яшаган инсон,
Хотираси ўчмагай асло.
Ҳа, Эркин ака Зарипович ҳаётда ўчмас из ва сўнмас ном қолдириб кетди. Эркин акамизнинг Охирати обод бўлсин. Ётган жойи нурга тўлсин.
Абдирашид Илёзович ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси”,
ЎзР ОЎМТВ “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси”,
Физика-математика фанлари доктори(PhD), доцент