Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Жамоат хавфсизлиги университетини бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мамлакатимизда қўмондонлик ва техник кадрлар тайёрлайдиган, бир неча ўқув муассасаларини бирлаштирган кўп босқичли ҳарбий таълим тизими яратилган. Жамоат хавфсизлиги университети шулардан бири.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қайта ташкил топган ушбу маскан малакали кадрларни мақсадли тайёрлайдиган олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Ўқув юртининг асосий вазифаси чуқур ўқитиш, жанговар ва жисмоний тайёргарликни ошириш орқали жамоат хавфсизлигини самарали ташкил этишга қодир малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Бунинг учун Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун тегишли равишда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими йўналишлари бўйича, Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун эса ҳарбий дипломатия, юриспруденция, иқтисодиёт, муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳаларида замонавий таълим берилади.
Университетга 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабалар қабул қилина бошлаган. Бакалавриатда 15, магистратурада 8 йўналиш бор. Бугунги кунда бакалавриатда мингдан ортиқ курсант, махсус йўналиш, сиртқи таълим ва магистратурада яна шунча ёшлар таҳсил оляпти. Уларга жами 209 нафар ўқитувчи, профессор ва фан докторлари сабоқ бермоқда.
Ўқув тизимининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, бу ерда умумфуқаровий асосда ўқишга рухсат берилган бўлиб, бугунги кунда юриспруденция, иқтисодиёт ва психология таълим йўналишлари бўйича талабалар таҳсил олишмоқда. Университет битирувчилари Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўлинмаларида самарали хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўз қўриқлаш тузилмасига эга давлат ва хўжалик органлари учун шу бўйича мутахассислар тайёрланади.
Сўнгги йилларда университетнинг ўқув бинолари капитал таъмирланиб, барча шароит яратилди. Спорт мажмуаси ва ўқув-услубий ситуацион маркази янгидан қурилди. Ҳар бири 300 ўринга мўлжалланган 6 та ётоқхона замонавий ҳолатга келтирилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди.
Ўқув хоналари кенг ва ёруғ, замонавий техникалар билан таъминланган. Ахборот-ресурс марказида 90 мингдан зиёд адабиёт ва ўқув қўлланмаси, 10 мингдан ортиқ электрон адабиёт мавжуд. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва олий таълим муассасаларининг ягона электрон кутубхона ахборот тизими базаларига уланган.
Университетда илмий салоҳият ошиб бормоқда. Ташкил этилган йили бу бор-йўғи 10 фоизни ташкил этган бўлса, айни пайтда 75 фоизга кўтарилди. Университет жамоаси томонидан турли фанлар бўйича 200 дан ортиқ ўқув қўлланмаси, 120 та дарслик тайёрланиб, чоп этилди. Университет жамоаси халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз офицер ва талабалар билан мулоқотда дуал таълимни кенг жорий қилиш, ўқув дастурини бугунги хавф-хатарларга мослаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берди.
Университетнинг янги спорт мажмуаси ҳам кўздан кечирилди.
Икки қаватли мажмуада бассейн, тренажёр ва кросфит зали, бокс, кўпкураш майдонлари ташкил этилган. Катта спорт залида гимнастика, мини-футбол, гандбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси билан бирга баландлик тайёргарлиги ва эвакуация машғулотларини ўтказиш мумкин.
Курсантлар спортда ҳам катта ютуқларга эришмоқда. Шу кунгача жаҳон чемпионатларида 4 олтин, 3 кумуш, 5 бронза медаль, қитъа ва республика мусобақаларида ҳам кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Бир нечта талабалар давлат стипендияларига, ҳарбий хизматчилар “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлган.
Маънавият ва маърифат марказида 500 ўринли тадбирлар зали, ҳарбий оркестр жамоасининг шуғулланиши учун алоҳида хона, ватанпарварлик музейи, психологик марказ жойлашган. Давлатимиз раҳбаримиз уларнинг ижодий чиқишларини кузатди.