Хўжамнинг “боғбон”лигини қўштирноқ ичига олдим. Шунга ярашада, боғбонлиги. У кишининг уйдаги юмушлари ниҳоятда кўп.
-Юз йил яшасам-да тугамайди, бу адосиз ишлар, — деб баъзан миннат қилиб қўяди.
-Сиздан биров илтимос қиляптими, ўзингиз ўзингизга вазифа юклагансиз, йўқ жойдан хитирди топасиз, — ҳозиржавоблик қиламан. Аслида эркак одам бекор қолса уйда ғиди-биди кўпаяди. Буни пенсияга чиқиб бекорчиликдан безган айрим қўшниларимда исботини кўрганман.
-Хўжангизга гап йўқ! Бизники телевизор қаршисида ёнбош уриб, овқатни ҳам шу ерда еб, қорнини гурвакдай шишириб, болаларнинг асабини ўйнатиб шақшаб ўтиради. — Қўшни хотин нуқул Хўжамнинг ёнида гапиради. Мақтайди. Хўжам ҳам уни узоқдан кўрганидан ўзгача иштиёқ билан ишга киришади.
-Қариб ҳам қуйилмагансиз. Ўзингизни хотинлар олдида кўз-кўз қиласиз. Кейин суқ кириб оёғимни бос, белимни уқула деб жонга тегасиз, -ёлғондакам рашк қиламан.
Шаҳар марказида яшовчи эгизак невара ва чеваралар меҳмонга келсалар тез зерикадалар.
-Нега сизларнинг кўчангиз йўқ. Биз тенги болалар ҳам кўринмайди, кўчада ўйнагимиз келяпти, — деб хархаша қиладилар. Ҳақиқатан кўчамиз йўқ. Эшигимиз олдидан ёп оқади. Ёпгача бўлган ҳудудда ўзимизча боғ яратганмиз. Қўшнилар ҳам шундай. Уйга “Пожарний ход”дан кирамиз.
Боғимизда ток кўп. Йигирма йил один Хўжамнинг қишлоқдаги ўртоғи келиб қаламчаларни боғчанинг чор атрофига тиқиб кетган. Ток воғлаб ўсиб, дастлаб тузиккина ҳосил берди. Сўлқим-сўлқим узумларни қариндош туққан, қўшни оволарга тарқатдик. Узум шарбати тайёрладик. Роса қувондик. Кейинчалик, йилдан йилга ҳосил камайиб борди. Маълум бўлдики, бизнинг боғбонимиз хомтак қилиш йўлини билмас, новдаларни кўзига хунук кўринганини қирқаверар экан. Ток устида кўп тажриба ўтказди. Кузда кўммасдан айримларини қишнинг ҳукмига топшириб кўрди. Баҳорда тузиккина япроқ чиқарган токлар узумга келганда тихирлик қилдилар. Номигагина ҳосил тугдилар. Яна кузни кутди. Ёрдамчи ёлланди. Ишлаши ёқмади. Неваралар кўмакка келди. Камчилик топди. Ҳеч кимга ишонмай токларни ўзи кўмди ва хорғинлаб қолди.
Хўжам ҳар йили эринмай ўнлаб кўчат ниҳолларини ўтқазади. Куртак, япроқ чиқаришини интиқ кутиб ўз билганича парваришлайди. Саратонда кўчатлар қовжирайди. Ўнтадан биттаси зўрға тирик қолади. Агар, агар ўтқазган кўчатлари яшнаса, боғимиз одам ўтиб бўлмас ўрмонзорга айланарди. Қўшни тенқурларидан эшитибди. Кўчатчилар ниҳолларни сотишдан олдин томирини қайноқ сувга тиқиб олармиш ё томирини очиб қўйиб шамоллатармиш. Натижада кўчатлар кўкармасмиш.
-Тўғрида, — дейди Хўжам ўзини камчилигини ёпиб-эсимни таниганимдан бери, олдин мактабда, институтда, кейинчалик қирқ йил иш жойимда ҳар баҳор кўчат ўтқазганмиз. Лекин шаҳримиз ҳамон калнинг бошидай. Дарахтлар яккам-дуккам. Шу йиллар ичида ўтқазган дарахтларимиз бўй чўзса, кўчалар соя салқин, ҳушманзара бўлар эдику.
Майли, дарахтлар ўз йўлига. Помидор, болгар мурчи, оддийгина бақлажонларга нима дейсиз. Эрта баҳордан бозор қатнаймиз. Эгат тортиб кўчатлаймиз. Қайсидир сабаблар билан кўчатлар шалпайиб қолади. Қайта ниҳол ўтқазамиз. Хўжам безор бўлгунча машғулотини давом эттиради. Ва ниҳоят эгатларда яшиликлар, помидор, мурч, бақлажон, бодринглар кўзни қувонтира бошлайди. Кейин эса, помидор деганларининг бир томони оқиш тусда, бақлажонлар бақалоқ, мурчлар тумшаяди. Ўғит деганлари ҳам Хўжамнинг назаридан четда қолмайди. Гўнгдир, кимёвийсидир қўллаб кўради.
Қайнонам “Дуд демакка дудоқ керак” дегувчи эди. Хўжам қанча ҳаракат қилмасин, боғбон-у соҳибкорнинг ўрнини боса олмади. У кишимга темир, қурилишга алоқадор юмушлар бўлса нақ гулини чиқаради. Лекин ҳамон тупроқ ишидан чекинишни истамай деҳқончилик илмини ўзлаштиришга интиляпти. Кўриниши чала бўлсада зарур пайтда эгат оралаб Хўжамнинг маҳсулотларини териб чиқиб мамнуният билан овқатга ишлатамиз.
Сувратда: Ҳикоя муаллифи тадбирда (ўнгдан учинчи)