Инклюзив таълим муҳитини яратиш

0
47
марта кўрилган.

 

2025 йилга бориб Ўзбекистон мактабларнинг камида 51 фоизини инклюзивликка эришишни мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари, болалар учун хавфсиз ва инклюзив таълим муҳитини яратиш республика ривожланишининг устувор йўналишларидан биридир. Ушбу мақсадлар учун 3 йил давомида 600 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ жалб этилиши режалаштирилган.

Бу вазифа 2020–2025 йилларда инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси доирасида амалга оширилмоқда. Масалан, 2022-ўқув йилида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги 225 та умумтаълим мактаби имконияти чекланган болалар учун ўз эшикларини очди.

Аввало, инклюзив таълим тушунчасига аниқлик киритадиган бўлсак, “инклюзивлик”нинг ўзи, хусусиятларидан қатъи назар, мутлақо барча одамларни тўлиқ ижтимоий ҳаётга киритиш жараёнидир. Инклюзив таълим — бу барча болалар умумий таълим тизимига киритилган ўқув жараёни. Бу ерда “барча болалар”, яъни уларнинг жисмоний, ақлий, интеллектуал, маданий, этник, тил ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар, аниқ таъкидлаш муҳимдир.

Бу шуни англатадики, болалар ўз яшаш жойларида таълим олиш учун тенг имкониятларга эга. Умумтаълим мактаблари махсус таълим эҳтиёжларини ҳисобга олади ва ўқувчиларга зарур махсус ёрдам кўрсатади. Ва ниҳоят, барча болалар тенгдошлари билан тенг равишда ўрганишлари, ривожланиши, ижтимоийлашиши ва бир-бирига бағрикенгликни ўргатиши мумкин.

Маълумки, инклюзив таълимда махсус таълим эҳтиёжидаги болалар барча болалар билан бирга маълум мақсадда турли қобилиятларга мувофиқ гуруҳлаштирилади. Махсус таълим ақлий, жисмоний ташқи кўринишга мувофиқ амалга оширилса, инклюзив таълим боланинг қобилияти ва имкониятларига кўра белгиланади. Махсус таълим ўқитишнинг махсус ва альтернатив дастурлари орқали ўқитилса, инклюзив таълим болага йўналтирилган ва мослаштирилган, йўриқномали, барчага мўлжалланган ўқув дастури асосида ўқитилади. Инклюзив таълимнинг ўзига хос муҳим жиҳати шундаки, болалар ва ўқитувчи бир -бирларидан ўрганишади ҳамда муаммоларни биргаликда ҳал этишади.

Шуниси эътиборга лойиқки, инклюзив таълимда барча болалар, шу жумладан ногиронлар махсус ажратилган гуруҳда эмас, балки бир синфда ўқийдилар. Махсус гуруҳлар ва муассасалар қолаверади, улар тугатилмайди, аммо ота-оналар боласи учун муассасани танлаш ҳуқуқига эга. Инклюзив таълимнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ўқув дастурига эмас, балки болаларга қаратилган. Бунга ҳар бир боланинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган ва қўшимча ёрдамга муҳтож бўлган болаларнинг эҳтиёжларини қондирадиган педагогика орқали эришилади. 

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишга ҳар томонлама шароит яратилмоқда. Инклюзив таълимни бутун мамлакат бўйлаб ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бунга амалий мисолдир.

М.Турдалиева,  ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.