Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар

0
17
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 5 декабрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Туркман халқининг миллий етакчиси давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Илгари эришилган келишувлар ижросининг бориши ва бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик масалалари томонларнинг эътибор марказида бўлди.

Ўзаро мулоқот ва алмашинувлар сезиларли фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўтган ойда Туркманистонда Ҳудудлар форуми, саноат кўргазмаси ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Бундан ташқари, Ашхобод шаҳрида атоқли мутафаккир ва шоир Махтумқули Фироғий асарларининг ўзбек тилидаги тўплами тақдимоти ва ҳамда унга бағишлаб биргаликда суратга олинган бадиий фильм намойиши бўлиб ўтди.

Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Юк ташишлар, шу жумладан Туркманбоши порти орқали кўпаймоқда. «Шовот — Тошовуз» чегараолди зонаси қурилиши давом этмоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа йўналишларда кооперация кенгаймоқда.

Энергетика ва сувдан фойдаланиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жорий халқаро вазият ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчисини яқинлашиб келаётган байрам — Бетарафлик куни билан самимий табриклаб, биродар туркман халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.