Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Аҳмад Ал-Жобир ҳамда энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад Ал-Мазруийдан иборат делегация билан учрашувида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва инвестициявий шериклик лойиҳаларини илгари суриш масалалари кўриб чиқилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Султон Ал-Жобир давлатимиз раҳбарига Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, мамлакат Бош вазири, Дубай Амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум ва Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон-БАА кўп қиррали муносабатларининг бугунги юксак даражаси алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард долларга етди.
«Яшил» энергетика икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун Навоий вилоятида қуввати 500 мегаватт бўлган шамол станцияси ишга туширилди — бу лойиҳа Masdar компанияси томонидан амалга оширилди.
Умуман, ушбу компания иштирокида сўнгги йилларда мамлакатимизда умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган электр энергияси ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилди.
Энергетика, нефть-газ ва кимё тармоқлари, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда йирик инвестиция лойиҳаларини тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча даражалардаги самарали мулоқотларни давом эттириш ва бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди.