ЭҲТИРОМ: Иброҳим Ғафуров ўзининг беқиёс ижодий ва ижтимоий фаолияти билан эл-юртимизга жуда катта хизмат қилган улуғ замондошимиздир. Ишонаманки, у киши бундан кейин ҳам ўзининг янги-янги гўзал ва баркамол асарлари билан барчамизни, бутун халқимизни хушнуд этади.
Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти
Нашр этила бошлаганига 5 йил тўлиши арафасида турган “Янги Ўзбекистон” газетасининг фаол, куйинчак ва садоқатли бир муаллифи бор. Бу — Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров. Унинг мақолалари, эссе ва суҳбатларини муштарийларимиз кутиб, соғиниб мутолаа қилади. Негаки юксак тафаккур эгаси бўлмиш бу закий инсоннинг доим одамларга айтадиган ўз гапи бор. Гапки, салмоқли ва залворли.
“Ватанпарварлик ва миллатпарварлик сингари эътиқодий ҳодисаларни ҳам фақат маънавият билан чамбарчас боғлаган ва ундан заррача айрилмаган ҳолдагина тушуниш, шунга яраша саъй-ҳаракатда бўлиш ҳар бир халқ учун чин мўъжизалар яратади. Маънавиятдан маҳрум ватанпарварлик ва миллатпарварлик ўз-ўзинигина кўр-кўрона севишга, димоғдорликка, такаббурликка олиб боради, аслини олганда, такаббурликнинг жаҳолатдан сира фарқи йўқ. Такаббурлик ҳам, жаҳолат ҳам, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслик, беписандлик ҳам маънавиятсизликдан ҳосил бўлади”, деб ёзади Иброҳим Ғафуров мақолаларининг бирида. Яна бир нарса билан мақтаниш мумкин.Адабиётшунос, мунаққид, таржимон устоз нафақат “Янги Ўзбекистон” газетасининг муаллифи, балки эълон қилинаётган кўплаб мақолаларнинг қаҳрамони ҳамдир. Ўтган йили нашрнинг 4 апрель санасидаги сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраевнинг “Иброҳим Ғафуров ва китоб” эссеси чоп этилган эди. Иброҳим аканинг ҳаёт йўли, илм заҳматлари, уни юксак мавқега кўтарган омиллар таҳлилига бағишланган мақола кўплаб эътирофларга сабаб бўлди. Адабий жамоатчилик Иброҳим Ғафуровни ўзбек таржимачилик мактабининг муносиб давомчиси, уни янада юксак поғоналарга олиб чиққан таржимон сифатида билади ва ҳурмат қилади. У Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжоновнинг юксак маҳорат билан яратиб кетган ижод мактаблари ёнида устозларга эҳтиром келтириб, ўзининг тафаккур ва фикр сарҳадини бунёд этди.
— Мен шундай кунлар келишини кутмоқдаман: навқирон ўзбек йигит-излари бадиий таржима соҳасида катта-катта ютуқларни қўлга киритиб, ўкракларига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъсис этилган Огаҳий мукофотининг шарафли нишонларини муносиб тарзда тақиб, халқаро таржима анжуманларида фаол иштирок этадилар, бу умуминсоний маданият равнақига ўз эътиборли ҳиссаларини қўшиб борадилар, — дейди қаҳрамон мунаққид.
Кеча Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Республикаси санъат арбобининг таваллудига 88 йил тўлиши муносабати билан бўлиб ўтган “Иброҳим Ғафуров — адиб, мунаққид, таржимон” мавзусидаги илмий-адабий анжуманда иштирок этиб, хаёлимиздан шу гаплар ўтди. Адабий кечада сўзга чиққан таниқли ёзувчи, шоир, мунаққидлар Иброҳим Ғафуровнинг ибратли ҳаёт ва ижод йўли ҳақида, бугун ҳам шогирд ҳамда сафдошларига бериб келаётган сабоқлари борасида дил сўзларини изҳор қилди. Унинг публицист, таржимон, таҳрирчи, муҳаррир, адиб сифатидаги маҳорати ва меҳнатлари эътироф этилди.
— Иброҳим аканинг бадиий ижоди ҳақида кўп айтилди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таржимашунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. — Мен унинг газетачилик фаолияти, мақолалари ҳақида тўхталмоқчиман. Газетани қандай шакл-шамойилда чиқариш, мақолани қандай ёзиш ва таҳрир қилиш бобида ҳам у барчага намуна. Иброҳим Ғафуров имзоси билан ёзилган мақолаларни мақола дейишнинг ўзи етарли эмас — унинг маънавиятимиз уфқларини ёритувчи мақолалари ижодий жозиба билан ёзилган ва манифест даражасига чиққан ижод намуналаридир.
Нодир МАҲМУДОВ, “Янги Ўзбекистон” мухбири
Сайтимизнинг бугунги меҳмони – қисқа муддатда Ўзбекистон газета-журналлари орасида ўз ўрнига эга бўлган ”Янги Ўзбекистон“ нашри. Ушбу мақола ”Янги Ўзбекистон “ газетасининг 2025 йил 23 январдаги 16- сонидан олинди. Шунингдек, газетанинг YUZ. UZ сайти ҳам фаолият юритади.