Биринчи ренессанс даврида яшаган алломалар тарихда ўчмас из қолдирган бўлиб, улар жаҳон маданияти, илм-у фани равнақига бевосита ўзларининг улуғвор таъсирини кўрсатган мутафаккирлардир. Ислом оламининг илм-маърифат билан чароғон бўлишида ҳамда диний ва дунёвий илмларни юксак чўққига олиб чиқишда ҳиссалари беқиёслиги туфайли ҳамон улуғланади:
Абу Мухаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (783–850) – алгебра фанининг асосчиси, “алгоритм” атамасига замин яратган буюк математик.
Аҳмад ал-Фарғоний (797–865) – “Алфраганус” номи билан танилган, Европа университетларидаги асосий дарсликларга илҳом берган олим.
Имом ал-Бухорий (810 – 870) – Ҳадис илмининг султони. Ислом оламида Қуръондан кейинги энг муҳим манба сифатида эътироф этилган, машҳур «Ал-жоме ас-Саҳиҳ» асари муаллифи.
Абу Наср Форобий (873–950) – “Шарқ Арастуси” деб эътироф этилган, “Фозил одамлар шаҳри” асари билан фалсафа ва ижтимоий фикрга янги йўналиш берган.
Абу Мансур Мотурудий (870 – 944) – буюк имом, фиқҳ олими, калом илмининг мотуридия оқими асосчиси. «Китоб ат – тавҳид», «Таъвилат аҳл ас – сунна» каби асарлар муаллифи.
Абу Райҳон Беруний (973–1048) – астрономия, география ва математикада дунёга машҳур кашфиётларни амалга оширган зукко олим.
Абу Али Ибн Сино (980–1037) – тиббиёт фанининг султони, ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур олим, “Тиб қонунлари” асари билан тиб илмига асос қўйган.
Маҳмуд Кошғарий (1028 – 1126) – Туркология фани асосчиси. Дунёдаги энг биринчи туркий тилдаги изоҳли луғат – «Девону луғотит турк» муаллифи.
Абулқосим Маҳмуд аз-Замаҳшарий (1075 – 1144) – Дунёдаги энг биринчи араб тили грамматикасига оид қўлланма муаллифи. Каъбанинг ёнида яшаб етти иқлимга «Жоруллоҳ» — Аллоҳнинг қўшниси номи билан танилган буюк аллома.
Бурҳониддин Марғиноний (1123 – 1197) – Дунёга машҳур ҳуқуқшунос. Фиқҳ соҳасида энг аниқ, изчил, мукаммал саналган «Ҳидоя» асари муаллифи.
gujum.uz