ЕХҲТ Тошкентдаги Афғонистон бўйича халқаро конференцияга муваффақият тилайди

0
126
марта кўрилган.

2018 йил 15 март куни Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Доимий кенгаши аъзолари 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг асосий мазмуни билан танишдилар.

Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва Вена шаҳридаги бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Шерзод Асадовнинг маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ва бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб қилинишини таъминлашда муҳим қадам бўлиши керак.

Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россиянинг дипломатик ваколатхона раҳбарлари ўз нутқларида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини қўллаб-қувватладилар. Хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон томонига юқори даражадаги Тошкент форумини ташкиллаштириш ташаббуси учун миннатдорчилик изҳор қилиб, унинг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирдилар.

ЕХҲТга раислик қилувчи мамлакат бўлган Италия вакили Афғонистон бўйича халқаро конференция натижалари юзасидан ташкилот доирасида алоҳида тадбир ўтказишни таклиф қилди.

ЕХҲТнинг Доимий кенгаши йиғилишида ташкилот раҳбарияти, 60 га яқин элчилар, иштирокчи ва ҳамкор мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қатнашдилар.

Йиғилиш якунига кўра Ўзбекистон томонининг маърузаси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

 Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.