Ҳиндистон иқлими, табиати, наботот ва ҳайвонот олами ўзига хос улуғвор мамлакат. Ушбу ғаройиб диёрга саёҳатим давомида аждодларимиз бунёд этган Тожмаҳал ва Ҳумоюн мақбараси атрофидаги боғларнинг кенгликларида қад ростлаб турган икки улуғвор дарахт қалбимга чексиз ҳайрат солди.
Ҳатто, Ҳиндистон Тибетида, табиатни асравчи ламалар яшайдиган ўрмон қўйнида ҳам мен унга ўхшаш улкан ўсимликни учратмадим. Дарахтлар беихтиёр киши эътиборини ўзига жалб қилади. Улар шунчалик ҳайбатли ва жозибадор эдики, унга тўрт-беш киши қулочини ёзиб бирлашса-да етиши амри маҳол эди.
Улуғвор дарахтлар юртимизда ҳам, дунёнинг барча кенгликларида ҳам учрайди. Бироқ, унинг ўзига хослиги шундаки, ўзак илдизидан яна кўплаб дарахтлар ўсиб чиққанда асосга тирмашиб, ўрилган сочдек бирлашиб кўкка бўй чўзишган. Гўё ўзак дарахт Ҳиндистонга келиб салтанат бунёд этган Бобур Мирзо эди-ю, атрофидаги унга бағрини бериб, чирмашиб турган дарахтлар унинг авлодлари рамзидек туюлади. “Бу шунақа тур дарахтми ёки махсус ўстирилганми?” бу саволимга таржимон жавоб бера олмади.
Ушбу мўжизани мен “Бобурийлар сулоласи” деб номладим. Тожмаҳалдаги улуғвор дарахтнинг атрофини муҳофазаси учун темир эрганаклар билан ўраб қўйишибди. Тўрт томонига чорпоялар қўйилган. Соясида кўплаб одамлар, турфа миллат вакилларидан иборат сайёҳлар ором олишмоқда. Гўё у инсонларни бирдамликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундаётгандай.
Ҳумоюн мақбарасидаги ушбу мўжизакор дарахт эса катта экин майдонини эгаллаган. Унинг қуюқ соясида дам олар экансиз, қалбингизни осойишталик эгаллайди. Шундай гавжум ва тиғиз Деҳлида ана шундай осуда, ҳузурбахш гўзал маскан, улуғвор кенглик, мўжизавор ўсимлик борлигига ҳайрон қоласиз!
Дунёда мўжизалар кўп. Бирлашган миллатлар ташкилоти 2007-йилдаги рўйхатида Тожмаҳални етти мўжизанинг бири деб тан олди. Уни мусулмон оламининг инжуси, Ҳиндистон қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг дурдонаси деб таъкидлади. Дарахт гўё ана шу етти мўъжизанинг бири Тожмаҳалнинг ўқ илдизларини эслатиб тургандек эди.
УСТОЗ-ШОГИРДЛИК. Қурони каримда қалам сураси мавжуд. Сура “қалам билан қасам” деб бошланади. Оллоҳ Таоло қаламни муқаддас санаяпти, биз ҳам уни муқаддас деб биламиз. Чунки, қалам ушлаган инсонларнинг ҳар биридан ненидир ўрганамиз. Биз Ҳиндистонга қадам ташлаганда “устоз Бобурнинг руҳлари қўлласин” дея дуо қилдик. Зеро, бизга болалигимиздан таниш, мактаб дарсликларидан уларнинг ҳаётини, ижодини ўрганганмиз, шеърларини ёд олганмиз, улардан олам-олам руҳланганмиз.
Меҳр кўп кўргиздиму, меҳрибони топмадим.
Жон басе қилдим фидо оромижони топмадим.
Шунингдек, “Бобурнома”ни ўқиганимизда ҳам табиатни ўрганганмиз, ҳам географияни, ҳам адабиётни. Алломанинг асарлари ўқиб ўрганиб, қалам ушлашга меҳр қўйганмиз. Шунинг учун биз қаламкашлар адабиёт соҳасида бизга асарлари билан таълим берган ҳар бир алломани устоз деб ардоқлаймиз.
Бир йиғилишда маърузачи инсоннинг устози битта бўлади, деб таъкидлади. Унинг сўзларини эшитиб беихтиёр аллома Алишер Навоийнинг “Маҳбуб – ул – қулуб” (Кўнгилларнинг севгани) асаридаги сатрларини эсладим.
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Наҳотки, устоз биргина бўлса, биринчи ўқитувчимиз машаққат билан бизга қалам ушлашни ўргатиб, кўзимизни нурлантиради. Қайси бир мураббийнинг сабоқларидан руҳланиб, унга ҳавас қилиб, кейинги қадамлар учун йўналиш оламиз. Кўплаб устозлардан билим олиб, меҳнат фаолиятимизни бошлаганимизда ҳам тиниб-тинчимай ўқиб-ўрганамиз. Бу ерда ҳам кимдир бизга устозлик қилади. Демак, бобомиз Мир Алишер Навоий айтганларидек, кимки бизга вақтини ажратиб, билганини қизғанмасдан, сабр-тоқат билан бирор нарсани ўргатса, унинг қарзини юз ганж (хазина, бойлик) ила адо айлашимиз қийин.
Бироқ, у маърузачининг гапида ҳам жон бор. Авлод – аждодларимиз битта кишини ўзининг пири ҳисоблашган. Муҳаммад Хоразмшоҳлар пири Нажмиддин Кубро, Амир Темур ўзининг устози – Мир Саййид Барака қабрини ўзининг қабри билан ёнма-ён қўйдирган. Ҳумоюн мирзо ўз пирига ўзининг мақбараси ёнидан мақбара қурдирган.
Пирлар одамларни руҳан, маънан қўллаб қувватлаб туришган. Улар дунёвий ва диний илмларни уйғунликда олиб борган кишилардир. Хусусан, Нақшбандий, Аҳмад Яссавий, Имом Аъзам Ғаззолийнинг муридлари кўп, уларни улуғлашади. Қадимдан аждодларимиз бирор мураккаб ишга қўл уришдан олдин “ё, пирим” деб хитоб қилишган. Бу одатлар бежиз эмас, албатта. Шоир Мунис ўзидан икки аср олдин ўтган Алишер Навоийни пири-устоз деб таърифлайди.
Сўз ичра Навоий-ки, жаҳонгир турур,
Мунисга маоний йўлида пир турур!
Шоир Мунис Алишер Навоий билан учрашмаган, шахсан таълим олмаган бўлса-да, ҳаёт йўлини кузатиб асарларини ўқиб, сабоқ олган, ўзининг руҳини тарбият этган. Бундай ҳолатларни увайсий устоз яъни пир дейилади.
Дарҳақиқат пир битта, устозлар эса кўп. Аллома Алишер Навоийнинг устоз муаллимларга қарата айтган шеърий сатрлари, ҳикматлари ҳам мавжуд:
Ҳунарни асрабон нетгумдир, ахир,
Олиб тупроққами кетгумдир охир.
Ана шундай ўз илмини шогирдларга ўргатишга интилган шахслар бу устозлардир. Устозлик олижаноб анъаналаримиздан биридир. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов устозлар ҳақида шундай дейди: “Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир” Яна улар шундай дейдилар: “Бугунги эркин ва озод ҳаётнинг маъноси ва қадр-қимматини ёшларнинг онгига етказиш учун ота-оналар, устоз-мураббийлар масъулдир”. Демак, устоз бурчи мавқеи ота-онадек улуғ. Халқимиз “устоз ота-онангдек улуғ” деган ҳикматни бекорга айтмаган. Устоз-шогирдликнинг туб моҳияти шуки, унинг ўқ илдизи шуки, ҳаётдаги, турмушдаги, турли соҳадаги гўзал анъаналарни янада асраб авайлашга, давом эттиришга даъват этади.
Шунинг учун ҳам бегона юртга қадам ташлар эканмиз, Ҳиндистондек катта мамлакатда буюк салтанат бино этган Бобурийларнинг изларини изладик ва ҳар қадамда дуч келиб ватандошимиз билан фахрландик.
Раъно Зарипова, Республикада хизмат кўрсатган журналист