Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари илк расмий ташриф билан АҚШда бўлди.
АҚШ давлат раҳбари мамлакатимиз раҳбарини Оқ уйда қабул қилиб, ҳар икки давлат ўртасида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди. Вашингтонда юртбошимиз, шунингдек, АҚШ Конгресси, Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаменти ҳамда Жаҳон банкида икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Ушбу учрашувлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америкага расмий ташрифи, ҳар икки давлат раҳбарлариниг музокаралари АҚШ матбуотида қандай ўз аксини топди?
Айтиш керакки, аввало АҚШ Президенти Д.Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ва унинг делегациясини илиқ кутиб олиб, учрашувда Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган улкан ютуқларни эътироф этди. Д.Трампнинг бу илиқ сўз ва муносабатлари ўз навбатида мамлакат матбуотида ҳам ўз аксини топди. Масалан, “Президент Ш.Мирзиёевни қабул қилиш биз учун шараф. Мамлакат раҳбарини хорижда ҳам, ўз юртида ҳам чуқур ҳурмат қилишади, деб айтди Трамп,” – деб ёзилади www.cnn.cом сайтининг “Оқ уй: Трамп Ўзбекистон раҳбарини матбуот ва сиёсий эркинлик сари ундайди” сарлавҳали мақоласида (16 май, 2018 йил). Шунингдек, ушбу мақолада “Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги стратегик алоқаларнинг янги даврини бошлаб берди” деб ёзилади.
“Мирзиёев мамлакатда сиёсий маҳбусларни озод этиш, ташқи валютани айрибошлашдаги чекловларни олиб ташлаш, ўқувчиларни мажбурий пахта теримига жалб этилишини бекор қилиш каби ички сиёсатлари орқали бир қатор либераллашув ислоҳатларини олиб бормоқда”, деб таъкидланади мақолада.
“Дунёдаги энг йирик давлатлар — Россия, Хитой ва АҚШ ҳукуматлари Афғонистондаги ўз сиёсатини олиб боришда турли ресурсларга бой ҳамда ҳудудий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон билан доим яқинлашишга уриниб келадилар. Мирзиёев эса Россия билан дўстона алоқаларни узмаган ҳолда ғарб билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлаяпти” деб ёзилади мақолада.
“Вашингтон Пост” газетасидаги “Трамп Ўзбекистон Президенти билан Афғонистон масаласида учрашди” сарлавҳали мақолада эса (16 май, 2018 йил) “Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизматидаги кўплаб эски тартибда ишловчи бошлиқларни вазифасидан озод этиб, катта ўзгаришлар олиб боряпти” деб ёзилади. Мақолада айниқса, Афғонистон масаласига алоҳида урғу берилиб, жумладан, шундай дейилади: “Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош мамлакат эканлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга. Оқ уйдаги учрашувда икки мамлакат раҳбарлари Афғонистондаги вазиятни таҳлил этдилар”.
Мақолада ҳар икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ ва ҳарбий соҳада кенг ҳамкорлик йўлга қўйилгани, жумладан, кечаги учрашувда АҚШнинг қатор етакчи компаниялари билан шартномалар тузилгани айтилади.
Умуман олганда, АҚШ матбуотидаги Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларнинг таҳлили ижобий руҳга кўчганлигини таъкидлаш керак. Мақолалардан кўриниб турибдики, АҚШ маъмурияти янги ҳамкорликдан ижобий натижалар кутмоқда. Шак-шубҳасиз, биз ҳам бундай тенг манфаатли муносабатлар ҳар икки мамлакат фойдаси учун хизмат қилади, деб ишонамиз.
Ойдин Саъдуллаева, Gujum.uz интернет нашрининг Вашингтондаги мухбири