Доҳа шаҳридаги учрашув

0
125
марта кўрилган.

2018 йилнинг 3 июнь куни Қатарда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Доҳа шаҳрида Қатар Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад Бен Абдел Раҳман Бен Жасем Ал Тани билан учрашди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқалар, шунингдек, халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигини ривожлантириш, унга кўп қиррали тус беришдан томонлар манфаатдор эканлигини тасдиқладилар. Шу ўринда турли даражалар ва шакллардаги алоқаларни фаоллаштириш, хусусан энг истиқболли йўналишларни аниқлаш ва эътиборни уларга қаратиш имконини яратадиган вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш чоғида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом сивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муҳим ташаббусларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Вазирлар томонидан Афғонистондаги вазиятни тинч йўлда ҳал қилиш бўйича халқаро конференцияда 2018-йил 27-март куни қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Ушбу конференция ишида Қатар делегацияси ҳам иштирок этган эди.

Учрашувда бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.