Қисаси ар-Рабғузий

1
2427
марта кўрилган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!  “Халқ орасинда русм бор, дўст дўстга сафар қилиб ёнар бўлса, бир ҳадя, яъни бўлак ола борурлар” –деб ёзади Носируддин Рабғузий ўзининг “Қисаси ар-Рабғузий” асарининг сўз бошисида. Носируддин Рабғузий (жойилари жаннатда бўлсин) асарни деярли бир йиллик тинимсиз меҳнатдан сўнг ҳижрий 710 йилнинг ҳут( мелодий 1310 йил, 21 февраль-21 март) ойида ниҳоясига етказади.

Ушбу китобнинг замонавий ўзбек тилидаги талқинини амалга оширган биз ­ муаллифлар Раъно Зарипова ва Нодира Саъдуллаева сизларни муборак рамазон ойи билан қутлаб,  икки томлик мазкур китобдан Сиз дўстларга ҳам илиндик. Эътиборингиз учун рахмат! 

Муаллифнинг муқаддимаси шундай бошланади: Сонсиз ҳамду санолар, саноқсиз кўп мақтовлар, ул Изи Азза ва Жалла Карим қудрати бирла бизларни одамий яратди. Муқаддас китоб тили билан айтганда, Батаҳқиқ биз Одам болаларини мукаррам қилдик. (Курсив билан ёзилганларининг бари муаллиф Носируддин Рабғузийнинг “Қурони карим”дан келтирган оятларидир.(Р.З.ва Н.С.)

Қисаси ар-Рабғузий(1-жилд)

Вал қавлу фис-самовати вал арзи-Оламнинг яратилиши

Хабарда андек келур: Оллои Таоло аввало бир гавҳар яратди. Унга ҳайбат назар қилди. Ул эриди – сув бўлди. Ундан кейин елни яратди. Сув юзига тушди. Кўпикланди. Кўпикдан тутун кўтарилди. Ул тутундан кўкни яратди. Сув Мавло Таоло ҳайратидан қайнаб, қуюқланди. Ундан Каъба ўрнича уй яратди. Ерни машриқдан-марғибга қадар кенгайтирди. Ерлар ва кўклар бир қат эди. Оллоҳ ўз қудрати ила уларни бир-биридан айирди.

Сўнгра самога юзланди. Уни етти қат қилиб бино этди. Етти қат ер ҳам сув узра чайқаларди, унга тоғларни қозиқ қилиб, инъом қилди. Яна Оллои Таоло жамики оламни олти кунда яратди.

Хабарда андак келур: якшанба куни кўкларни яратди. Душанба куни ой, кун, юлдузларни бунёд этди. Уларни фалак ичида туритди. Сешанба куни қурт-қушларни, фаришталарни яратди. Чоршанба куни сувларни, елларни, булутларни бунёд этди, дарахтлар, ўт-ўланларни ундирди, рисқларни улаштирди. Пайшанба куни жаннат, дўзах, рахмат ва азоб фаришталарини, ҳурларни яратди. Одина куни Одам Атони яратди. Шанба куни нарса яратмади.

Барча нарсаларни кўз юмиб очгунча яратиш қудрати бор эди. Осмонларни, ерни ва улар ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратилганида катта ҳикмат мавжуд. Унинг сабаби Қуръони каримда ҳам тилга олинади: Батаҳҳиқ биз осмонларни, ерни ва уларнинг ўрталаридаги бор нарсаларни олти кунда яратдик. Оллоҳ элчиси деди: шошилиш шайтоннинг ва шошилмаслик раҳмоннинг ишидир. Ҳа, шошилиш шайтоний, сабр рахмонийдир.

Сифати ас-самовати-Самонинг сийрати

Асардаги маълумотларга қараганда, парвардигори олам етти қат самони якшанба куни яратган. Ҳар бирининг ўз номи ва фаришталари мавжуд. Илк қат кўк, яшил, зумраддан бўлиб, оти Рафиқ. Фаришталари уз(ишбилармонлик. Ҳ. Дадабоев луғати ва изоҳидан) суратли, улуғлари Исмоил отли. Иккинчи қат кўк кумушдин турур, оти Руқъа. Фаришталари бургут суратли, улуғларининг оти Рақбоил! Учинчи қат кўк ёқуддин, оти Қайдам турур. Фаришталари ой суратли, улуғларининг оти Кўкбоил! Тўртинчи қат само инжудан яралган, оти Моъун, фаришталари от суратли, улуғларининг отлари Нубоил. Бешинчи қат кўк, олтиндан бўлиб, оти Ратқо, фаришталари Ҳур суратли, улуғларининг исми-Сифтбоил. Олтинчи қатлам, сариқ ёқутдан, оти Захо бўлиб, фаришталари вилдон, (хизматкор) суратли, улуғларининг оти Рағбоил. Еттинчи қат кўк нурдан бўлиб, номи Арибо турур, фаришталари одамий суратли, улуғларининг оти Нурбоилдир.

Сифати ал-аразна-Ер сийрати

Ер суврати ва сийрати ҳақида фикр юритганида ернинг қатламларга бўлиниб таърифланиши бугунги табиий географиядаги мантиққа монанддир. Ҳар бир қатламнинг туркона ном билан аталиши илм аҳлини табиий қизиқтиради.(З.Р;Н.С.).

Илк қат ернинг оти Рамко дейилади, етакчисининг исми Ақим бўлиб, етмиш минг бурундук билан яшайди. Ҳар бир бурундук атрофида етмиш минг пари.

Иккинчи қат ер ости Жулза дейилади. Унинг ичида думи найзадек қора туяга ўхшаш жаҳаннам чаёнлари бор. Ҳар бирида олти юз олтмиш найза бор ва ҳар бир найзасида яна олти юз олтмиш бош бўлиб, ҳар бошда олти юз олтмиш заҳарли олма мавжуд. Улардан бирини бу дунёга чиқарса олам халқи ҳалок бўлгай эди.

Учинчи қат ер Арқа дейилур, унинг ичида жаҳаннам махлуқлари бўлиб, Қоф тоғидан ҳайбатли эди.

Тўртинчи қат ернинг оти Харна бўлиб, унда жаҳаннам илонлари бор. Ҳар бир илоннинг минг тиши мавжуд, унинг ҳар бири хурмо дарахтидек бўлиб, ҳар бир тишининг тагида оғу билан тўлган ўн саккиз олма мавжуд.

Бешинчи қат ернинг оти Малсо, у ер жаҳаннам тошлари билан тўлган.

Олтинчи қат ернинг оти Сижжин бўлиб, унинг ичида дўзахийларнинг жони сақланади.

Еттинчи қат ернинг оти Ажибо дейилади, у ер иблис макон бўлиб, ҳар йилда бир марта чиқади ва яна кириб кетади. Ҳар бир куннинг узунлиги Ернинг беш юз йиллик вақт ўлчамига тенг.

Асарда фаришталар, парилар, жинлар, жумладан, Азозил (фаришталарнинг устози, кейинчалик шайтонга айланган), одамларнинг яратилиши хақида шундай дейилади(З.Р;Н.С):

 Оллои таоло фаришталарни оловнинг ёруғидан нурдан яратди. Париларни ўтнинг ёлинидан яратди. Уларнинг асли битта, бироқ уч нарса билан бир-биридан фарқланадилар. Биринчи фарқи-фаришталар нурдан, парилар ёлқиндан яралди. Иккинчи фарқи-фаришталар малак дейилади, парилар –жин. Учинчи фарқи-фаришталар улуғвор самода, парилар ерда бўлади.

Хабарда андоқ келур. Яна Оллои таоло дўззах ичида икки жонни яратди. Бири -эркак арслон сувратли оти Жаблит. Иккинчиси — бўри сувратлиғ, тиши (аёл) оти Таблит. Жаблитнинг думи илон янглиғ, Таблитнинг думи эса чаён сувратлиғ. Оллои таоло инояти билан иккаласининг қуйруғи жаханнамга тушди. Шунинг учун ҳам дўзахда неки илон ва чаён бўлса, Жаблит билан Таблитнинг думи янглиғдир.

Жаброилга Оллои таолодан иноят бўлди. Таблитни никоҳ қилиб Жаблитга бергин деб. Барча жонзод ичинда илк никох шу бўлур. Жаблит билан Таблитни қўшдилар. Улар қўша-қўша ўғил – қиз кўрдилар. Жаблит қизини бирга туққан ўғилларига берарди. Еттинчи марта ўғил кўрганда, унга Хорис деб от бердилар. У ниҳоятда маккор эди. Хорисга ҳам ўзи билан бирга туғилган қизни берай деса Оллои таолодан ёрлиқ бўлди. Эндиликда бирга туққанга бермагил, олдингини кейингига бергил. Жаблит Хорис билан бирга туққан қизини бошқа ўғлига берди. Хорис аразлаб бошқа қизга унамади. Дўзахнинг бир четида ўтириб, ибодат бошлади. Узоқ вақт ибодат қилгандан сўнг Оллои таоло уни бешинчи қат ерга чиқарди. Яна тоат — ибодат билан машғул бўлган эди. олтинчи қат ерга ўтказди. Яна тоат — ибодат билан машғул бўлган эди, оғдириб ер юзига чиқарди. Бу дунёда ҳам тоат ибодат қилдики, машриқдан-мағрибгача Хорис сажда қилмаган ер қолмади. Ундан кейин яратган эгам уни кўкка кўтарди. Яна ибодатини кучайтирган эди, иккинчи қат кўкга кўтарди. Ундан еттинчи қат самога етди. Яна тақвосини кучайтирган эди, жаннатга кирди. Фаришталарга устоз бўлди. Хорис отини ўзгартирдилар, Азозил дея исм қўйдилар. Тиласа кўкка чиқар, истаса жаннатга кирар эди. Онадан туғилган кундан бери уч минг йил ўтди.

Яна бошқа олимларнинг айтишича, Азозил фаришталардан эди. Қурони каримда шундай дейилади: Эслагин эй, Муҳаммад, ул вақтики, парвардигоринг фаришталарга деди: сажда қилинглар Одамга, бас сажда қилдилар ҳаммалари, аммо иблис сажда қилмади.

Яна бошқа олимларнинг айтишича иблис жинлардан эди. Қурони каримда ҳам шундай сатрлар бор: Ундан илгари жинларни яратдик, биз эсиб турган ўтдан.

Калбий ривоятича, дунёни етмиш йил улар ҳукмида тутдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос ривояти бўйича ўн саккиз минг йил ҳукмрон бўлдилар. Қачонки, Мавлога осий бўлдилар, дунёни бошқармоқни фаришталарга бердилар.Етмиш минг фариштанинг бири Азозил эди. Улар етти минг йил мулкни тутдилар. Дунёга кўнгил қўйгач, Мавло уларни хоҳламади. Мендан бошқага кўнгил боғладингиз мен ўзга халқ яратарман ва мулкни уларга берарман деди. Қурони каримда шундай дейилади: Албатта мен ер юзида халифа (ўринбосар) яратмоқчиман.

Бошқа ривоятда шундай дейилади: Мавло таоло дунёни яратгач, Ер мулкини қушларга берди. Етти минг йил қушлар ҳукмрон бўлдилар. Ундан кейин Жин ибн ал Жонға берди, яъни жинларга берди, етти минг йил улар тутдилар. Жинлар шариатга хилоф кўп ишлар қилдилар. Улардан олиб фаришталарга бердилар. Етти минг йил Ер юзини улар бошқардилар. Сўнгра Одам Ато билан Момо Ҳавони яратдилар.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент Давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

 

Ёйиш

1 мулоҳаза

  1. Мен Рабгузийнинг 2 ла китобларини сотиб олмокчийдим.тополмадим. менга топишга ердам берсангиз

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.