Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни Россиянинг «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Бурҳонович Усмоновни «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон матни «ЎзА»да эълон қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, таниқли ҳамюртимиз Алишер Усмонов Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда йирик инвестицион лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган катта ҳиссаси, халқимизнинг миллий қадрияти ва бой тарихий ёдгорликларини қайта тиклаш ва асраб-авайлаш мақсадида Ўзбекистонда диний-маданий аҳамиятга эга бўлган объектларни барпо этиш борасидаги фаол иштироки, Ватанига ёшлар учун ўрнак бўладиган даражадаги самимий муҳаббати ҳамда республикамизда туризм салоҳиятини ва спорт соҳасини ривожлантиришдаги ҳамкорлиги учун мукофотланган.