Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель мемуари сотуви биринчи ҳафтада 200 минг нусхадан ошиб, 2024 йилда мамлакатда нашр этилган китоблар орасида биринчи ўринга чиқди.
Бу ҳақда Германияда китоб бозори динамикасини кузатувчи Media Control компанияси хабар берди. “Меркелнинг “Озодлик” номли мемуар китоби 26 ноябрь куни сотувга чиқди. Биринчи кунлардаёқ китоб Германияда, шунингдек, қўшни Швейцария ва Австрияда “барчаси истисносиз” бестселлерлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Бу йил ҳеч бир китоб сотилиши бундай тезликни эгалламаган”, дейди компания раҳбари. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳолат собиқ канцлернинг немислар орасида давом этаётган машҳурлигининг ифодасидир.
Яна шуниси эътиборлики, китобни эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ сотиб олишаётган экан. Нисбат 52 га 48 фойизни ташкил этади.
Ангела Меркель 2005 йилдан 2021 йилгача Германия канцлери лавозимида фаолият юритган. 26 ноябрь куни у ўзининг “Озодлик. 1954-2021 хотиралари” номли мемуарини нашр этди, унда ГДРдаги ҳаёти ва Германиядаги сиёсий фаолиятини ёдга олади, деб хабар беради tass.ru.