Бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, меҳнат ҳуқуқини кафолатлашга доир ҳуқуқий асослар яратилган. Лекин, амалда ҳалигача баъзи давлатларда кўпгина аёллар меҳнат бозорида пассив қолиб, асосан ҳақ тўланмайдиган бола парвариши ва уй юмушлари билан машғул. Баъзи мамлакатларда ҳатто эр хотинининг ишлашига қонуний равишда қаршилик қилиш ҳуқуқига эга.
БМТнинг ҳисоботига кўра, 2017 йилда дунё бўйича аёлларнинг ишсизлик даражаси 6.2 фоиз бўлса, эркаклар ўртасида 5.5 фоизни ташкил этган. Бу рақамлар давлатлар мисолида алоҳида олинганда турлича кўрсатгичга эга. Масалан, мусулмон шарқида, айниқса Шимолий Африка ва Ўрта Шарқдаги мусулмон давлатларида меҳнат муносабатларида аёллар ўртасида ишсизлик даражаси кучли. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 2019 йилдаги маълумотларига кўра, Саудия Арабистонида меҳнатга лаёқатли ёшдаги эркаклар ўртасидаги ишсизлик даражаси 2.9 фоиз бўлса, аёллар ўртасида 20.9 фоизни ташкил этган. Мисрда эса 7.7 фоиз эркаклар ва 23.1 аёллар ишсиз. Эронда бу нисбат 10.1(эркаклар) ва 20.1 (аёллар) фоизни ташкил этади.
Марказий Осиё давлатларида меҳнат муносабатларида гендер тенгизлик жуда ҳам юқори эмас. Масалан, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси эркаклар ўртасида 5.3 фоизни, аёллар ўртасида 5.6 фоизни ташкил этади. Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 6.2 (эркаклар) ва 4.7 фоиз (аёллар) нисбатига эга.
Япония, AҚШ, Хитой, Россия каби дунёнинг етакчи мамлакатларида эса аксинча эркаклар ўртасида аёлларникига нисбатан ишсизлик даражаси бир оз юқори (0.1-1 фоизга). Лекин кўпгина мутахассисларнинг фикрича, ишсизликнинг ҳақиқий манзараси анча юқори.
Шуниси аниқ-ки, кўпгина мамакатларда аёлларнинг фертиллик хусусияти ва рўзғор ташвишлари уларнинг меҳнат муносабатларига киришишига тўсиқ бўлади. Ёхуд ана шу омиллар сабабли, тўлиқ соатда ишлай олмайди ёки “уйдан туриб ишлаш” имконини берувчи иш топишга мажбур бўлади. Шу билан бирга, баъзи мамлакатларда хотин-қизларга “аёлларга хос” бўлган касбларни танлашга ундаш жуда кучли. Бу омилларнинг барчаси аёлларнинг меҳнат имкониятларини чеклайди, жамиятда ўзи касбида ишламай, бошқа соҳаларда фаолият юритишига, салоҳиятини юзага чиқара олмаслигига, ўзлигини намоён қила олмаслигига олиб келади.
Тўғри, аёлларнинг фертиллик хусусияти оила, жамият, миллат, мамлакат тараққиёти учун жуда муҳим ва зарур. Бола тарбиясида, оила ва рўзғор юмушларида аёлларнинг ўрни жуда катта. Лекин, кўпгина жамиятлардаги оилаларда меҳнат кучларининг тенг бўлинмаслиги, бошқача айтганда, мазкур масъулиятни асосан аёллар зиммасига юклатилиши, уларнинг меҳнат бозорида иштирок этишига, жамиятда ўз ўрнини топишига тўсқинлик қилади. БМТ ҳисоботларида келтирилишича, бола парвариши ва уй-рўзғор юмушларига аёллар эркакларга нисбатан 2.5 баробар кўп вақт сарфлар экан.
БМТнинг яна бошқа маълумотларига кўра, бола тарбияси ва уй юмушларини пул қийматига ўгирса, ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоиздан 39 фоизигача бўлган миқдорини ташкил этади. Кўриниб турибдики, ҳақ тўланмайдиган бу вазифларни бажаришни ўз зиммасига олган аёллар оилада катта миқдорда пулни иқтисод қилишга ёрдам берадилар. Бу оила фаровонлига, жамият тараққиётига, мамлакат иқтисодиётига жуда катта таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир.
Лекин, юқорида айтиб ўтганимиздек, бола тарбияси, оила юмушларида вазифалар тенг бўлинмаслиги, бу вазифаларни асосан аёл зиммасига тушиши масаланинг салбий жиҳатидир. Бундай ҳолатда аёл реал даромад келтирувчи меҳнат бозорида иштирок эта олмайди, оилавий муносабатларда ҳам мувозанат бузилади, эр-хотин ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқади. Фарзандлар ҳам кўп ҳолларда асосан она билан бўлиб, бола тарбиясида отанинг иштироки кам бўлади. Ваҳоланки, бола тарбиясида отанинг ўрни жуда муҳим.
Жамиятда меҳнат муносабатларида иштирок этмаётган ёки тўлиқ иштирок эта олмаётган аёллар охир-оқибат ижтимоий ҳимоядан ҳам мосуво бўлади. Аниқроқ айтганда, ҳақ тўланадиган ва ҳақ тўланмайдиган меҳнат муносабатларидаги гендер тенгсизлик аёлларнинг оналик таътили, бола парвариши, қарилик нафақаси каби турли ижтимоий ҳимоялардан фойдалана олмаслигига олиб келади. Рақамларда айтилса, БМТнинг маълумотларига кўра, дунёда меҳнат муносабатларида иштирок этаётган 40 фоиз аёл турли сабабларга кўра ижтимоий ҳимояга эга эмас.
Бундан ташқари, жамиятда ўз ўрнига, даромад манбаига эга бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан қарам бўлган аёлларнинг баъзилари оилада ҳам ҳуқуқларининг камситилади, шахс сифатида назар-писанд қилинмайди, оилавий зўравонликларга дучор бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси кўплигига сабаблардан бири – аёл кишининг фертиллик хусусияти эмас, балки кўпгина жамиятларда эскича анъанавий фикрлаш тарзи, яъни эркак киши – оила боқувчиси, аёл – уй бекаси сифатидаги дунёқарашнинг ҳали ҳам ҳукмронлигидадир. Оилада уй-рўзғор юмушларининг оила аъзолари ўртасида бирдай тенг бўлинмаслигидадир. Бу эса аёлларнинг меҳнат бозорида тўлиқ иштирок эта олмаслигига, жамиятда ўз ўрнига эга бўла олмаслигига, натижада турли ижтимоий ҳимоялардан мосуво бўлиши, ҳуқуқларининг топталишига олиб келади.
Ойдин САЪДУЛЛАЕВА
Сурат https://feminisminindia.com сайтидан олинди.