Шу йилнинг 15 октябрь куни Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида анъанавий «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси очилди.
Беш юз йиллик тарихга эга дунёдаги энг нуфузли мазкур халқаро китоб кўргазмасида Ўзбекистондан ҳам вакиллар иштирок этяпти. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги Ўзбекистон, Ғафур Ғулом ва “Ўқитувчи” нашриётлари ҳамда Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган “Машҳур Пресс” нашриёти ўзбек ноширлари маҳсулотини кўргазмада намойиш этади.
Халқаро китоб кўргазмасининг тантанали очилиш маросимида ГФР ташқи ишлар вазири Хайко Маас, Китоблар кўргазмаси директори Юрген Босс ҳамда дипломатик корпус вакиллари, элчилар, шунингдек, кўплаб хорижий давлатлардан ташриф буюрган ношир ва матбаачилар иштирок этди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Франкфурт китоб кўргазмаси асосчиси сифатида Франкфурт ёнидаги Майнцда яшаб ўтган биринчи китоб ношири Иоганн Гуттенберг эътироф этилади.
Халқаро китоб кўргазмаси Ўзбекистон матбаачилик саноати тараққиётининг истиқболларини тарғиб этиш, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ва турфа маданиятлар билан яқинроқ танишиш имконини беради.
«Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси 20 октябрга қадар давом этади.
Манбаа: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сайти