РИА Новости маълумотига кўра, Британиялик миллиардер, Кембридж университети собиқ талабаси Дэвид Хардинг ўзи таълим олган даргоҳга 100 миллион фунт стерлинг хайрия қилди. Университет маъмурияти таъкидлашича, Дэвид ва Клаудиа Хардинг жамғармасининг бу эҳсони ушбу университетга ажратилган энг йирик миқдордаги хайрия маблағидир.
“Кембридж университети 100 миллион фунт стерлинг миқдоридаги беғараз ёрдамни Буюк Британия ва бутун дунёнинг энг иқтидорли аспирантлари ва талабаларини жалб қилишга йўналтиради. Етмиш тўққиз миллион фунт стерлинг энг иқтидорли талабалар ва аспирантлар учун стипендиялар сифатида ажратилади (25 миллион фунт стерлинг айнан Хардинг таълим олган St Catherineʼs College коллежи аспирантларига ажратилади), қолган маблағлар ҳам талабаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади”, деб хабар берган университет.
Хардинг – Winton инвестицияларни бошқариш халқаро компаниясининг асосчиси ва раҳбари. У ва унинг рафиқаси Клаудиа ўзининг Буюк Британия ва дунёнинг кўплаб илмий институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия ишлари билан ҳам ном қозонган.