Германия аҳли олти дақиқалик илиқ ва гулдирос қарсаклар билан нафақага чиққан Aнгела Меркель билан хайрлашди.
Немислар уни ўзларига раҳбарлик қилишини истади ва Меркель 18 йил давомида 80 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган германияликларни ўзининг сиёсий малакаси, маҳорати, фидойилиги ва самимийлиги билан бошқарди. Иззат -ҳурмат топди.
Мамлакатидаги ушбу ўн саккиз йиллик раҳбарлик даврида унга нисбатан ҳеч қандай қонунбузарликлар қайд этилмаган. У биронта қариндошини лавозимга тайинламаган. У ўзини шон-шараф яратувчиси деб даъво қилмаган. У ҳеч қандай аҳмоқона гапларни гапирмаган. Ҳа, бу ўша – Aнгела Меркель. “Дунё хоними” деб тан олинган ва олти миллион эркакка тенг деб таърифланган аёл.
Aнгела Меркель партия раҳбарияти лавозимини тарк этиб, уни ўзидан кейин бўлганларга юксак намунали сиёсатчи тарзда, самимий ҳолатда топширди.
Шу куни Германия аҳлининг бу ҳолатга муносабати тарихда мисли кўрилмаган бўлди: одамлар уйларининг балконларига чиқдилар ва ҳеч қандай дабдабали тантана, маросимларсиз олти дақиқали илиқ қарсаклар билан Меркелни кузатишди.
Германиянинг одмигина етакчиси, мода ёки ҳашамга қизиқмаган ва кўчмас мулк, машиналар, яхталар ёки хусусий самолётлар сотиб олмаган мутахассислиги кимёгар — физик бўлган аёл билан немислар ана шундай самимий ва оддий хайрлашишди. У 18 йилдан кейин ўша сизга таниш устидаги бир хил либосида ўз лавозимини тарк этди.
Бир матбуот анжуманида аёл журналист Меркелдан сўради: “Биз сизнинг кийимларингиз доимо бир хил такрорланганини пайқадик. Нега? “
Меркель жавоб берди: “Мен давлат хизматчисиман, модел эмасман”.
Бошқа бир матбуот анжуманида ундан: “Уйни тозалайдиган, овқат тайёрлайдиган ва ҳоказо хизматкорларингиз борми?”, – деб сўрашди.
Унинг жавоби қуйидагича бўлди: “Йўқ, менинг ишчиларим йўқ ва улар менга керак эмас. Уйда бу ишларни эрим ва мен қиламиз“.
Кейин бошқа бир журналист “Ким кийим ювади, сизми ёки эрингизми?”, – деб сўради.
Жавоб бундай бўлди: “Мен кийимларни тартибга келтираман, эрим кир ювиш машинасини бошқаради ва бу одатда кечаси содир бўлади”.
У сўзини якунлаганида шундай деди: “Сиздан ҳукумат ишларимиздаги ютуқ ва камчиликлар тўғрисида сўрашингизни кутган эдим”.
«Унинг сўзи билан амали бир», дейишади атрофидагилар. Бу ҳақиқат. Меркель хоним оддий фуқаролар сингари кичик квартирада яшайди. У Германиянинг Бош вазири этиб сайлангунига қадар ҳам шу хонадонда яшаган. Унинг на вилласи ва на хизматкори бор.
Ўзига хос, бетакрор ҳаёт йўлини босиб ўтган бу аёл – машҳур Aнгела Меркель, Европада энг иқтисоди гуркираган Германиянинг Федераль канцлери!
Таҳририятдан: ушбу мақолани ўқиганимизда коррупциявий ҳолатдан чиқа олмаётган, нафсини тия олмаётган мансабдорларни кўз олдимизга келтирдик. Куни кеча ЎзА берган хабарида республиканинг 4 та туманида давлат бюджетидан берилган маблағлар мақсадли ишлатилмаганлиги ҳақидаги далилни келтирди. Ҳар бир вилоятда коррупцияга қарши курашиш кенгашлари бўлишига қарамай ҳамон салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Бунинг учун ҳоким-у ташкилот раҳбарларида қатъий ирода Меркелдек кучли шахс бўлиши керакдир, балки…
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
Суратда: 2013 йилги муваффақиятли сайловдан кейинги ҳолат.