Сайлов Владивостокда бошланиб Америкада ниҳоясига етади

0
127
марта кўрилган.
Халқаро матбуот марказида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Қайд этилганидек, хорижий давлатларда 55 сайлов участкаси ташкил этилган.

Владивостокда Тошкент вақтига қараганда беш соат олдин сайлов участкаси очилиб, овоз бериш бошланган.

Хорижий давлатларда ҳудудий доираси инобатга олинган ҳолда сайлов участкалари ташкил этилган. Масалан, Россия ҳудуди катталиги, ушбу мамлакатда кўплаб ўзбекистонликлар таълим олаётгани, меҳнат қилаётгани сабабли 8 сайлов участкаси ташкил этилган.

И. Неъматовнинг қайд этишича, илгари ҳар бир мамлакатда битта сайлов участкаси бўлган ва сайловчиларга овоз беришда муаммо туғдирган. Қолаверса, шунчаки ишлаб юрганлар сайловга жалб этилмаган. Ҳозирги кунда сайлов участкалари кўпайтирилиши билан бир қаторда кўчма овоз йиғиш механизмидан ҳам фойдаланилмоқда. Энг муҳими, хорижда юрган, сайлаш ҳуқуқига эга ҳеч бир фуқаро эътибордан четда эмас.

Куннинг биринчи ярмигача 1,4 мингга яқин хориждаги юртдошларимиз сайловда овоз берган.

АҚШнинг Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида Тошкент вақти билан 18.00 да сайлов участкалари очилади.

Шундай қилиб, Владивостокда бошланган овоз бериш жараёни Америкада ниҳоясига етади.

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

 
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.