Марказий Осиё халқлари илм-фан, санъат ва маданиятини ўз даврида олдинги қаторга олиб чиққан буюк мутафаккирларимиздан бири Абу Али ибн Сино бўлиб, у Европада Авиценна номи билан машҳурдир. Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон илм-фан тараққиётида катта рол ўйнайди.
Ибн Сино асарлари Европада ХII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилина бошланган. “Тиб қонунлари” асарининг ўзи лотинчада 30 мартадан ортиқ нашр қилинган. Ибн Сино фалсафий — адабий асарлари билан Шарқ адабиёти тараққиётига ҳам таъсир кўрсатган. Жаҳон олимлари ибн Сино асарлари, унинг фаолияти тўғрисида кўплаб илмий тадқиқот ишларини олиб борганлар.
Бугун Ибн Сино номида ЮНЕСКО ташкилотининг халқаро мукофоти ҳам мавжуд. 2003 йилда ЮНЕСКОнинг 166-сессиясида Эрон Ислом Республикаси ташаббуси билан таъсис этилган бу халқаро мукофот илм-фанда этика масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган, мазкур йўналиш тараққиётига ҳисса қўшган олимларга тақдим этилади.
Мукофот эгаларига буюк мутафаккиримиз Ибн Синонинг сурати туширилган олтин медали, сертификат, 50 минг АҚШ доллари ҳажмида пул мукофоти ва Эрон Ислом республикаси саёҳатига йўлланма берилади. Мукофот аввалига ҳар икки йилда берилган бўлса, 2017 йилдан бери совриндорларга ҳар олти йилда тақдим этиладиган бўлди.
Шу кунгача тўрт нафар олим ушбу мукофотга тақдим этилган: Маргарет Сомервил (Канада, 2004), Абдулла Дар (Канада, 2006), Рензонг Чиу (Хитой 2010), Забта Хон Шинвари (Покистон 2015).
Бугун ЮНЕСКОнинг Венадаги идорасида юртимизнинг икки улуғ алломаси Ибн Сино ва Берунийга атаб ҳайкал ўрнатилган бўлиб, бу меъморий обида Эрон Ислом Республикаси томонидан ЮНЕСКО ташкилотига 2009 йилда тақдим этилган. Ибн Сино ва Ал-Берунийдан ташқари яна Ал-Закария ва Умар Ҳайёмларнинг ҳам ҳайкали ўрнатилган бўлиб, мазкур меъморий обида “Эрон олимлари чорбоғи” деб номланади.
Шу ўринда тўхталиш зарурки, ўша даврларда барча давлат ишлари форс ва араб тилларида олиб борилгани сабабли давр тақозоси билан олиму ижодкорлар ҳам ана шу тилларда қалам тебратганлар. Шу боисдан ҳам бири Бухородаги Афшона қишлоғида, бири Хоразмнинг эски Кат шаҳрида туғилган жаҳон фан оламида муносиб из қолдирган ушбу буюк алломаларимизни жаҳон аҳли форс ва араб олимлари сифатида биладилар.
Биз ҳам жаҳон аҳли кўз ўнгида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккирларимизнинг номини юртимиз номи билан боғлаш тадбирларини амалга оширишимиз зарур, назаримизда. Бу энг аввало мамлакатимизни дунё майдонида кўпроқ танилишига, хорижликларнинг мамлакатимизга қизиқиши ортиб, туризмни ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
Ва яна бундан кейин бизнинг юртимизда ҳам дунё илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган мутафаккирларимиз – Ибн Сино, Ал-Беруний, Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг издошлари етишиб чиқиб, уларнинг номига муносиб мукофотларга сазовор бўладилар, дея умид қиламиз.
Ойдин САЪДУЛЛАЕВА