Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Танланган асарлар”ининг саккизинчи жилдини мутолаа қиляпман. Шоирнинг оташин шеъриятининг муҳлисиман.
Адабиётшунослар уни ўзбек адабиётига янгича нафас, янгича руҳ олиб кирган муаллиф, дея таърифлашади. Дарҳақиқат, шеърлари гўзал руҳият ва чуқур фалсафийликка йўғрилган. Дастлабки ижодидан бўлмиш «Муножаат», «Биринчи муҳаббатим» «Ўзбекистон ватаним маним» каби шеърларини ёд олганман.
Ушбу “Танланган асарлар”идаги ижодида ҳам давр ва халқ, шахс ва жамият, инсон ва унинг қалби, нур ва зиё, муҳаббат ва нафрат, яхшилик ва ёвузлик, самимият ва ҳасад, меҳр ва қабоҳат сингари ўлмас ва азалий мавзулар умумлашган.
Ватаннинг шонли ўтмиши ва бугунги тақдири ҳақидаги хулосалари мени ўзига жалб қилади. Халқ қисмати ва келажагига бир комил фуқароларча куюнчаклиги, ҳаётдаги салбий кўринишларга муросасиз истеҳзоси мен каби шеърият мухлислари диққатини ўзига оҳанрабодек тортиб келади.
Ушба тўплам Ғафур Ғулом номидаги нашриёт- матбаа ижодий уйида 2016 йил чоп этилган.
Топилова Мадина Жамоллидин кизи, А. Навоий номидаги академик лицейнинг 1- курс ўқувчиси