Наврўз айёми куни оилавий Нукус шаҳридаги Савицкий музейига саёҳат уюштирдик.
Музей ичкарисига киришимиз билан музей ходимлари бизларга пешвоз чиқишди, байромона кайфиятда жуда илик кутиб олишди. Музей ажойиботлари сари бошловчи қизимиз бизларни барча экспонат ва картиналар билан бирма-бир таништирди. Бизга айникса, аёллар либослари, зебу зийнатлари бўлими жуда ёқиб қолди. Шундай чиройли зебу зийнатларни, картиналарни йиғиб келажак авлодимиз учун катта мерос қолдирган Савицкийга бўлган ҳурматимиз янада ошди.
Музейда бизга ҳамроҳлик қилган неварам Зайнабжон Урганч Давлат университетининг тарих факультети талабаси бўлиб, у ҳам манавият масканидан кўп нарсаларни билиб олганини, унинг учун амалиёт бўлганини таъкидлаганида янада хурсанд бўлдим.
Музейдан чикишимиз билан унинг олдидаги майдонда айём тантаналари бўлаётганига гувоҳ бўлдик, маза қилиб томоша килдик, бирга ўйнадик, кулдик, олам-олам таассурот олдик.
Нукусдан Гурланга қайтар эканмиз, юртимизда наврўз байрами шукуҳи кезиб юрганининг гувоҳи бўлдик. Жонажон Ватанимизнинг ҳар бир қишлоғида қадимий анъанавий байрамимиз кенг нишонланаётганини кўриб, ҳавасимиз келди, қувондик, яйраб-яйраб дам олдик.
Табиат уйғонганлиги, далалар кўкатлар билан безанганлиги, ўриклар, шафтолилар қийғос гуллагани дилларимизга хушнудлик бағишлади.
Она юртимизнинг тинчлигига, гўзаллигига кўз тегмасин! Аллоҳим, юрт тинчлиги, табиат гўзаллиги бардавом бўлсин, дея дуолар қилдик.
Жумагул Рўзметова, GUJUM.UZ cайтининг жамоатчи мухбири