ЎҒИЛ ЎССИН ЎҒЛОН БЎЛИБ…

0
525
марта кўрилган.

Умр ўтган сари киши ота-онанинг қадрини яққол сеза боради. Айниқса, ўғил бола тарбияси ўта масъулиятли иш эканлигини ҳис этганимиз сари ота-боболаримизнинг тарбия усуллари эътиборимизни тортаверади.

Оғир вазиятга тушганимизда улар нима қилган экан, дея яна ўтмишимизга хаёлан мурожаат қиламиз. Бу ҳар бир инсондаги табиий туйғу бўлса ажаб эмас. Ундай пайтларда аждодларимизнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати соғлом фарзанд тарбиялашга қаратилганини англаймиз. Энг асосийси, бола билан бирга бўлишга иложи борича кўпроқ вақт ажратиш кераклигини тушуниб етамиз. Бола билан бирга бўлиш учун қанча вақт ажратаяпмиз? У билан мулоқот қилишни биламизми?

Бу борада аждодларимизнинг айтган ўгитлари бежиз эмас. Болага бир ёшгача бекдек, 10 ёшгача қулдек, 10 ёшдан ўтгач дўстдек муомала қила билиш керак экан. Биз ота-оналар кўпчилигимиз ана шу икки маслаҳатни эплай оламиз. Бироқ учинчисини бажара олмаяпмиз.

Агар эътибор берсангиз, «Эй, боланинг иши нима бўларди, чала-чулпа, ундан кўра ўзим қилганим маъқул» деган сўзларни кўп эшитамиз. Лекин бу ўринда биз кўпинча фарзандларимизни эмас, ўзимизни асабларимизни, осойишталигимизни ўйлаган бўламиз. Болаларни меҳнатга ўргатиш учун эса улар билан ёнма-ён туриш, бирга ишлаш лозим. Бирга ишлаш, ўргатиш катталар учун ҳам синов – бу сабр-тоқат, интизом, қунт дегани.

Эслайман, раҳматлик отамиз битта мих қоқса-да, биз болаларни ёнига чорлардилар. Меҳнат таътилига чиқсалар уйни таъмирлардилар. Уста чақирмасдилар. Етти ўғил билан ўзлари бажарардилар. Қурилишда биз қизларга ҳам муносиб иш топардилар. Фақат бир марта қўшимча уй қурганимизда ғишт терувчи уста ёлладилар.

Пул берганмиз, ўзи ишлайверади, деган тушунчани хаёлингиздан чиқаринг. Ёнида туриб, ғиштни олиб бериб турсангиз, унга мадад бўлади, янада пишиқ ва пухта ишлайди. Шундагина уй кўнгилдагидек чиқади, дея ўргатардилар. Энди билсак болаларни меҳнатга, ҳунарга ўргатиб, ҳаётга тайёрлаб борган эканлар. Кўзи пишган бола ҳеч бўлмаса уй қуриш ҳақида тасаввурга эга бўлиб боради-да.

Қишлоқларда болаларни меҳнатда тоблаш, ҳаётга тайёрлаш аниқса эътиборга молик. Баъзилар қишлоқда бола тарбияси осон дейишади. Аслида у ерда болаларни меҳнатсеварликка ўргатадиган муҳит бор. Яъни, меҳнатга ўргатиш анъаналари деярли шаклланиб улгурган. У ерларда иморат тиклаш, тўй-хашам, йиғим-терим паллалари ҳашар йўли билан ўтказилади. Каттаю кичик чорланади. Ҳашарлар қишлоқ аҳлини тотувликка чорлаш билан бирга болаларни меҳнатда тоблаб боради. Шунинг учун улар меҳнатга, элга қайишувчан бўлиб улғаядилар.

Шаҳарларда эса, айниқса, кўп қаватли уйларда ўғил бола тарбияси билан шуғулланиш ўта мураккаб. Чунки, у ерда муҳит йўқ, анъаналар шаклланиб улгурмаган. Баъзилар баланд қаватли уйларда ўғил болаларга иш йўқ дейишади. Аслида улар қишлоққа қиёслаб шу хулосага келишади. Агар эътибор беришса, иш керагидан ҳам кўп. Чилангар (слесарь) чақирамиз. Шу уйда бир умр яшаб келаётган ота-ю ўғил  уни таъмирлашни билмайди. Ҳатто шунга ҳаракат ҳам қилмайди. Нега? Чунки уни ўргатувчи кишининг ўзи йўқ. Яна бир мисол: оддий оҳаклаш, ранглашни олинг. У қандай амалга оширилади? Кўпчилик буни билмайди. Кўп қаватли уйларнинг йўлакларига кирсангиз афтига қараб бўлмайди. У ерда қанча ўғил бола вояга етяпти?! Уларнинг кучлари бирлаштирилса, кимдир бош-қош бўлса, арзимаган пул эказига йўлакларни гулдек ясатиб қўйиш мумкин.

Катталар гоҳида эртадан кечгача такасалтанг юради, дея болалардан нолишади. Бироқ, уларни тўғри ўзанга сола олмаётган ўзларининг билимсизлигию ташаббуссизлиги эканлигини тан олишмайди. Чунки катталар ўз ҳолича яшайдилар, кичиклар дилига йўл топишга интилмайдилар. Кўп қаватли уйларда яшовчиларга болаларни бирлаштирадиган, меҳнатга ўргатадиган урф-одатлар, анъаналар етишмайди, дедик. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик инъом этган тадбиркорлик етишмайди.

Ҳозир маҳаллалардаги баланд қаватли уйларда яшаётган болаларга алоҳида эътибор керак. Агар маҳалла қўмиталари ўқувчиларни йиғиб, уларга устоз тайинлаб, таъмирлаш ишларини амалга оширса ёмон бўлмас эди. Болаларда меҳнатга муҳаббат туйғуси шаклланарди, касб ўрганарди ҳамда уйларимиз саранжом-саришта бўлиб қоларди. Айнан шу ишларни маҳалла кенгашлари амалга ошириши лозим деб ҳисоблаймиз. Болалар майдончаларини кезиб чиқсангиз ахлатга тўлалигини кўрасиз. Ҳашар уюштириш кимни вазифаси халқ тили билан айтганда «домком»ларнинг маҳалла кенгаши билан биргаликдаги вазифаси  у анъанага айланса маъқул бўларди. 

Ўзим гувоҳ бўлган битта мисол: маҳаллада катта-кичик болалар ўзича футбол ўйнашарди. Ҳар куни қий-чув: бирининг бурни қонаган, бири иккинчисини хафа қилган. Қирқни қоралаган фарзандсиз бир  киши уларнинг бошини бириктирди. Икки команда тузиб, футбол ўйнай бошлашди. Болалар уни яхши кўришарди ва ҳурмат қилишарди. Баъзи оталар эса ҳавас қилиш, ундан миннатдор бўлиш ўрнига масхара қилишарди. «Кап-катта одамнинг болалар билан тўп тепишини қаранг» деган кинояли гаплар бўларди. Ахир, сиз ажратмаган вақтни сизнинг болаларингизга бегона ажратяпти. Албатта, у ҳурматга лойиқ, баъзилар эса буни тушунишни хоҳлашмайди. Савобни қаранг-ки, шу одамга Оллоҳ қирқдан ўтгандан кейин кетма -кет ўғил-у қизлар ином этди.

Биз фарзандларимизнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши ҳамда уларга  ҳунар ўргатиш учун нима қилдик? Келажакда кундалик турмушда керак бўладиган қайси касбни ўргатдик? Ота-оналар ҳеч шу саволларни ўзига бериб кўрадими? Келинг, шу саволни ўзингизга бериб кўринг. Агар эътибор берсангиз Кайковуснинг «Қобуснома»сида ҳамда «Темур тузуклари»да болага ҳунар ўргатишга алоҳида урғу берилган. Даврлар ўтиши билан ҳунарларнинг тури бироз ўзгарган. Моҳият эса ўша, ўша!

Уй-жой ширкатлари, маҳаллалар ва ташаббус кўтариши лозим бўлган ота-оналар бу борада бир ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўларди. Айни пандемия палласи кўп қаватли уйлардаги 10 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар нима билан шуғулланаяптилар? Улар бекор, бироқ нега уйларнинг йўлаклари, ҳовлилар, болалар майдончалари қаровсиз ётибди. «Ўнга кирдинг, сонга кирдинг» дейди халқимиз. Биз катталар ёш кучлардан оқилона фойдалана олмаяпмиз.  Лекин намуна қилиб кўрсатса бўладиган тажрибалар ҳам йўқ эмас.

Азиз ота-оналар, маҳалла етакчилари, педогоглар бу борада яна бир бор ўйлаб кўринг. Сизлардан тажрибангиз ва анъаналарингиз ҳақида ҳикоя қилувчи мактублар кутиб қоламиз. Ва сайтимизда ёритиб борамиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.