Мен ўз уйимда тинчгина ўтирибман, жонимни аввайлаб, касал бўлиб қолмай деган ҳаракатдаман, ёки кўпчилигимиз шу ўйдамиз! Кўчага чиқмай уйда кимдир компьютер олдида, яна кимдир неваралар билан, яна кимдир ошхонада турли юмушлар билан овора. Ҳар куни оммавий ахборот воситаларини кузатамиз вазият нима бўлмоқда дея.
Аммо бир савол бўғзимда турибди, сиз меҳрибонларим шу дамда қайси касалнинг жонига малҳам бўлаётибсиз? Билмадим унга укол қилаяпсизми, ёки ҳароратини ўлчаяпсизми, ёки устини ёпиб, энди ухлади деб бир хўрсиниб, ҳарорати тушди дея кўнглиз озгина бўлса ҳам таскин топиб беморнинг хонасидан чиқаяпсизми билмадим. Фақат биламан сиз бедорсиз, бедор! Ахир сизнинг уйингиз, фарзандларингиз бор, кечалари билан ухламай Оллоҳимдан сизнинг жонингизни омон бўлишини тилаб ўтирган ота ёки онангиз бор. Уларни-ку на кечасида, на кундузида ҳаловат бор, чунки ота ё она вазифаси…
Сиз ўжарим, сиз фидойим, мен касбимга содиқман, мен касални даволашга Гиппократ қасамини ичганман дея, бир жонингизни хавф-хатарга қуйиб, ҳатто ўзингизда кечиб коронавирус билан олишиб тунни кунга, кунни тунга улаяпсиз. Кечагина сизга ҳеч ким бунчалар баҳо бермаганди, сизни олдингизда бош эгмаганди меҳрибон духтирим, врачим, табибим, ҳабибим! Лекин сизни бутун дунё аҳли энди танияпти, ҳамма менимча сизга таъзимда.
Мана бугун ҳаммамиз жовдираб Сизнинг бир оғиз лутфингизга интиқ бўлиб турибмиз, битта мен бўлса, сизни ётганимда ва ўрнимдан турганимда дуо қилиб ўтирибман, ёнингизга бориб туришга кучим етмайди. Мана бугун соат тунги 12дан ўтганда ҳеч бўлмаса шаънинигизга бир оғиз илиқ сўзларни ёзайин деб аҳду қарор қилдим. Биз бир биримиздан 2 метр узоқда юрсак, сиз келиб касалларнинг бошини ушлайсиз, қўлларни силаб, биров учун қизи, синглиси, яна биров учун укаси ёки акаси бўлиб яхши сўзларни айтасиз. Касалнинг тузалиб кетишига умидни сиз берасиз. Ҳам меҳрли сўзингиз, ҳам дори- дармонларингиз билан даволаяпсиз.
Сизнинг фидойи меҳнатингизни Президентимиз ҳам билиб турибди, қўлидан келганича Сизга имкониятлар туғдириб бермоқда. Мана юртимизда кейинги йилдан бошлаб янги олий таълим даргоҳлари қад кўтаради, янги мутахасислик йўналишлари очилади. Врачнинг обруси, қадри баландлигини мана коронавирус дарди даврида инсонлар бошқадан ҳис қилмоқда. Врач жонини фидо қилаолишини, унинг жасоратини кўз билан кўрмоқдамиз. Жасоратли врач деганида мени кўз олдимга нима келади? Уруш даврида жанггоҳларда жон талашиб ётган жангчиларни ўқлар ёмғири орасидан олиб чиққан врачларнинг фидойилиги келади. Уни китоблардан ўқигандим ва киноларда кўргандим Бугунги врачларимиз жасорати ҳам ўша давр шифокорларининг матонатидан кам эмас. Фақат душман кўзга кўринмайди, ўқ ёмҳири сезилмайди. Коронавирус дарди дунёни қамраб турибди, Ҳар куни дунё турли бурчакларидан келаётган статистика орқали вазият жуда оғирлигини ҳис қилиб турибмиз. Врачлар таъбир жоиз бўлса олов ичида туриб, касалларнинг дардига даво изламоқдалар.
Бугун улуғ айём моҳи рамазон кунларида туриб, илоҳим врачларнинг жони соғ, умрлари узоқ бўлсин дейман. Барча яхши ниятларим сизга ҳамнафас бўлсин! Қаршингизда таъзим ила бош эгаман, азиз шифокорлар!
Дилором Ёрматова, профессор