Алломаларимиз бу фоний дунёни икки эшик ораси дея тарифлашади. Одамзот бир эшикдан кирадию иккинчи эшикдан чиқиб кетади. Инсон бу фоний оламга қачон келишини-ю қачон кетишини, икки эшик ўртасида қанча умригузоронлик қилишини ёлғиз яратган эгам билади. Бу Оллоҳнинг энг буюк ҳақиқати.
Курсдошларимиздан ўн бир киши боқий оламга рихлат қилганини эштганимизда, марҳумларнинг жойи жаннатда бўлсин, Оллоҳ ўз раҳматига олсин дейишдан бошқа нима ҳам дердик, бизнинг қўлимиздан дуо қилиб охиратини сўраш ва яхши сўзлар билан хотирлашгина келади. Инсоннинг ҳаётини, умрини, келиб кетишини улуғвор оламнинг турфа гулларига қиёслаш мумкин. Инсоннинг туғилиши ва гуллар каби сўлиши ҳақиқат. Фақат хотираларда гуллар каби яшнаб туриши гўзал!
Алломаларнинг фоний оламни бевафо дунё деб аташи бежиз эмас. Халқ маталларида айтилганидек ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё. Зеро, инсон босиб ўтган изларига қайрилиб қараб, ундан хулосалар чиқариб, ҳикматлар излаб яшайди. Инсон маълум давонга келганида ўтган йўлингга назар ташлайди. Курсдошимиз Холмурод Алланазаров ана шу довонда туриб, “Курсдошлар курсдошлар ҳақида” деган китоб яратсак, деган ташаббус билан келди. Қайси курсдошлар ҳақида кимлар ёзиши мумкинлигини келишиб олдик. Биз билан бирга ўқиган боқий оламга ўтган ўн бир киши ҳақида хотирлаб ўтишни қалбга тугдим. Чунки уларнинг ҳар бири ўзига хос ва ўзига мос йўлни босиб ўтди. Уларнинг ҳар бирини Оллоҳ ўз марҳаматига олган бўлсин.
Бу оламдан ўтиб кетган курсдошлардан бири Шаҳриёр Латипов (жойи жаннатдан бўлсин) зиёли оилада камол топган, чўлни гуллатаётган, боғ-роғга айлантираётган машҳур совхоз директорининг ўғли эди. Бир куни курсимиз етакчиси Намоз ака Саъдуллаев Раъно сиз ижарага уй излаётган эдингиз бир жойни тавсия қиламан, деб қолди. У пайтда акам оиласи билан Тошкентга кўчиб келишган илмий иш қилиш ниятида эди. Шаҳриёр Латиповнинг ота-онаси Сирдарёда туришар, университетнинг орқасида Профессорлар шаҳарчасида мўъжазгина, сердарахт ҳовлиси бор эди. У ерда Шаҳриёр укаси билан бирга яшарди. Шаҳриёрнинг онаси билан учрашдик. Унинг онаси баланд бўйли шарқ маликаларидек гўзал аёл бизни хушкайфият билан кутиб олди. “Ўғлимнинг ўқишларига ёрдамлашсангиз бўлди, ижара ҳаққи ҳам керак эмас”деди. Биз акамнинг оиласи билан бирга у уйга кўчиб ўтдик. Шартлашганимиздек мен Шаҳриёрга дарсларни ўзлаштиришда ёрдамлаша бошладим. Шаҳриёр ёш боладек, қалби тоза, бир гапириб ўн куладиган, самимий йигит эди. Мен уни Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асаридаги орзулари сероб болакайга ва унинг бобоси дунёни ўзича самимий англайдиган Мўмин чолга ўхшатардим. Дарҳақиқат, Мўмин чолдек қалбида кири йўқ мўмин-қобил йигит эди. Дарс тайёрлашни ёқтирмасада, қизғин суҳбатларни хуш кўрарди. Рус адабиётидан имтиҳонга тайёргарлик кўраётган давримиз эди. Бир куни Раъно шу мавзуни жуда яхши билади деб, кўпгина курсдошларни йиғиб келибди. Уларнинг барига рус адабиётидан ўқиган китобларимни мазмун- моҳиятини гапириб, қисқа шарҳлаб бердим. Ҳаммамиз мувафақиятли ўтдик. Курсдошлар у ерга тез-тез жам бўлардик, шунингдек биздан пастки курсда ўқийдиган ўшлик Салтанат, кейинчалик Ёрқул курсдошимизга турмушга чиққан ўшлик Раъно, биздан бир йил олдин ўқиган бухоролик Ваҳобга турмушга чиққан Муаззам ва ўз курсдош қизларимиз тез-тез келиб туришарди. Ҳовлида гўзал сердарахт боғча бор эди. У ерда тушган Санталат олган сувратларни ҳозир ҳам тез-тез томоша қилиб тураман. Шаҳриёрнинг онаси ҳам тез-тез келиб турар, уйнинг ўзлари турадиган қисмида эмас, бизнинг ёнимизда ором оларди ва биз узоқ суҳбатлашиб ўтирардик. Суҳбатижон аёл эди. У ерда олти ойларча турдик. Сўнгра ўз масканимизга эга бўлиб чиқиб кетдик. Шаҳриёр машҳур, зарбдор тракторчи қизни ёқтириб танлади, унга ўйлантиришди. Фарзандли бўлди. Ўзидан из қолдирди, бироқ журналистикада ишламади. Туманнинг маърифий-маданий ишларига муносиб ҳисса қўшди.
Аслида журналистика факультетини тугатган барча талабалар бу соҳада ишлаб кетавермайди. Масалан, Сирдарёлик курсдошларимиз Ўрозов Мирзо, Шойзоқов Ҳабибуллолар ҳам бу йўналишда ишлашмади, бироқ ўзи туғилиб ўсган қишлоқда маърифий-маданий ишларга бош-қош бўлиб юришганини эшитардик. Барини жойи жаннатдан бўлсин.
Яна бир курсдошимиз Ғулом Акрамов эса, журналистикани тугатиб, фольклоршунослик соҳасини танлади. Илмий изланишлар олиб борди. Газета-журналларда халқ оғзаки ижодига оид кўплаб мақолалар чоп этди. Бир куни турмуш ўртоғим Намоз ака келиб энди бир ҳафта суюқ овқат пишириб туринг, Ғуломжон ёнимиздаги касалхонада ётган экан. Йўқлаб борамиз деб қолди. Ўшанда ангинасини олдириб ётган Ғуломжонни кўргани бориб, янада яқиндан танишганмиз. Халқ оғзаки ижодини хуш кўришини, бу соҳанинг билимдони эканлигини ҳис қилганмиз. Бир пайтлар Вазирлар Маҳкамасининг боғи бўлган осойишта боғ-роғли маскан ўша пайтда Тошкент шаҳар 10- касалхонаси эди. Бугунги кунда у ерга Ички ишлар вазирлигининг шифохонаси жойлашган. Бу ерда қизғин суҳбатлар кечарди. Унгача мен бу йигитни фақат аудиториядагина кўрардим. Танаффусларда бир пас мулоқот бўларди, яна дарсга кириб кетардик. Оллоҳ бир сабаб қиладики, инсон бир-бирини билиб олар экан. Ўшанда унинг халқ оғзаки ижодининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш орзусида эканлигини билдик. У ниятига етди. Филология йўналишда фан номзоди бўлди. Кўплаб илмий мақолалар ёзди.У қисқа умрида халқ оғзаки ижодига оид ўз рисолалари, китобларини чоп этишга улгурди. Ғуломжоннинг ҳам жойи жаннатда бўлсин.
Курсдошимиз андижонлик Иброхим Сотиболдиев турмуш ўртоғи билан Тошкентда танишди, У қиз Тошкент фармацевтика институтида ўқиб юрарди. Уларнинг тўйларига мен бора олмаганман-у Намоз ака қатнашиб келган эди. Иброхим ўқишни тугатиб ўз юртига ишга кетди. Дастлабки пайтларда оиласи билан Тошкентга келганида келиб туришарди. Турмуш ўртоғи ўзлари яшаётган жойда аптека очиб, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Бу оила сайру-саёҳатни хуш кўрарди, гоҳида Ялтага, гоҳида Москвага саёҳатга боришарди. У пайтларда мен ёш болаларим билан таътилда уйда ўтирардим. Уларнинг саъй-ҳаракатларига интилишларига ҳавасим келарди. Ўз фаолиятини вилоят газетасида оддий мухбирликдан бошлаган Иброхим журналистика майдони пиллапояларини босқичма босқич босиб ўтди. Кейинчалик бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, вилоят телерадиокомпаниясининг раиси даражасига етишди, Иброхимжоннинг ҳам жойи жаннатдан бўлсин.
Ўрол Ўтаев билан Ўзбекистон телевидениесида бир вақтда иш бошлаганмиз. У бадиий кўрсатувлар таҳририятида ишларди, Мен пропаганда таҳририятида фаолият юритардим. Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг ўттиз йиллигига туркум кўрсатувлар тайёрлай бошладим. Ўрол тайёр кўрсатувга бир қаҳрамонни қўшишни илтимос қилди. У жуда катта кўрсатув бўлиб, Алишер Навоий номидаги музейнинг залида олинаётган эди. “Сценарий тасдиқланиб бўлган қандай қўшаман. Буни ўзингиз мендан ҳам яхши биласизку, келгуси сонга жуда чиройли қилиб ёритиб бераман. Ўзингиз ҳам қатнашасиз баъзи нарсаларни журналистик нуқтаи назардан шарҳлайсиз” дея жавоб қилдим. Бир гап айтмасдан аразлаб кетиб қолди. Хуллас, катталарга кириб шу сонга рухсат олиб, сценарийга киритибди. Мен уни талабалигимизда Чингизхон авлодимисиз деб ҳазллашардим. Чунки, у қўзлари қисиқ, озғингина бироқ, баланд бўйли йигит эди. ”Билиб босқинчи Чингизхон авлодимисиз демаган эканман, гапингизни ўтказишга ҳаракат қилар экансиз” дедим мен ҳам унга. “Унга ваъда берган эдим,Раънолхон” деди узрли оҳангда. Ўрол ана шундай тезкор ишлашни ёқтирадиган, бировга сўз берган бўлса, устидан чиқишга интиладиган журналист эди. Матёқуб Қўшчанов раҳбарлигида илмий изланишлар олиб бораётган эди. Газета-журналларда илмий мақолалари ҳам тез-тез чиқиб турарди. Хуллас у телевидениеда оддий муҳаррирликдан бошлаб, бўлим мудири, бош таҳририят раҳбари ва телевидениенинг директори даражасигача бўлган поғоналарни босиб ўтиб, моҳир мутахассис ва раҳбар бўлиб етишди. Журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. Жойи жаннатда бўлсин.
Карим Бўронов бир умр бир жойда “Ўзбекистон” нашриёт -матбаа- ижодий уйида ишлаб, қарилик нафақасига чиқди. Бир умр битта вазифада, битта жойда ишлаш ҳам кўп нарсани белгилайди. Унинг сабр-тоқатли эканлигини, касбига ўзга хос меҳрини ифодалаб туради. У мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг чоп этилаётган асарларига муҳаррирлик қиларди. Унинг илми ўткирлигини, билими юксаклигини, ишга масъулияти юқори эканлигини ана шу мисолнинг ўзи ҳам англатиб туради. Қашқадарё вилоятидан келиб пойтахт шаҳарда ўз ўрнига эга бўлиш осон иш эмас, албатта. Унга ишхонасидан уй берилди, ҳукуматимизнинг қатор орден-медалларига сазовор бўлди.
Бир куни қизимни уйига бораётсам, уни Себзорда учратиб қолдим. Невараси билан юрган экан. Шу ерда тураман, ишхонамиз менга шу ердан уй берди, деди қувонч билан. Афсуски, қарилик гаштини сура олмади, нафақага чиққач тезда оламдан ўтди. Жойи жаннатда бўлишини яратган эгамдан сўраб қоламиз.
Ғайбуллаева Шарофат ўғил бола келбат қиз эди. У бизнинг курсга иккинчи ўқув йилида келди ва тезда эл бўлиб кетди. Сирдарёга пахта теримига борганимизда бир-биримизни янада яқиндан билиб олиш имконияти топилди. Баракни бошига кўтариб гапирар, кулганида 200дан ортиқ бола жойлашган барак жарангдор кулгига тўларди. Овқатланаётганимизда ҳам уч кишини ўрнини оларди, бироқ, балериналарга ўхшаб ўтира оларди. Биз қизлар уни ўтиришини машқ қилиб ҳам эплай олмасдик. Ҳақиқатпарвар, шу билан бирга бировнинг дилини оғритмасликка интиларди. Мен улар билан кўпам мулоқотда бўлмасамда, ҳаёт йўлдошим Намоз ака Саъдуллаев сафарларга тез-тез чиқиб турар ҳар биридан ҳабар олиб, уларнинг ҳаётидаги янгиликларни айтиб турарди. “Бухоро ҳақиқати” газетасида мухбир бўлиб ишлаётганини вилоят ҳаётидан яхши-яхши мақолалар ёзаётганини эримдан эшитардим. Оллоҳ уни ўз рахматига олган бўлсин.
Бахтиёр Неъматов биз билан беш йил ўқиди. У ногиронлик аравачасида ўтирсада, дарс қолдирмасликка, ҳамма нарсага улгиришга интиларди. Университетни битказганидан кейин Наманган вилоят газетасида ишлади. Мен у билан битказиб кетгандан кейин ҳеч учрашмаганман. Бироқ, журналистикада муносиб хизмат қилаётганини соҳамиз одамларидан эшитиб турардим. Оллоҳ уни ҳам ўз марҳаматига олсин.
Шунингдек, биз билан маълум муддат партадош бўлган Қуйи Чирчиқ туман газетасида муҳаррир бўлиб ишлаган Дилбар Усмонова ва Абдувосит Валиевлардан ҳам Оллоҳ ўз марҳаматини дариғ тутмасин. Ётган жойлари нурга тўлсин.
Раъно Зарипова, Республикада хизмат кўрсатган журналист