Шоира Дилором Адбураҳмон қизи томонидан рус тилидан ўгирилган ушбу ҳикоя гўё турфа гуллар базмини, ифори-ю таравотини куйлаётгандек. Тасвирлар шоирона назокат билан ифодаланади. Аслида инсон билан ўсимлик олами табиатда уйғунлашиб кетади, бир-бирини тўлдириб, бир-бирига ҳаёт ва ором бағишлаб яшайди. Гуллар тимсолида инсоннинг турли-туман феъл-атвори, нозик туйғулари, ҳиссий кечинмалари «қаламга олинган». Биз ушбу гуллар қасидасига экоҳикоя жанрини қўйдик.
Бу воқеа беҳисоб даромадини дунёнинг турли жойларидан келтирилган камёб ва бир-биридан чиройли турфа гуллар парваришига бағишлаган миллионер, одамови бўлса-да ажойиб бир инсонга тегишли оранжерея[2]да содир бўлган эди.
Ўзига хос қурилмага эга бўлган ушбу иншоат кенглиги ва унга келтириб тўпланган ўсимликларнинг қимматбаҳо ноёблиги билан жаҳондаги энг машҳур оранжерияларни ҳам ортда қолдириб кетиши мумкин. Бунда турли-туман тропик ўсимликларнинг кўплаб, антиқа турларидан бошлаб, энг нозик ва инжиқ, рангпар момиқларгача худди ўз ватанидаги каби, яйраб-яшнаб ўсиб ётарди. Бир қаторда савлат тўкиб турган ҳар хил пальмалар, банан, саго ҳамда кокос каби анжирсимон бўйчан дарахтларнинг ялонғоч шохлари учидаги кенг соябон ёки улкан елпиғичларни эслатувчи япроқлари баланд иссиқхонанинг ойнали шифтигача тегиб турарди. Улардан ташқари бунда кўплаб ғаройиб обнус дарахти ва унга ўхшаш бошқа ўсимликларни ҳам учратиш мумкин. Улар орасида кўриниши қора, метиндек мустаҳкам ва унинг танасига келиб теккан ёки қўнган ҳар қандай ҳашорату қурт-қумрсқаларни шу заҳотиёқ япроқ ва гуллари билан қисиб олганча, уларни сўриб озиқланувчи йиртқич мимозалар ҳамда танасидан худди қонга ўхшаш қуюқ қизил заҳарли суюқлик томиб турувчи драценалар ҳам бор. Оранжереяда кенг айлана шаклидаги ажойиб сув ҳавзаси барпо қилинган. Унинг тип-тиниқ зилол сувининг юзасида яшил кенг япроқларининг ҳар бири бир гўдакни бемалол кўтара оладиган, мафтункор сув ўсимлиги – шоҳона Викториялар ҳам ажиб бир алпозда сузиб юради. Ушбу мафтункор оранжереяда фақат оқшом палласи гуллагувчи оппоқ ҳинд нилуфарларини ҳам талайгина. Улардан ташқари, текис девор юзаси бўйлаб басма-бас қад ростлаб турган тўқ яшил рангли хушбўй сарв дарахтлари, нозик оч пушти рангда гулларга бурканиб ётган самбитгуллар (олеандр), ҳар фаслда ям-яшил бўлиб яшнаб турувчи хушбўй мирта[3] буталари, муаттар бўйли турфа хитой дарахтлари, ажойиб манзарали қаттиқ япроқли фикуслар, жануб акацияси, дафна, апельсин ва бодом каби дарахтлар макон топган.
Ранг-баранг тахир бўйли чиннигуллар, яшнаб барқ уриб тургувчи япон хризантемалари, номозшомдан олдин гўё таъзим қилаётган каби оппоқ гулларини заминга эгиб оладиган, ўйчан наргис гуллар, қабр даҳмалари, мақбараларга безак берувчи сунбул ва шаббўйлар[4], кумуш қўнғироқчали маъсум марваридгуллар, хушбўйи билан ҳар қандай кишини сармаст айлагувчи оппоқ панкрация[5]лар, бошига худди нофармон ва қизил телпак кийиб олгандек солланиб тургувчи йирик думалоқ гулли гортензиялар, камтарин хушбўй бинафшагуллар, асли макони Ява ороли бўлган ўта муаттар оқ табаргуллар[6] ва улардан ташқари дуккаклилар оиласига мансуб жуда кўплаб турли хушбўй ўтсимон ўсимликлар, хушбўйи атиргулни эслатувчи пион гуллар кенг чаманзор бўлиб ётибди. Қадимдан рим гўзаллари қайд этганидек, терига ажиб тиниклик ва майинлик бахш этувчи ва шу боис улар севиб, ювиниш ванналарига соладиган вервеналар ва ниҳоят бир-биридан бетакрор қирмизи, жигарранг, пушти, сариқ, малла ва кўзни қамаштирувчи тиниқ кумушдек товланиб тургувчи турфа атиргуллар ҳамда бошқа минглаб қийғос очилиб ётган муаттар гулларнинг атри оранжерея ҳавосини буткул жаннатмонанд хушбўйларга тўлдириб турарди.
Улардан ташқари совуққа чидамли камелия яшил бутаси, ранг-баранг азалиялар, хитой лилиялари, Голландиядан келтирилган турфа лолалар, ёрқин рангларда жилоланиб турган улкан георгиналар ва қалин баргли астралар каби кўплаб гуллар хушбўй таратмасаларда, ўзининг бетакрор жозибаси, гўзал жилваси билан ҳар қандай кишини мафтун этарди.
Аммо, оранжереяда улардан фарқли ўлароқ на кўриниши, на хушбўй атри ва на бошқа бирор хусусияти билан деярли аҳамиятга молик бўлмаган, шунчаки эътибордан четда, ўз-ўзича тарвақайлаб ўсиб ётган бир қизиқ ўсимлик ҳам бор эди. Унинг гўё илдизидан ўсиб чиққан каби атрофи қалин тиконлар билан қопланган ингичка узун барглари ҳар томонга қараб қулоч ёйиб ётибди. Ер бўйлаб тўшалган ўнга яқин бундай баргларини у ҳеч қачон тепага кўтаришга ҳаракат ҳам қилмагандек эди гўё. Анчайин ғалати ушбу ўсимликнинг барглари кун давомида муздек, кечаси эса иссиқ бўлади. Япроқлари орасида гуллари бору йўқлигини кўриб бўлмас, аммо гул ўзаги узун тик бўлиб, тепага қараб чўзилиб турган каби ушбу ўсимликнинг номи Сабур деб аталарди.
Оранжереяда ўсаётган барча гуллар ва ўсимликлар қандайдир сирли, одамларга тушанарсиз ажиб тарзда ҳаёт кечиришар, ўзаро мулоқат қилишарди. Тўғри, уларнинг сўзлашувга забони бўлмаса-да, қайдайдир бир йўсинда бир-бирини тушунардилар. Аммо, қандай? Бу жуда қизиқ! Балки бундай алоқада улардан таралувчи турли-туман хушбўйлари хизмат қилар? Ёки гулчангини бир гул косасидан иккинчисига учириб сепувчи шамол ёрдам берармикин ва ёйин-ки, ушбу улкан иссиқхонанинг ойнали тому деворлари орқали тушаётган қуёшнинг илиқ нурлари сабабмикин? Ҳар не бўлганда ҳам, улар орасидаги бу каби мўжизавий ҳолатни тасаввур қилиш учун асалари ва чумолиларнинг бир-бирини тушунишларини кўз олдимизга келтириб кўрсак, бунга ишонмай ёки қойил қолмай иложимиз йўқ. Бундайин ажиб мулоқатлар нега энди табиатнинг энг гўзал мўжизаси бўлган, гуллар ва ўсимликлар ўртасида бўлмаслиги керак, албатта бўлади-да!
Бундан ташқари уларнинг қай бирлари ўзаро ажаб ишқ, муҳаббат, дўстлик ва меҳр ришталари билан боғланиб, янада бир-бирига яқинроқ бўлиб қолган бўлса, қай бирлари ўртасида қандайдир зиддиятлар, келишмовчиликлар ҳам пайдо бўлиб турарди. Уларнинг аксарияти эса ўзининг гўзаллиги, муаттар хушбўйи ва ҳаттоки тик қадду қомати, узун бўйи билан ҳам ўзаро рақобатга киришарди. Яна қай бирлари қадим аждодларининг келиб чиқиш тарихи билан ғурурланишарди. Баъзан, айниқса гўзал тароватли баҳор тонгларида, қуёш қир-адирлар ортидан бош кўтариб, атроф, оламга заррин нурларини чарақлаб соча бошлаган бир дамда бутун оранжерея тилла рангда товланиб, гул япроқлари ва гулғунчалар тебраниб, улар устига ёғилган олмосдек шудринг томчилари титраниб турган кезларда улар ўртасида тинимсиз шивир-шивирлар бошланиб кетар, ажиб бетакрор хушбўйли суҳбатлар авж оларди. Унда суҳбатлар асосан улар ўзлари билан олиб келган, олис-олисларда ястаниб ётган бепоён дала, даштлар, қир-адирлар ва унда таралувчи муаттар хушбўйлар тарихи, соя-салқин, намчил ўрмонлар бағрида кўрган, кечирган воқеалар, ундаги ғалати ола-була ўсимликлар, турли-туман ҳашоратлар ва албатта ўша қадрдон она тупроқ, она ватанлари соғинчи, унинг ойдин, осуда оқшомлари, тиниқ осмони, кенг дала, ўрмонларининг тоза, соф мусаффо ҳовоси тўғрисида кечарди.
Аммо бундай кезларда ҳам уларнинг барчаси бир тараф, уларга қўшила олмай, зимдан кузатиб тургувчи бахтиқаро, беўхшов Сабур дарахтининг ўзи бир тараф бўлиб, ажралиб турарди. Шунча йиллар давомида унга на бир ўсимлик ёки на бир дарахтларнинг бирортаси заррача ҳам эътибор кўрсатмади, тўғрироғи уни назар-писанд қилмади. У ҳеч қачон на бирор гул ва на бирор ўсимлик билан дилдан дўстона муносабатда бўлгани, на дардлашганини эслай олмайди. Шунча давр ўтибди-ки, уларнинг бирортаси ҳам на ишқ-муҳаббати, на илиқ эътибори билан унинг юрагини жизиллатмади, на қалбида бир чимдим меҳр уйғотолмади. Аксинча, шу пайтгача уларнинг доим уни кўрсатиб пичинг қилишлари, масхара қилиб устидан кулишлари уни буткул зада қилиб, ҳолдан тойдирган ва бу ҳолатнинг ҳеч бир ниҳояси йўқдек эди гўё. Чунки, ўзига бино қўйган бу гўзал гулларнинг ҳеч бири Сабур каби беўхшов, хуник ўсимликнинг ёнида туришини истамас, ҳеч қайсиси уни ўзига муносиб кўрмас эди. Йиллар давомида кечган бундай ҳақоратомуз муносабатлардан кўнгли ўксиб зада бўлган Сабурнинг қалбида эса буларнинг барчасига нисбаттан нафрат пайдо бўлганди. Қалбини туб-тубидан кемираётган нафрат ўти, бора-бора уни кўп қийноқларга соларди. У бечора эса чекаётган сўнгсиз азобларини ҳеч кимга сездирмасликка, барчасини ичига ютиб яшашга кўникишга ҳаракат қиларди.
Июль ойининг эрта тонгларидан бирида иссиқхонада ўта камёб ва бетакрор кашемир атиргулларидан бири очилди. Унинг ёниб турган қирмизи гулбаргларининг хиёл қайрилган жойлари қора бахмалдек товланар ва ундан ниҳоятда ёқимли, хушбўй ифор тараларди. Оранжереянинг ойнали деворлари орқали қуёшнинг илк нурлари туша бошлаганида, оқшомги енгил мудроқдан сўнг бирин-кетин уйғона бошлаган гуллар тонг чоғида очилган мўжизавий гўзал Атиргулни кўриб ҳайратланиб қолишди ва ҳар тарафдан уларнинг шивир-шивири эшитила бошлади.
– Во-о, ажабо! Бу Атиргул мунчалар чиройли бўлмаса!
– Қаранглар, қандайин хушрўй, қанчалар хушбўй!
– У жамоамизнинг энг гўзал зийнати, фахри бўлади!
– Сен бизнинг Маликамизсан!..
Ушбу мақтовларни тинглаб, яйраб, тортиниб турган қирмизи Атиргул қуёш нурларининг заррин ёғдусида янада ял-ял товланиб, турфа гуллар орасида чинданам маликага ўхшаб кетганди. Унга махлиё бўлган барча гуллар ажиб гултожларини эгиб, ўсимликлар салом тарзида эгилиб, гўё таъзим божо келтиришди.
Шу тобда эдигина уйғонган бахтиқаро Сабурнинг ҳам кўзи ногоҳ гўзал Маликага тушди-ю, ҳайратдан эc-хушидан айрилаёзди.
– О, гўзал Малика! Сен бунчалар соҳибжамолсан! – деб, юборди беихтиёр Атиргулнинг тароватидан қалби завққа тўлиб.
Унинг ҳайратидан отилиб чиққан ушбу самимий сўзларни атрофдагилар ҳам эшитишди ва бир нафасдан сўнг уларнинг барчаси ўзларини кулгидан тутолмай, унга қараб “хо-хо”лаб кулиб юборишди. Димоғдор лолалар бирин-кетин чайқалиб, “қаҳ-қаҳ” уришди. Кулгидан қадди қомати тик, кеккайган пальма дарахтларининг барглари силкина бошлади, оқ марваридгулларнинг қўнғироқчалари жаранглаб кетди. Ва ҳаттоки, камсуқум эҳтиёткор, раҳмдил бинафшагуллар ҳам ўзларини тутолмай, тўқ рангли думалоқ гулбарглари орасидан мийиғида кула бошладилар.
– Ў-ў, бадбашара! – дея, қичқирди кулгудан нафаси ичига тушиб сал кам ўлаёзган, ўзи кўтаролмаган семиз танаси таёққа боғлаб қўйилган Пион.
– Сен кимга гапираяпсан? Бундай мақтовларни айтишга сендек бир тасхаранинг қандай ҳадди сиғди? Ахир, қара, ҳаттоки, завқланиб туришинг ҳам қанчалар хуник ва ёқимсиз эканлигини наҳот ўзинг англаб етмасанг?
– Бу ким ўзи? – дея, унга қараб майин жилмайганча сўради, гулларнинг навниҳол Маликаси шу тобда, барчанинг эътиборини тортиб.
– Бу бадбашарами? – дея, баланд овозда қийқирганча, ҳақорат қилишда давом этди Пион. – Биз ҳеч қайсимиз унинг кимлигини ва қаердан келиб қолганини ҳам билмаймиз. Исми ҳам жуда ғалати, ўзига ўхшаш – Сабур.
– Мени бу ерга олиб келишганида, ҳали кичкина, нозик новдача эдим, – дея, таъкидлади баланд бўйли, эски Пальма. – У ўшанда ҳам жуда баҳайбат ва ўта хуник эди.
– Мен билганимдан бери ҳам орадан анча йиллар ўтиб кетди, у ҳеч қачон гулламаган, гуллолмайди ҳам шекилли, – дея шама қилди, баҳсни кузатиб турган оқ Самбитгул.
– Қаранглар, бунинг устига бутун танасини қўполдан-қўпол тиконлар қоплаб олган, – дея, гапга қўшилди, узоқдан қараб турган бир ўсимлик бутаси. – Аммо, ҳайронман, бу ердаги бизни парваришлаётган одамларнинг барчаси негадир биздан ҳам кўра кўпроқ унга эътибор беришади, негадир кўпроқ уни авайлашади. Шунга қараганда у балким қандайдир қимматбаҳо нимадир ҳам бўлиши мумкин, янаям билмадим.
– Бунинг сабабини мен биламан, – дея, масхара қилишда давом этди, Пионгул. – Чунки бунга ўхшаш беўхшов, бадбашара ўсимликлар жуда ҳам ноёб, юз йилда аранг бир топилиши мумкин. Шу сабаб ҳам унинг номини яна бошқача қилиб, юзйиллик, деб ҳам аташади.
Шундай қилиб, эрта тонгда бошланган бугунги суҳбат мавзуси кун ярмигача давом этди. Бу ердаги гулларнинг барчаси бечора Сабурнинг устидан беаёв масхара қилиб кулишди. У эса ҳар доимгидек муздай баргларини ерга тирагунча, миқ этмай жимгина тураверди.
Чошгоҳдан сўнг чидаб бўлмас даражада ҳаво димиқиб кетди. Шундан сўнг момақалдироқ ёки жала ёғиши сезила бошлади. Осмонда сузиб юрган кенг булутлар аста-секин қуюқлашиб, қорамтир тусга киришди. Сал ўтиб эса, нафас олиш ҳам қийин бўлиб қолди. Гулларнинг бари бирин-кетин ҳолсизланиб, нозик бошларини хам қилгунча, қимир этмай ёмғир ёғишини кутиб туришди.
Ниҳоят, худди олисдан тобора яқинлашиб келаётган йиртқич махлуқ қийқириғига ўхшаш гумбурлаб момақалдироқ овози эшитилди. Бир пасдан сўнг боғбонлар ҳар доимгидек жала ёғишидан олдин кечадиган бўғиқ сукунат пайтида тезкорлик билан иссиқхонанинг ойнали томини ёпиб қўйядиган оғир тахталар устидан шатирлаб ёмғир қуя бошлади. Бир зумда оранжереяни худди тун каби қоронғулик қоплаб олди.
Айни шу тобда ногаҳон, эрта тонгда очилган Атиргулнинг ёнида кимнингдир сокин, дардли хониши эшитила бошлади.
– Эй, гуллар Маликаси, бир дам сўзларимга қулоқ сол. Бу мен, ўша бахтиқаро, омадсиз Сабурман. Тонг чоғида сенинг гўзал ҳусну жамолингни кўриб, ақлу хушимдан айрилдим. Сен эса менинг забун ҳолимни кўргач, ажиб жилва қилдинг. Мен каби қалби доғли бир ғарибнинг чиройинг олдида ҳайрат ичра донг қотган сармаст ҳолати ғунча лабларинг узра ёйилган майин табассумга сабаб бўлди. Сенга бўлган ишқим, шайдолигим, қалбимни ўртаётган ҳис-ҳаяжонлар ҳамда айни дамда ташқарида шаррос қуяётган ёмғир туфайли чўккан қоронғулик мени янада дадил бўлишга, қўрқмасликка ундаяпти. Эй, гўзаллар гўзали, мен сени севиб қолдим. Ўтинаман, муҳаббатимни рад этма!
Бу сўзларни эшитган Атиргул димиққан ҳаво, қоронғулик, ҳамда ташқаридаги моақалдироқ даҳшати ичра унга ҳеч бир жавоб қайтара олмади.
– Эй, соҳибжамол, сўзларимга қулоқ сол. Тўғри, менинг кўринишим жуда қўпол, тиконли баргларим хуник бўлиши мумкин. Аммо шу тобда мен сенга ажиб бир сиримни ошкор қилмоқчиман. Американинг олис, қўл етмас қалин ўрмонлари бағрида улкан минг йиллик дарахтлар танасига лианалар деб аталувчи чирмовуқлар чирмашиб ётган, табиати бетакрор гўзал жойлар бор. Ҳали бирорта ҳам одам оёғи етмаган ўша сўлим масканлар менинг асл ватаним бўлади. Мен эса юз йилда бир марта атиги уч соатгина вақт давомида гуллайман ва шу лаҳзаларда ҳалок бўламан. Менинг илдизимдан эса яна юз йилдан сўнг гулллаб ва ўша соатларда дунёдан кўз юмгувчи янги новда ўсиб чиқади. Мен айни дамда бутун вужудим билан бир неча дақиқалардан сўнг ана шундай гуллашимни ҳис қилиб турибман. Эй гўзал! Сендан ўтинаман, бугунги ёруғ дунё билан видолашув чоғимда мени ёлғизлатиб қўйма, мендан юз ўгирма. Ишон, ҳаётим давомида айни сенинг қаршингдаги каби ажиб ҳолатга тушмаганман. Мен сени севиб қолдим! Ва бугун мен қалбимда олов олаётган сенинг муҳаббатинг учун гуллайман ва сенинг ишқинг билан бу ёруғ оламдан кўз юмаман!
Аммо унинг бу сўзларини тинглаб турган Атиргул бошини хам қилгунича, яна ҳеч бир жавоб айтмади.
– Ягонам, омонатим, Атиргулим! Тингла, умримнинг поёнидаги сўнгги, энг қадрли, бетакрор бахтли онларимни ёлғиз сенга бағишлайман. Ишқ ҳаққи, муҳаббат ҳаққи сени ва ҳаётни қучиб қоламан. Аммо, наҳотки сенинг шоҳона мағрурлигинг олдида ошиқона дил сўзларим, умримнинг энг ғанимат, энг азиз сирли куйлари ичра кечаётган шу ҳолатим, иқрорим камлик қилса? Ахир, эрта тонгда қуёшнинг илк нурлари пайдо бўла бошлагач…
Шу пайт ташқаридаги момақалдироқ шу қадар даҳшатли гумбурлади-ки, Сабур сўзлашдан тўхташга мажбур бўлди. Тонг олди жала тингач, оранжереяни гўёки худди қуролдан отилган ўқ каби баланд овозда “қарс-қурс”лар жаранги тутиб кетди.
– Сабур дарахти гуллаяпти! – дея, завқ билан икки ҳафтадан бери ушбу мўжизани интизорлик билан кутаётган бош боғбон оранжерея эгасини уйғотиш учун югуриб кетди.
Ойнали деворлардан тахталар олиб ташланди. Барча одамлар Сабур дарахтининг атрофида жам бўлиб тўпланишди. Гуллар, ўсимликлар ҳам бошларини унга қараб буриб ҳаяжон ва қўрқув ичра кузатиб турдилар.
Сабур дарахтининг узун яшил танаси учида бир тўп мисли кўрилмаган даражада гўзал оппоқ гуллар очила бошлади. Атрофга ажойиб, бетакрор, жуда ёқимли, ҳар қандай махлуқотни сармаст қилгучи муаттар бўй таралиб, бир пасда бутун оранжерея ҳавосини буткул чулғаб олди. Ушбу оранжерея барпо бўлганидан бери бу жойда бу қадар зебо, бу қадар сирли хушбўй таралмаганди. Орадан ярим саот чамаси вақт ўта бошлагач, унинг оппоқ гуллари ажиб афсонавий тарзда аста-секин пушти рангга кира бошлади, сўнгра хиёл қизариб, тўқ қизил рангга ва кейинроқ эса қарийиб қора тусга айланди.
Эрта тонгда қуёшнинг илк нурлари таралган маҳалда Сабур гуллари бирин-кетин сўла бошлади. Ундан сўнг ўшал хуник тиконли барглари ҳам қурий бошлади. Ва ниҳоят, барчани лол қолдириб, яна юз йилдан сўнг қайта гуллаш учун ушбу ноёб гулнинг умри хазон бўлди.
Гуллар Маликасининг эса муаттар бўйли, мағрур боши эгилди.
Русчадан Дилором Адбураҳмон қизи таржимаси
[1] Сабу́р (араб. صبر “сабр”) – Алоэ (Aloe), узоқ вақт сувсизликка чидамли бўлгани учун сабр тимсоли сифатида қўлланилади.
[2]Оранжерея – ўсимликларни ўстириш учун қурилган сунъий экосистема.
[3] Мирта – доим яшил рангда турувчи, гуллари оқ хушбўй бута. У гўзаллик, ёшлик ва саломатлик тимсоли.
[4] Шаббўй – хушбўй гулли декоратив ўсимлик.
[5] Панкрация – гуллайдиган яшил пиёзли ўсимлик.
[6] Табаргул – чучмомагуллар оиласига мансуб кўпйиллик пиёзли ўтсимон ўсимлик.