Қадим қадимдан халқимиз соғлом авлод тарбиясига алоҳида эътибор берган. Халқ достонлари. эртаклари, афсонаю қўшиқлари ва алломаларнинг асарларида гўзал сиймоли хушсуврат йигит-қизлар меҳр – муҳаббат билан таърифу тавсифланиши ҳам буни тасдиқлайди.
Маcалан, ҳаммамизга мактаб дарсликларидан таниш Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг жасоратини, Ватан ишига камарбаста матонатини ёки Ширин ва унинг ўн нафар канизагининг таърифу тавсифини бир эсланг.
Дилорому Дилоро-ю Дилосо
Гуландаму Суманбўю Сумансо
Паричеҳру, Паризоду Париваш
Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.
Алламо ўн канизагининг ҳар бирида орзу ҳавас қилгудек фазилатлар борлигини ва уларнинг бари Фарҳоду Ширинда мужассамлашганини фахр билан куйлайди. Ҳар бири битта йўналиш-тарих, физика, математика, мантиқ, астрономия, ҳуқуқшунослик каби илмларнинг етук соҳибалари бўлмиш канизаклар Фарҳодни саволга тутадилар. Фарҳод ҳозиржавоблик билан камолат соҳиби эканлигини намоён этади. Ҳазрат Алишер Навоий наздидаги бўлажак оналар шу қизлар тимсолида мужассамлашган. Соғлом фикрловчи ҳам жисмоний ҳам маънан гўзал фарзандлар ана шундай етук илмли, комил инсонлардан бино бўлишлигини аллома шоиримиз орзу қилган бўлса ажаб эмас. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади. Лекин бу орзуни умуммиллий вазифага айлантириш, уни тўла руёбга чиқариш имконияти фақат Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин вужудга келди. Халқимизнинг асрий орзулари ушалди.
Истеъдодли қизларга Зулфия номидаги мукофотнинг берилаётганлиги, илму фан ва спорт билан шуғулланаётган салоҳиятли срвриндор ёшларга мукофотлар бериб, руҳлантирилаётганлиги, магистраиурада ўқиётган қизларнинг ўқув шартномаси мабла0и давлат томонидан қопланиб, рағбатлантирилаётганлиги комил инсон тарбиялаш йўлидаги қадамлардир.
Мустақиллик йилларида “Соғлом она-соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди. Хусусан замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диогностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғруқхоналар барпо этилди. Мамлакатимизда халқимизнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист