«Миллий тикланиш» демократик партияси Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан ёш авлод ўртасида она тилига бўлган ҳурмат ва эътиборни кучайтириш, миллий тил миллатнинг руҳи эканлигини етишиб келаётган ёш авлод онгига сингдириш мақсадида «Ўзбек тилига давлат тили мақоми» берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Термиз давлат университетининг “Иқтисодиёт ва туризм” факультетида Октябрь — «Ўзбек тили ва адабиёти ойлиги» доирасида «Тилга эътибор – элга эътибор» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирда олийгоҳнинг “Иқтисодиёт ва туризм” факультети “Молия ва молиявий технологиялар” йўналиши ўқитувчи ва талабалари, «Миллий тикланиш» демократик партияси Сурхондарё вилояти Кенгаши ходимлари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифалари ҳамда истиқболдаги мақсадлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 21-октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Маҳбуба РЎЗИЕВА, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси